Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Азиз ватандошлар!

 

Жонажон Ўзбекистонимизга бутун дунё халқлари ҳаяжон ва орзулар билан кутаётган байрам – Янги 2023 йил кириб келди.

Мана шу файзли ва қувончли дамларда Сиз, азизларни Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва хотиржамлик, хонадонингизга файзу барака тилайман.

 

Қадрли дўстлар!

 

Якунига етган йилда ҳурматли Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, оқилона сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда эришилган муваффақиятлар натижаси бугун ҳар бир ҳудуд ва жамоада, ҳар бир оила ва шахс ҳаётида сезилаётгани қалбимизда қувонч билан бирга, тараққиётга дахлдорлик туйғусини янада жўштиради, десам тўғри бўлади.

Зеро, эришилган барча ютуқларда Навоий вилояти аҳолисининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги ҳар биримизни ғурурлантириб, янги марраларни забт этишга куч ва шижоат бағишлайди.

Айни пайтда, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ғоят мураккаб ва синовли кечган 2022 йил барчамизга “тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилишини” теран англатди.

Барчамизга маълум, яқиндагина Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бир қатор долзарб масалалар кўтарилиб, 2023 йил – «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб эълон қилинди.

Янги йилга бундай ном берилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланганини ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар доимий бўлишини англатади.

Мурожаатномада халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда баён этилган олти йўналишнинг ҳар бири эса, тобора ривожланиб бораётган Янги Ўзбекистонимизнинг барқарор истиқболини белгилаб беради.

Хусасан, Мурожаатномада илгари сурилган Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуриш мақсадини Конституцияда мустаҳкамлаш, Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгилаш, экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани боис, Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтириш, Конституцияда эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида ўрин ажратиш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаш каби устувор йўналишлар Янги йилдаги фаолиятимизнинг асоси бўлади.

Ушбу дастурий ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ва самарали амалга оширилишида вилоятимиз аҳолиси, мутахассислари, ёшлар, хотин-қизлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари елкадош бўлиб хизмат қилишларига ишонаман.

 

Азиз юртдошлар!

 

2022 йил вилоятимиз аҳолиси учун яна бир жиҳатдан қадрли ва аҳамиятли бўлдики, у ҳам бўлса Президентимизнинг 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи амалга оширилди.

Мазкур ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Навоий вилоятини республиканинг Намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги 5 та ташаббусни илгари сурдилар ҳамда энг муҳими, ушбу ташаббусларни амалга ошириш механизмини ҳам белгилаб бердилар.

Жумладан, Электр энергиясини тежаш, “Яшил макон” дастурини амалга ошириш, яйловларни ишга солиш орқали эчкичилик ва қўйчиликни кескин ривожлантириш, инфратузилма объектлари қурилишида ресурсларни 30 фоизгача тежаш ҳамда ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш бўйича Хатирчи тумани мисолида "Навоий вилояти тажрибаси"ни жорий этиш ташаббусларини амалга ошириш натижасида “Навоий вилоятини ишсизлик ва камбағалчилик тўлиқ бартараф этилган ҳудудга айлантириш” барчамизнинг 2023 йилдаги энг асосий вазифамиздир.

Ушбу ташаббусларнинг ижросини таъминлаш юзасидан вилоятни 2023-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилди.

Энг муҳими, Янги йилда ҳам ўз олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз ва саъй-ҳаракатларимиз одамларимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз”.

 

Қадрли ватандошлар!

 

Сўзимнинг якунида яна бир бор барчангизни Янги йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман!

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Янги йилда хонадонингиздан бахту қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!

Ўзининг муваффақиятлари билан дунё халқларининг ҳавасини ошираётган Янги Ўзбекистонимизга 2023 йилнинг қадами қутлуғ келсин!

 

Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!

Кўрилганлар сони: 1360