Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат ТУРСУНОВнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Муҳтарама онахонлар!

Азиз опа-сингиллар ва лобар қизларимиз!

Бутун оламга ўз таровати, янгиланиш ва яшариш нафаси билан кириб келган кўкламнинг илк кунларида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунининг нишонланиши гўзаллик ва яратувчанлик фаслининг аҳамиятини янада оширади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчамиз учун севимли бўлган онажонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, дилбар аёлларимиз ва мунис қизларимизни ана шу байрам билан чин қалбимдан қутлайман!

Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан жамиятда аёллар, оналар ва опа-сингилларимизга юксак эҳтиром кўрсатилаётганлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Уларнинг ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатида ўзини намоён этишлари учун яратилаётган кенг шарт-шароитлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётгани фикримизга далил бўла олади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар. Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади”.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоятимизда 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 4227 нафар хотин-қизларга 50 миллиард сўм кредит ва субсидиялар ажратилди, шунингдек, 8 минг нафардан зиёд хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

1,5 минг нафардан зиёд аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 76 нафар хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди, 4 нафари уй-жой билан таъминланди. 97 нафар қизлар алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди. 656 нафар хотин-қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилди.

Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Умуман, 2020 йилдан бошлаб “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 28 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида яқинда ўтказилган йиғилишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шу асосда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Ушбу вазифаларни тизимли ва самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.

Айни пайтда, Президентимиз хотин-қизларни қўллаб қувватлаш борасида устувор вазифаларни белгилаб, қўшимча имкониятлар ҳам яратиб бердилар.

Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасининг давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйилиши;

ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши;

6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши;

ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланиши;

3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилиши;

шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминланиши фикримизнинг яққол исботидир.

Шу билан бирга, яратилаётган ана шундай имкониятлар қаторида қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллашига имконият яратиш, уларнинг таълим контрактларини тўлаш, зукко ва билимдон хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини қўллаб қувватлаш мақсадида докторантура йўналишида алоҳида квоталар ажратилиши ва “Олима аёллар жамияти” тузилиши, “Бизнес аёллар” дастурини амалга ошириш каби чора-тадбирларни ҳам санаб ўтиш мумкин.

Бугунги кунда вилоятимизда бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда 854 нафар аёллар раҳбарлик лавозимларида, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида 115 нафар аёллар депутат сифатида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Сўнгги йилларда 216 нафар хотин-қизлар Давлат мукофотлари, 63 нафари эса “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Энг муҳими, воҳамиз аёлларининг давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан эътирофи давом этмоқда.

2021 йилда йил вилоятимиздан 3 нафар, жорий йилда яна 2 нафар иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб топилиб, улар сафи янада кўпайганлиги барчамизга фахр бағишлайди.

Яна бир юксак марра ҳақида алоҳида тўхталишни истардимки, бу – жонажон Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек буюк мақсаддир. Халқимиз томонидан ҳамиша эъзозлаб келинган оиланинг муқаддас қадриятлари ва чин мураббий бўлган оналаримизнинг теран маънавияти бу эзгу ва шарафли йўлда бизга мустаҳкам таянч бўлажак.

Зеро, “Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир.

Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир”.

Қадрли онахонлар, муҳтарама опа-сингиллар!

Мунис қизларимиз!

Биз сизларни оқила зеҳн соҳибалари, ўз самарали меҳнати, эзгу фазилатлари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, барчага ибрат ва намуна бўлиб келаётган фаол ва фидойилар сифатида яхши биламиз ва қадрлаймиз.

Барчангизни яна бир бор баҳорнинг илк байрами билан ўзим ва вилоятимизнинг барча фаоллари номидан самимий табриклайман!

Ҳамиша яқинларингизнинг меҳру ардоғида яшаш насиб этсин!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик ва файзу барака тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!

Кўрилганлар сони: 1808