вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
НАВОИЙ ВИЛОЯТИ — Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1982 йил 20 апрелда Бухоро ва қисман Самарқанд вилоятлари ҳудудларидан ташкил этилган. 1988 йилда маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, 1992 йил бошида қайта тикланди. Шимол ва шимолий-шарқдан Қозоғистон, жанубий шарқдан Жиззах, Самарқанд, жанубдан Қашкадарё, жанубий-ғарбдан Бухоро вилоятлари билан чегарадош. Майдони 111,0 минг км2.
Табиати. Навоий вилоятининг ҳудуди табиий шароитига кўра, 3 қисмга бўлинади: вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмини Қизилқум чўли эгаллаган — бу ерда берк ботиқлар (Карақота, Мўлали, Мингбулок), эол қумли текисликлар ва қолдик тоғлар (Овминзатоғ, Етимтоғ, Бўкантов, Томдитов ва ҳ. к.) бор; жанубий - шарқий қисмини Нурота тоғ тизмаларининг ғарбий қисми паст ва ўртача баландликлардаги тоғлар (Қоратоғ, Октоғ ва б.) ҳамда тоғлараро ботиқлар (Нурота ботиғи ва б.) эгаллаган; Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг пахтачилик зонаси ўрнашган. Навоий вилоятидаги тоғлар, асосан, силур, девон, тошкўмир, бур, палеоген, неоген даврлари жинсларидан тузилган. Текислик ва қумликлар тўртламчи геологик даврдаги комплекс табиий омиллар таъсирида ўзгарган. Мурунтовда олтин, Овминзатоғ шимолда графит топилган. Вилоятда вольфрам, фосфоритлар, кварц қуми, цемент,оҳактошнинг захиралари мавжуд.
Навоий вилоятида минерал шифобахш, шўр ва ер ости чуқур сув захиралари аниқланган. Чунончи, Томдибулок, Қарақота, Чингилди атрофларидан топилган сувлардан хўжаликда кенг фойдаланилмоқда. Вилоят сейсмик жиҳатдан 7 балли зилзила зонасига киради. Қизилкум чўли туфайли иқлими кескин континентал чўл иқлими: ёзи узоқ, қуруқ. иссик, июлда ўртача температура 27,2—29,6°, кумда офтобда температура 60—70° гача кўтарилади. Январда ўртача ҳарорат — 1,9° дан —0,6° гача. Чўл ва яйловларда, воҳаларда иқлим ўртача. Ёғин, асосан, баҳор ва қишда ёғади. Йиллик ёғин 125— 282 мм. Вегетация даври 177—212 кун. Навоийнинг асосий сув манбаи — Зарафшон дарёси. Зарафшондан Конимех канали чиқарилган. Навоий вилоятини сув билан таъминлашда Қуйимозор, Тўдакўл сув омборлари, Конимех каналининг аҳамияти катта. Вилоятнинг шимолий ва ғарбий катта қисми кўчма қум барханлари, унда-бунда учрайдиган гилли чўллардан иборат. Астрагал, шувок, шўра, исириқ, қамиш, зарпечак, саксовул, юлғун, ва бошқа чўл ўсимликлари ўсади. Чўл тупроқларида чиринди кам, оҳак, гипс, эрувчи тузлар кўп. Чўл ўсимликлари, айниқса, шўра, шувоқ кабилар қоракўл қўйлари ва бошқа моллар учун озуқа бўлади. Букантовда ва Мингбулоқ ботиғида қобон, бўри, чиябўри, тулки, узун думли мушук, чўл мушуги, бошқа ерларда малла юмронқозиқ, каламуш, сичқон, суғур, сассиқкўзан, жайрон, калтакесак, турли хил илонлар, тошбақа, қушлардан тувалоқ, қорабовур, олабовур, қирғовуллар, қарға, ҳакка, мусича, чумчуқ учрайди.
Қизилқум чўлида пастак кўҳна тоғлар, Мингбулоқ ботиғи, шунингдек, Қарақота ҳавзаси, шўрхок текисликлар ва пастликлар, қатор қум тепалари алоҳида манзара кашф этган. Яйловларда чорва боқилади. Саксовул, қандим, черкез, сингрен, оқпечак, селин, эфемер ва шўралар чорва моллари учун озуқа.
Аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар (63,3%) ташкил этади. Шунингдек, рус (13,5%), қозоқ (11,5%), татар (2,6%), украин (1,4%), қорақалпоқ (1,4%), тожик (1,3%), озарбайжон (0,9%), белорус (0,2%) ва б. миллат вакиллари яшайди. 1 км2 га ўртача 7 киши тўғри келади. (2003).
Хўжалиги. Саноатининг етакчи тармоқлари энергетика, кончилик (олтин ва бошқа металлар қазиб олиш), металлургия, кимё, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати корхоналаридан иборат. Йирик корхоналари: Навоий кон-металлургия комбинати, Навоий иссиқлик электр станцияси, «Навоийазот» АЖ, «Қизилқумцемент», «Электркимё», «Нуротамармар» корхоналари, маҳаллий саноат концерни самарали фаолият кўрсатяпти.
Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг аксари қисмини пахта толаси, аммиак селитраси, кимёвий тола, сульфат аммоний, ортоаминофенол ташкил қилади. Четдан халқ истеъмоли моллари, кальций карбид, каустик сода, тиомочевина, тикув ускуналари, тиббий техника, юк ва енгил автомобиллар, автобуслар ва уларга эҳтиёт қисмлар, хўжалик ускуналари келтирилади.
Вилоятда 2021-йилнинг январ-декабр ойлари давомида жами экспорт 174 та корхона ва ташкилотлар томонидан 287 турдаги товар ва маҳсулотларни 38 та мамлакатга экспорт қилди. Яни экспорт 508,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Энг кўп Канада, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Литва, Франция, Афғонистон, Қирғиз Республикаси, Цингапур, Покистон, Тожикистон, Украина, Эрон Ислом Республикаси, БАА, Беларус Республикаси, Полша, АҚШ, Ветнам ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинган.
Жумладан, вилоятда 2021-йилнинг январ-декабр ойларида жами импорт билан 486 та корхона ва ташкилотлар томонидан 1 655 турдаги товар ва маҳсулотлар 66 та мамлакатдан импорт қилинди. Яʻни импорт 657,6 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Энг кўп Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Қозоғистон, Литва, Туркия, Чехия Республикаси, Корея Республикаси, Япония, Украина, Германия, Эрон Ислом Республикаси, Италия, Канада, Беларус Республикаси, Эстония, Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа давлатлардан импорт қилинган.
Вилоят резидентларининг ташқи савдо операциялари асосан, жами товар айланмасида Европа (33,4 фоизи), Осиё (41,4 фоизи), Америка (25,2 фоизи) қитъалари билан амалга оширилган.
Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари — пахтачилик, ғаллачилик; шунингдек, боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик, пиллачилик, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш билан ҳам шуғулланилади.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а