Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 январдаги фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат Дастури тасдиқланди.

Давлат дастури лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида кенг жамоатчилик, ёшлар ва зиёлилар вакиллари жуда кўп ўринли фикр ва таклифлар билдиришди. Вилоятимизда ҳам депутатларимиз, ёшлар, зиёли ва кўп миллатли халқимиз томонидан 100 га яқин таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат Дастурида 7 та устувор йўналиш бўйича "Инсон қадри учун — 100 та мақсад" белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Барча ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт.

Бунинг учун республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла даражасидаги барча раҳбарлар бор куч ва ресурсларини тўлиқ сафарбар қилиши шарт ва зарур". Мазкур кўрсатмаларга қатъий амал қилган ҳолда халқимизни рози қилиш учун шижоат ва матонат билан белгиланган вазифаларни сидқидилдан амалга ошириш лозим бўлади.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини вилоятда ташкил этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, аввало дастур ижросини ўз муддатида сифатли ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг 2022 йил 10 февралдаги қарорига асосан, вилоят ҳудудий Дастури тасдиқланди.

Вилоят дастури 7 бўлим, 121 банддан иборат. I бўлим — "Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш" йўналишида 3 та мақсад ва 7 та бандда вазифалар белгиланди.

Иккинчи — "Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш" йўналишида 3 та мақсад ва 3 та банд, "Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш" йўналишидаги учинчи бўлимда 14 та мақсад ва 55 та банд, тўртинчи — "Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш" йўналишида 18 та мақсад ва 34 та банд, бешинчи — "Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш" йўналишида 2 та мақсад ва 5 та банд, навбатдаги "Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш" йўналишида 6 та мақсад ва 15 та банд ҳамда сўнгги "Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш" йўналишида 2 та мақсад ва 2 та бандлар бўйича амалга ошириладиган устувор вазифалар қамраб олинди.

Қайд этиш жоизки, вилоят дастурида жами 3,4 триллион сўм ва 893,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 121 та чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирилган. Ушбу маблағларнинг 812,9 миллиард сўми давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, 2542,4 триллион сўми ижрочилар ва тижорат банклари маблағлари, 2,5 миллион доллари Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Дастур ижросини самарали ташкил этиш, жойларда маҳаллаларгача етиб бориш ва кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида вилоят ҳокими ўринбосарлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари туман ва шаҳарларга бириктирилди.

Шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимлари томонидан ҳар бир маҳаллада дастурда белгиланган тадбирлар доимий муҳокама қилиб борилиши белгилаб олинди.

Дастур моҳиятини аҳолига етказиш бўйича муҳокамалар айнан маҳаллаларда шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари томонидан ўтказилади.

Оммавий ва электрон ахборот воситалари томонидан Йил дастурининг амалдаги ижросини доимий ёритиб борилиши ҳамда Давлат дастури моҳиятини вилоятнинг ҳар бир чекка ҳудудигача етиб боришини таъминлаш мақсадида вилоят телевидениесида масъул раҳбарлар иштирокида "очиқ мулоқот"лар ташкил этилиши белгиланган.

Дастур амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни, таҳлилий ахборот кўринишида акс эттирган ҳолда, ҳар ойда ҳокимлик веб-сайтларида жойлаштирилиб борилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тасдиқланган ҳудудий Дастурда вилоятнинг олис маҳалла ва овулларига ҳам янги-янги технология ва турли муҳандислик коммуникация тармоқларини олиб борилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, таълим соҳасида, ишсизликни бартараф этишда, иқтисодиётимиз ривожининг янада жадаллашиши бўйича ишлаб чиқилган умидбахш лойиҳалар халқимиз турмушининг бундан-да фаровонлашувига хизмат қилади.

 

Шуҳрат МАМИРОВ,

Вилоят ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси.

 

Кўрилганлар сони: 1508