Тадбиркорлар қабули

Ҳурматли тадбиркорлар!

Тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятига Давлат аралашувини имкон қадар чеклаш борасида сўнгги йилларда қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Айнан хусусий тадбиркорликни Давлат томонидан қўллаб қувватлаш мақсадида ҳамда тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилган.  Бундан ташқари айнан шу йўналишда Савдо саноат палатаси ва бир неча жамғарма ва агентликлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бирга айнан шу йўналишларда келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили соҳада айрим тадбиркорларнинг индивидуал муаммоларидан ташқари ҳали ҳам ўз ечимини топмаган тизимли масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, тадбиркорлар фаолиятини Давлат органлари томонидан назорат қилишдаги муаммолар, солиқ тизимидаги қўшилган қиймат солиғини амалиётга жорий этишда юзага келаётган тушунмовчиликлар, банк кредитларини узайтириш ва мижозларга индивидуал ёндашув тизимининг йўқлиги, ер майдонлари ажратиш ва коммуникация тармоғига уланишдаги муаммолар шулар жумласидандир.

Ҳеч кимга сир эмас, айрим муаммолар шахсан Давлат раҳбари томонидан кўтарилиб назоратга олингандан сўнггина ўз ечимини топмоқда.

Тадбиркорларнинг иқтисодиёт ва жамиятда тутган ўрни, уларга бўлган эътибор натижаси ўлароқ яқин кунларда 20 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу тадбирда тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, Республикада бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан Бизнес омбудсман, Махаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо саноат палатаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида 11-00 қисқа рақам ҳамда шу ташкилотларнинг интернет тармоқлари орқали тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўз таклифларингизни етказишингиз мумкин.

Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмасдан индивидуал ёки умумлашган тарзда очиқ мулоқотга киритилиши режалаштирилган.

 

Тадбиркорлар қабули.pdf