Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий — ҳудуди жиҳатидан мамлакатимизнинг энг йирик вилояти. Бироқ бу ерда яшовчи аҳоли сони нисбатан кам. Шу боис истиқомат манзиллари анча тарқоқ жойлашган. Бу эса одамларни сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишда қатор қийинчиликларни туғдириши табиий. Демак, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш — Навоий вилояти шароитида ўта муҳим эҳтиёж.  

Давлатимиз эса бугун малакали тиббий ёрдам нафақат олис ва чекка қишлоқлар, балки ҳар бир хонадонга кириб бориши учун барча зарур чораларни кўрмоқда.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уч ойдирки, ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари айни шу эзгу мақсад рўёбига хизмат қиляпти. Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятларидан сўнг вазирлик марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари — 150 нафардан ортиқ етакчи мутахассислардан иборат тиббиёт карвони Навоийда.  

Таҳлилларга кўра, айни пайтда ҳудуд аҳолисининг 18,1 фоизи сурункали касалликлар билан диспансер назоратида туради. Бу кўрсаткич 2021 йилда 19 фоиз, 2020 йилдаги 19,3 фоизни ташкил этган.  

Тўғри, бу борада йил сайин пасайиш динамикаси қайд этилаётгани ижобий ҳолат. Аммо гап инсон ҳаёти, саломатлиги ва тақдири ҳақида кетар экан, эришилган натижалар билан асло кифояланиб бўлмайди.  

Бунинг учун, биринчи навбатда, жойларда касалликлар балансини шакллантириб, ҳар бир беморга манзилли, тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш зарур. 

Шундан келиб чиқиб, акция давомида бундай муаммоларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликлар бўйича ҳудудлар кесимида беморлар рўйхатини шакллантириш мақсад қилинган. 

Навбатдаги босқичда хасталикка чалинганлар оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти. 

Эътиборлиси, бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларининг аксарияти Тошкентдан келган етакчи шифокорлар иштирокида, вилоятнинг ўзида ўтказилаётгани беморлар узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. 

Хусусан, Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий филиалида бир куннинг ўзида 10 нафарга яқин кишида шундай юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. 

Кам инвазив усулда амалга оширилган ва саноқли дақиқалар ичида беморларни узоқ йиллик дардидан халос этган бу каби илғор операцияларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан ташриф буюрган етакчи шифокорлар бошчилик қилди.  

Айни пайтда тиббий гуруҳ томонидан жойларда “хонадонбай” "маҳаллабай" тамойили асосида ўрганишлар олиб борилиб, мустақил юришга қийналадиган, тўшакка михланиб қолган оғир беморларга малакали тиббий ёрдам ҳам кўрсатиляпти.  

Кўрилганлар сони: 1517