вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
Савол: Номимдаги уй-жойимни васият қилиб қолдирмоқчиман. Лекин, васият қилиб қолдирмоқчи бўлган уй-жойимнинг кадастр ҳужжатлари эски бўлиб, уй-жойнинг менга тегишли эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Шу ҳолатда ҳам ушбу уй-жойимни васиятнома қилиб қолдиришим мумкинми?
Жавоб: Сиз ўзингиз ҳохлаган нотариусга шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан васиятномани расмийлаштириш учун мурожаат килишингиз мумкин, нотариус васият қилаётган мулкингизни кадастр ҳужжатларини талаб қилмайди
Савол: Бинони гаровга қўйиб, кредит олгандим, уни тўлаб бўлдим. Энди гаровдан чиқариш харажати қанча?
Жавоб: 2020 йил 6 январдаги Давлат божи тўғрисидаги конунга асосан гаровга куйилган мулни тақиқдан чиқариш давлат божидан озод этилган.
Савол: Ҳозирда ўзим чет давлатда, хизмат сафаридаман. Ўзбекистонга ҳали қайтиб бора олмайман. Ўзимга тегишли ойлик иш ҳақимни турмуш ўртоғим олиши учун ишончнома юборишим кераклигини айтишяпти. Ишончномани қаердан олсам бўлади?
Жавоб: Ишончномани сиз яшаб турган чет давлатдаги консул ёки ўша давлатдаги нотариус орқали ҳам расмийлаштиришингиз мумкин.
Саволларга Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Камола Хамидова жавоб берди. 10.10.2023
Савол:
Фарзандим жорий йилда НДПИга тўлов кантракт асосида ўқишга қабул қилинган. Шартномада кўрсатилган суммани тўладик. "Контракт"дан 12% даромад солиғини қайтариб олиш бўйича маълумот берсангиз? (Мурожаатчи Мадина Баратова, Кармана тумани) 15.09.2023
Жавоб:
"Контракт"дан 12% даромад солиғини қайтариб олиш бўйича видеоқўлланма https://t.me/navoiuz_official/63376
Савол:
Aгар тасдиқланган бирор шартнома йўқолиб қолган тақдирда фуқаро қандай йўл тутиши керак. Умуман олганда нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларидан кўчирмаларни бериш тартиби ҳақида гапириб ўтсангиз?
Жавоб:
Нотариуслар жисмоний ёки юридик шахсларга уларнинг ёзма аризасига мувофиқ ҳамда суд, прокуратура, тергов органларининг қарор ёки ажрим шаклида ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган талабномаларига асосан рейстрлардан кўчирмалар (суд, прокуратура, тергов органларига рейстрдан кўчирманинг нусхаси) беради.
Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари нотариал идоранинг йиғмажилдларида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёки улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.
Савол:
Кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш тартибига киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
Жавоб:
Эндиликда кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш бўйича битимни нотариал тасдиқлаш учун керак ҳужжатлар - кўчмас мулкнинг кадастр паспорти (илгари кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди);
агар кўчмас мулкнинг қурилиши тугалланмаган бўлса — ер участкасига ҳамда қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рестиридан кўчирма (илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) тақдим этилади.
Шунингдек, киритилган қўшимчага мувофиқ юридик шахсларнинг кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг ўз хоҳишига кўра амалга оширилади ҳамда мажбурий тусга ега эмас.
Қурилиши (реконструксияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига қуйидагича ўзгартириш киритилди.
Яъни, эндиликда қурилиш органи ҳамда ваколатли ташкилотлар томонидан келишилган далолатнома келиб тушиши билан бир кунлик муддатда давлат кадастр корхонаси филиали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда ҚР-кодли далолатнома ва кадастрдан кўчирмани Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.
Давлат хизматлари маркази уларни ариза берувчига бир соат ичида қоғоз ёки электрон кўринишда етказиши шарт. Бунда ҚР-кодли електрон ҳужжатлар асли билан бир хил кучга эга
Савол:
Танишим уйини сотмоқчи эди. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун нотариусга борганида, уй таъқиқда эканлигини айтишди. Қонунчиликда кўчмас мулкга таъқиқ қўйиш тартиби ҳақида тушунтириб берсангиз.
Жавоб:
Қонун хужжатларида белгиланган ҳолларда, шунингдек, банклар ҳамда бошқа кредит ва тегишли ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга уй, квартира, уй ёки квартиранинг бир қисми ва бошқа кўчмас мулк сотиб олиш ёки қайта таъмирлаш ва бошқа мақсадларда берилган қарзларнинг қайтарилишини таъминлаш учун кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаров шартномаларини тасдиқлаш вақтида мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги давлат нотариуси кўчмас мулкка нисбатан таъқиқ қўяди ва бу ҳақида “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасига хабарнома юборади.
Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга нотариус томонидан таъқиқ қўйилгани ҳақида белги қўйилади ва таъқиқлар ҳисобини олиб борилиши белгиланган давлат нотариал идорасига маълумот юборилади.
Мол-мулкка таъқиқ қўйиш қуйидаги ташкилот ёки органлар томонидан амалга оширилади:
- суд тергов, прокуратура органлари,
- суд ижрочилари,
- давлат нотариал идораси нотариуслари.
Саволга Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Камола Хамидова жавоб берди.
Савол: Мен яқинда Навоий шаҳрига кўчиб келдим, хусусий хонадонларда ижарада тураман.Ҳали рўйхатга қўйилмадим. Давлат ташкилотига мутахассислигим бўйича ишга жойлашмоқчи бўлганимда Кадрлар бўлимидан Навоий шаҳрида рўйхатда турмаганлигимни рўкач қилиб, рад этишди. Уларниннг эътирози асослими?
Мурожаатчи: Р. Хидоев, Навбаҳор тумани.
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига мувофиқ ишга кираётган шахс тегишли ҳудудда вақтинча ёки доимий рўйхатда бўлмаса, ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра, ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга ҳуқуқшунос Н. НОРМАТОВА жавоб берди.
Савол: Баъзан фуқаролик паспортини маълум бир манфаатдорлик эвазига гаровга бераётган шахсларни кўриб қоламан. Айтингчи, фуқаролик паспортини гаровга бериш ёки уни гаровга олиб қўйиш қонунан мумкинми?
Мурожаатчи: Ю. Пардаев, Навоий шаҳри.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги Низом талабига кўра, фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва уларнинг қонуний вакиллари паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини эҳтиётлаб сақлаши керак.
Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиб қўйиш (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек гаровга топшириш ва бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра, фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга ҳуқуқшунос Н. НОРМАТОВА жавоб берди.
Савол: Ишга кириш давридаги тиббий кўрик пуллими? Уни ким тўлайди?
Ҳ. Худойқулов, Навой шаҳри.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Саволга вилоят меҳнатни муҳофаза қилиш ва
меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекцияси бошлиғи
Ф. БОЛИЕВ жавоб берди.
Савол: Иш берувчининг топшириғига кўра амалга оширилаётган иш жараёнида ёлланма ишчи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса қандай ва ким томонидан текширилади?
Мурожаатчи: Т. Рўзимуродов, Кармана тумани.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасига кўра ишга қабул қилиш қуқуқига эга мансабдор шахс ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса ва бу расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъий назар иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланиши белгиланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ тузилган комиссия томонидан текширилади ва корхона томонидан ҳисобга олинади.
Саволга вилоят меҳнатни муҳофаза қилиш ва
меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекцияси бошлиғи
Ф. БОЛИЕВ жавоб берди.