Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Вилоят маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг халқимизга МУРОЖААТИ

Азиз ватандошлар, қадрли навоийликлар!

Маълумки, Ер сайёраси – башариятнинг ягона Ватани. Ер – ҳаёт манбаи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади. Афсуски, бугун сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда. Ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ инсониятнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурдилар.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келаётган кўп миллатли халқимиз номидан биз навоийликлар ҳам Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Доно халқимизда: “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат бор.

Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, бу ғоят савобли тадбир бўларди.

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

 

Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.

Вилоятимиздаги 103 мингдан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 103 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг хизматингиз катта. Биргина кўчат етиштириш бўйича тўхталадиган бўлсак, вилоятимиздаги мавжуд фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 1,5 миллиондан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа ниҳоллар парваришланмоқда.

Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, вилоятимиз бўйлаб ўртача 2,6 миллион дарахт бунёд бўлади.

Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.

 

Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизлар кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда келажак авлодга бош-қош ва намуна бўлишларингизга ишонамиз.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спортчиларга вилоятимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янгидан янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар кутиб қоламиз!

Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати ҳамиша сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддас саналади. Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳанг. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, фарзандларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Айни чоғда “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани ҳамда маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувончимизга қувонч қўшмоқда. Бу каби эзгу ва хайрли ташаббусларда вилоятимиздаги 330 та маҳаллада ташкил этилган “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилишдан иборат.

Азиз ва навқирон ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг, учинчи Реннесанс пойдеворининг бунёдкорларисиз!

 Юртимиз тараққиёти, халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда сизнинг ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳол экиб, жойларда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббусни қўлдан бой берманг!

Унутманг, сиз Истиқлол фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

Азиз навоийликлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида эъзозлайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Ишонамизки, бу хайрли тадбирда ҳеч биримиз четда турмаймиз ва воҳамизни барча ҳавас қиладиган “Яшил макон”га айлантирамиз!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал ва бетакрор Ватан мерос бўлиб қолсин!

 

Кўрилганлар сони: 745