Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да “Ҳиндистоннинг ёзма мероси: ҳинд-ислом хаттотлигида ёзиш санъати” кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Навоий вилояти ҳокимлиги, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ва Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросими доирасида Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Маниш Прабхат ва Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори жаноб Чандер Шекҳарни қабул қилди.

Учрашувда дастлаб вилоят раҳбари меҳмонларга ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари ҳақида маълумот бериб, савдо-иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш учун барча асослар мавжудлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Маниш Прабхат ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, олий таълим муассасалари талабаларини ўқитиш, таълим ва тиббиёт соҳасида кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, туризм салоҳиятини ривожлантириш борасида қўшма лойиҳаларни ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.

– Ҳиндистон ўзининг бой маданий мероси ва тасвирий санъати билан дунёга машҳурдир, – деди элчи жаноб Маниш Прабхат. – Маданият ва санъат асарларидаги якдиллик ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги мустаҳкам ришталардан далолат беради. Ушбу кўргазма ёрдамида биз нафақат ёзув санъатининг гўзаллиги ва нафосатини, балки икки давлат ўртасидаги тарихий боғлиқликни маданий нуқтаи назардан ҳам кўрсатишни хоҳладик. Ҳиндистонда ўзига хос кучли хаттотлик мактаби мавжуд бўлиб, бунда ўзбек рассомларининг ҳам бунга ўз ҳиссаси бор. Бу – Навоий вилоятига менинг биринчи ташрифим. Учрашувларда Ўзбекистон халқ амалий санъати, ҳунарманд усталарнинг қўл меҳнати орқали яратилган санъат асарлари билан яқиндан танишар эканман, икки халқ ўртасидаги ўхшашлик ва яқинликни кўриб жуда хурсанд бўлдим.

Тадбир давомида ушбу кўргазма Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Кўргазмада XV-XIX асрларга оид Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан олиб келинган 105 та хаттотлик асарлари намуналари намойиш этилди. Куфий, насх, настаълиқ, хатти шикаста, таълиқ ва бошқа услубий йўналишлардаги хаттотлик асарлари намуналари Ҳирот мактаби усталари томонидан яратилган бўлиб, деярли барчаси Қуръон оятларини ёзишда кенг қўлланилган. Ҳирот хаттотлик мактаби ёзиш услубининг нафислиги ва нозиклиги билан бошқа мактаблардан ажралиб туради.

Шундан сўнг меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Ҳиндистон ўқув марказининг очилиш маросимида ҳамда Навоий шаҳридаги “Санъат галереяси” биносида ташкил этилган “Aвтопортрет” жанридаги асарлар кўргазмасида иштирок этдилар.

“Ҳиндистоннинг ёзма мероси: ҳинд-ислом хаттотлигида ёзиш санъати” кўргазмаси 7 апрель санасига қадар давом этади.

Кўрилганлар сони: 1359