Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Барқарор иқтисодиёт – барқарор бюджет даромадлари гарови. 2021 йилда Навоий вилоятининг барча тармоқ ва соҳаларида ҳудудий ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш режаларининг ортиғи билан бажарилиши маҳаллий бюджет даромадлари прогнозининг 121,2 фоизга ошишини таъминлади. Натижада вилоят маҳаллий бюджет харажатлари 2405,3 млрд. сўм ўрнига 2629,4 млрд. сўмни ташкил этиб, унда халқ таълими, соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва марказлашган инвестицияларни молиялаштириш етакчи улушга эга бўлди.

Навоий вилоят молия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу маълумотлар журналист ва блогерлар учун тақдим этилар экан, бюджетнинг асосий даромад базаси солиқ соҳасида бир қатор енгилликлар қўлланиши, солиқ ставкаларининг камайишига қарамасдан, жорий йилда 2021 йилга нисбатан маҳаллий бюджет даромадлари 142,3 фоизга ўсиши прогноз қилинаётгани таъкидланди.

— Давлатимиз раҳбари даъватлари асосида ташаббусли бюджет жараёнлари янада кенгайтирилиб, фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни танлаб олишнинг янги механизми жорий қилингани эътиборли жиҳатдир, — дейди Навоий вилояти молия бошқармаси бошлиғи Дилшод Очилов. — Шу асосда 2022 йилда туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан фуқаролар ташаббуси жамғармасига 60,4 (ўтган йили 26,6) миллиард сўм ажратилди. Бу маблағ «Очиқ бюджет» порталига 1652 нафар фуқаро томонидан келиб тушган таклифлар асосида ишлаб чиқилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Матбуот анжуманида таъкидландики, фуқаролар томонидан билдирилган таклифларнинг қарийб 50 фоизини мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларини, 21 фоизини соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, 18 фоизи ички йўллар ва пиёдалар йўлакчаларини қуриш, 11 фоизини эса маҳалла гузарлари ва қабристонларни ободонлаштириш масалалари ташкил этади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йилнинг маҳаллий бюджет ижроси ва 2022 йил бюджетининг параметрлари халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг ўттиз биринчи сессиясида маъқулланиб, тасдиқланди.

 

Кўрилганлар сони: 1645