Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақидаги маълумотлар мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга оширишда зарур бўлган ишончли ва холис ахборот саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади.

Республикамизда эса охирги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилганлигига 30 йил бўлди. Бунинг натижасида аҳолининг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқични қамраб олади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.

Бунда, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Иккинчиси — асосий босқич 10 кундан 60 кунгача даврни ўз ичига олади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Учинчи босқичда аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материаллар автоматлаштирилган дастурларга киритилади, назорат ва таҳрир қилинади, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олиниб, олинган натижалар эълон қилинади ва тарқатилади.

Шу боис, Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилиши белгиланди ва рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00.00 этиб белгиланади.

Рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан, 2024 йил 1 декабрга қадар аҳолини рўйхатга олиш якуний натижалари расман эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

Шу билан бирга аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтказиш учун картографик материалларнинг аниқлиги муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, Давлат кадастр палатаси Навоий вилояти бошқармаси ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари тайёрланди.

Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аҳолимиз ўзларининг келажаги учун аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол равишда иштирок этишлари лозим бўлади.

 

Навоий вилояти статистика бошқармаси

Рўйхатга олиш жараёнларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўлими бошлиғи

М.Юлдашева

Кўрилганлар сони: 1926