Диққатга сазовор жойлар

Навоий вилояти маданий объектлар рўйхати: кўчириб олиш

РАБОТИ МАЛИК САРДОБАСИ (XIV.)

Работи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи — диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини маккадаги лазиз замзам сувига қиёслайди. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган. 

Карвонсарой ўзининг дастлабки вазифаси эътибори билан XVIII асргача хизмат қилиб келган. унда амир темур ва унинг авлодлари, бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи абрўнинг маълумотига кўра, Улуғбек 1420 йилда ушбу минтақаларда тўхтаб, қирқ кун ов қилган. XIX аср — XX асрнинг бошларида бу ерда работ номи билан маълум умри қисқагина бўлган қишлоқ ҳам шаклланган.

ДЕГГАРОН МАЖМУАСИ (XIV)

 

Кармана шаҳрининг 30 км ғарбидаги ҳазора қишлоғининг ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимги масжидлардан бири — Деггарон масжиди жойлашган. Унинг қурилиш даври XI аср бошларидан нарига ўтмайди. Бу бино Зарафшоннинг сўл қирғоғида, эндиликда вайрон бўлган, лекин илгари яхши мустаҳкамланиб қурилган қадимий кичик бир қишлоқ ҳудудида жойлашган. қишлоқнинг ҳам, масжиднинг ҳам номи бу ерда яшаган, аҳолининг асосий машғулоти — ўтга чидамли қозон тайёрлашдан олинган. 

Шуниси эътиборлики, Хожагон Сулукининг машҳур суфийларидан бири бўлмиш Шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313–1376) шу қишлоқда туғилган ва шу ерда дафн этилган. Бу зот Нақшбандия тариқатидаги Хожагон Сулукининг буюк намояндаси бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанднинг устозларидан бири ҳисобланади. 

Кейинроқ, ХVII асрда Деггарон қишлоғи масжиддан бир оз нарида жойлашган Ҳазора қалъасига айланган. Масжид турли техника усулида қурилган: ташқи юзаси, устунлари ва пойдеворининг бир қисми — пишиқ ғиштдан, деворлари хом ғишт ва пахсадан иборат. гумбазларининг ички қисми равоқлардан, деворга тегиб турган ёки алоҳида қад кўтарган устунлар ғиштдан бино қилинган. Марказий гумбазни кўтариб турган тўрт равоқ ғишт ва ганждан себарга шаклидаги ўзига хос безаклар билан безатилган. марказий гумбаз атрофидаги саккизта кичик гумбаз «балхи» услубидаги кичик равоқлар орқали масжиднинг ташқи деворлари ва ички устунларига таянган ҳолда қурилган. Бу жой ҳозирда қайта таъмирланиб, мажмуада музей фаолият кўрсатмоқда. 

РАБОТИ МАЛИК

Кармана — Бухоро йўлида — бугунда қайта тикланган қадимий карвон йўли бўйида Работи Малик (Шоҳ Работи) карвонсаройи жойлашган. У XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим (1068–1080 й.) томонидан қурилган бўлиб, XII асрнинг биринчи чорагида яна шу Қорахонийлардан бўлмиш арслонхон муҳаммад ибн сулаймон (1102–1130 й.) томонидан таъмирланган.  Археологик тадқиқотлар пайтида (XX асрнинг 70-йиллари ва шу асрнинг охири — XXI аср бошлари) бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланди. У 100×100 м майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.

ЗАРГАРЛИК

Зарафшон заргарлари ясаган зеб-зийнатлар хорижлик нозиктаъб харидорлар, қилни қирқ ёрувчи заршуносларга ҳам мақбулу манзур. Зотан, бу — узоқ ўтмиш давомида жамланган энг сара тажрибалар ва замонавий технологиялар маҳсули. Узук, билагузук, сирға, занжир… Алқисса, Навоийкон-металлургия комбинатининг Зарафшон заргарлик заводида ишлаб чиқарилаётган мингга яқин турдаги зеб-зийнатларнинг бозори чаққон. Нафис буюмлар ижодкорларига берилган халқаро мукофотларнинг эса саноғига етиш қийин. Фусункор жавоҳирларни томоша қилиб, гўзаллик тушунчасига таъриф топгандек бўласиз, инсон ва табиат уйғунлигини ҳис қиласиз.