вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
1992 йилнинг бошида Навоий вилояти қайта ташкил этилди. Шундан буён вилоятнинг республикамиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши йўлида улкан тарихий ишлар амалга оширилди.
Бугунга келиб, Навоий вилояти ҳар томонлама ривожланган, обод ҳудудга айланди. Навоий вилояти мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят бўлиб, Қорақалпоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг умумий ҳудуди 110,99 минг кв. кмни ташкил этади. Вилоят ўзига хос табиий шароитига кўра йирик уч қисмга бўлинади: вилоятнинг шимоли-ғарбий қисмини бағрида не-не сир-синоатларни яшириб ётган Қизилқум чўли эгаллаган. Жануби-шарқий қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ, Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган. Вилоят шимолдан ва шимоли-шарқдан Қозоғистон республикаси ҳудуди билан, жануби-шарқдан мамлакатимизнинг Жиззах, Самарқанд, жанубдан Қашқадарё,жануби-ғарбдан эса Бухоро вилоятлари билан чегарадошдир.
Навоий вилояти заминида шифобахш, шўр ва ер ости чучук сув захиралари аниқланган бўлиб, Томдибулоқ, Қарақота, Чингилди атрофларидан топилган сувлардан халқ саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда хўжалик юмушларида унумли фойдаланилмоқда. Вилоятнинг асосий сув манбаи Зарафшон дарёси ҳисобланади. Ҳудудда деҳқончилик майдонлари Аму-Бухоро машина каналининг Навоий, Ўртачўл, Аму, Сумбул, Майна тармоқлари ҳамда Зарафшондан сув оладиган Конимех, Тос, Шовот, Човли, ўнг ва чап қирғоқ, Навкар каналлари орқали сув билан таъминланади. Шунингдек, Қуйимозор, Тўдакўл сув омборларида куз-қишмавсумида керакли сув захиралари ҳосил қилинади.
Вилоятнинг шимоли ва ғарбида кўчма қум барханлари, гилли чўл зоналари ястаниб ётади. Мазкур кенгликлар, айниқса, баҳор ойларида турфа табиий гиёҳлар, ўт-ўланлар, ранг-баранг ўсимликлар билан безанади. Астрагал, шувоқ, шўра, исириқ, қамиш, зарпечак, саксовул, юлғун ва бошқа ўнлаб номдаги чўл буталари гўё жонсиздек туюладиган бепоён заминга беқиёс чирой бахш этади. Бу ерларда йил — ўн икки ой чорва боқилади. Қандим, черкез, сингрен, оқпечак, селин, эфемер ва бошқа ўтлар чорва моллари учун тўйимли озуқадир. Навоий чўллари, дашту далалари, тоғу тошлари минг турлиҳайвонот-ҳашоратларга она бағирлик қилади. бу вилоятда республикамизнинг бошқа жойларида кам учрайдиган ёхуд умуман кўзга ташланмайдиган ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар, сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар оиласига мансуб турфа хил жониворлар сақланиб қолган. масалан, Бўкантовда ва Мингбулоқ ботиғида қобон, бўри, чиябўри, тулки, узун думли мушук, чўл мушуги каби ноёб ҳайвонлар эмин-эркин урчиб-кўпайиб бораётган бўлса, чўл ва дашт зоналарида малла юмронқозиқ, суғур, сассиқкўзан, жайра, калтакесак, турфа хил илонлар, тошбақалар ҳар қадамда учрайди. Бу эрда қушларнинг ҳам тувалоқ, қорабовур, олабовур, қирғовул сингари ўнлаб ноёб турлари табиий шароитда сақланиб қолган. Юртбошимиз минтақанинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва мавқеига қуйидагича юксак баҳо беради: «Навоий вилояти деганда, бу гўзал воҳанинг бетакрор табиати, чексиз чўл ва далалар, бепоён яйловлар билан бирга, улкан саноат минтақаси кўз ўнгимизда намоён бўлади».
Дастлабки маълумотларга кўра, 2022-йил 1-январ ҳолатига вилоятда доимий аҳоли сони 1 033,9 минг кишини ташкил этди ва йил бошидан 20 238 кишига ёки 2,0 фоизга кўпайди. Навоий вилояти таркибида 8 та тумани мавжуд бўлиб, улар — Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Учқудуқ, Томди туманлари ҳисобланади. Улардан ташқари вилоятда 3 та йирик шаҳар — Навоий, Зарафшон, Ғозғон шаҳарлари.
Навоий мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутадиган вилоятлардан бири ҳисобланади. Бу, аввало, вилоятда ер ости ва ер усти табиий бойликларининг ниҳоятда мўллиги, бу бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлаш учун замонавий талабларга жавоб берадиган йирик саноат корхоналарининг мавжудлиги, энг асосийси эса, мана шу корхоналарда бир қарашда оддий тупроқ ва тошдан турли қимматбаҳо маъданларни ажратиб олишдек мураккаб ҳамда машаққатли ишларни амалга ошира оладиган фидойи инсонлар бу ўлкада яшаши билан изоҳланади.
Вилоят маркази мамлакатимизнинг энг сўлим ва озода, тартибли ва меҳмондўст гўшаларидан бири Навоий шаҳридир. Буюк мутафаккир бобомизнинг қутлуғ номи берилган бу гўзал шаҳар 2008 йилда ўзининг ярим асрлик тўйини кенг миқёсда нишонлади.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а