Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қобил Турсунов муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарлар ва бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашди.

 “Ватан келажаги сенинг қўлингда” шиори остида ўтказилган учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ватанимиз равнақи ва келажаги бўлган, унинг тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган шижоатли ёшларни эзгу ғоялар атрофида янада жипслаштириш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш, жамиятда бўлаётган ўзгариш ва воқеаларга нисбатан дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилди.

Учрашувда мамлакатимиз мудофаа соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган йигитлар учун Республика Олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшилиб келинаётгани давлатимиз томонидан ҳарбий хизмат соҳасига қаратилаётган юксак эътибордан далолатдир.

Янги ўқув йилидан бошлаб эса ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган йигитларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўпланган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилиши белгиланди.

Қолаверса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинган, иқтидорли талабаларга “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан шартнома суммасининг 35 фоизи тўлаб берилаётгани ёшлар учун катта имконият эшикларини очаётгани таъкидланди.

Ўтган йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Навоий давлат педагогика институти ҳамда Навоий давлат кончилик институтида имтиёз асосида таълим олаётган 521 нафар талабаларнинг таълим олиши учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган бўлса, жорий йилда эса 393 нафар талабалар шундай имтиёзга эга бўлди.

— Ватанни ҳимоя қилиш, юрт тараққиёти учун хизмат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз ҳисобланади. Бугун ҳарбий хизмат ёшларимиз учун мажбурият эмас, балки бурчга ва юксак шон-шарафга айланди. Мен ҳам ҳарбий хизматда имтиёзли тавсифномани қўлга киритиб, олий таълим муассасасининг талабаси бўлганимдан бехад хурсандманд. Биз ёшлар келажаги учун шундай кенг йўл очиб бераётган, биз учун қайғураётган Давлатимиздан чексиз миннатдормиз, — дейди Навоий давлат педагогика институти талабаси Фаррух Намозов.

Қарийб икки ойдан буён “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ҳузурида жамоатчилик асосида ҳарбий хизматни ўтаб, имтиёз асосида таҳсил олаётган ёшлардан таркиб топган “Жасорат” гуруҳи фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу гуруҳ аъзолари маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимой-маънавий муҳитни яхшилашга кўмаклашиб келмоқда.

Ҳоким ва ёшлар учрашувида “Жасорат” гуруҳи аъзолари ҳамда жамоат ишларида фаол иштирок этаётган, турли ютуқ ва муваффақиятларга эришган бир гуруҳ ёшларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгашига эса 2016 йилдаги самарали фаолияти учун Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан янги “Дамас” автомашинаси тантанали равишда топширилди.

Савол-жавоб ва очиқ мулоқот шаклида ташкил этилгани тадбир якунида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувини доимий ўтказилишига келишиб олинди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Кўрилганлар сони: 6643