Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Кармана туманидаги “Севолтепа равнақи” фермер хўжалиги 2014 йилги ғаллачилик мавсуми якунида 60 гектар даланинг ҳар гектаридан салкам 90 центнердан буғдой хирмони кўтариб, мамлакатимизда энг илғорлар сафидан ўрин эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг республикамиз ғаллакорларига табригида ҳам тилга тушди. 

– 2000 йилдан бошлаб фермерлик қилаяпман, – дейди хўжалик раҳбари Абдураззоқ Ризаев. – Яратилган имкониятлардан омилкорлик билан фойдаланиш туфайли ҳосилдорликни тобора кўтаришга эришаяпмиз. 2010 йилдан буён бирор-бир мавсум йўқки, ғалла ҳосилдорлиги 85-90 центнердан, пахта ҳосилдорлиги эса 40 центнердан ошмаган бўлсин. Якунланган 2014 йилда ҳам 60 гектар ғаллазорнинг ҳар гектари ҳосилдорлиги қарийб 90 центнерни, 82 гектар ердаги пахта ҳосилдорлиги эса 40 центнердан ортиқни ташкил этди. Бундай кўрсаткичлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаяпти. Бунда “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг Навоий вилоят филиали мададини алоҳида таъкидлашни истардим. Филиал кредитлари ёрдамида хўжалигимиз моддий-техника базасини талаблар даражасига етказдик. Иккита Белоруссияда ишлаб чиқарилган “МТЗ-80” русумли чопиқ, битта АҚШнинг “МХА-140” ҳайдов тракторларини сотиб олдик. Яқингинада эса банкнинг 56 миллион сўм кредит маблағи ёрдамида Голландиянинг компьютер бошқарувига асосланган, лазерли ер текислаш техникасига эга замонавий тракторини келтирдик. Бу хўжалигимизнинг келгуси тараққиётига хизмат қилади. Режаларимиз катта. Ҳадемай чорвачиликни ривожлантириб, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бу режа ҳам “Микрокредитбанк” билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади. Менинг банк жамоасига ҳурматим баланд. Олдин ҳам банклар билан ишлаганман, лекин бундай тартибли, билимдон ва масъулиятли ходимлар жам бўлган банкни биринчи бор кўриб турибман. 
Молия муассасаси шаънига бундай илиқ фикрларни кўплаб тадбиркорлардан тинглаш мумкин. 
– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган махсус иш кийимларига вилоятимиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда талаб катта, – дейди “Навоий Омад Сервис” хусусий корхонасининг раҳбари Хасан Ҳолиқов. – Фаолиятимизни салкам бир йил муқаддам банкнинг 35 миллион сўм имтиёзли кредити билан бошлагандик. Бунинг учун банк ходимларидан миннатдормиз. Келгусида фаолиятимизни ривожлантираверамиз. Бунда банкирларнинг қўллаб-қувватлашига ишонаман.
Вилоятда мазкур банк муассасаси билан доимий ҳамкорлик туфайли иқтисодиётнинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони тобора ортиб бораяпти . “Голден Галакс”, “Фарида Азиз плюс”, “Море СТАР”, “Стандарт Навоий”, “Навоий Сиддиқ Жамол” хусусий корхоналари, “Чашма нур Навоий”, “Матбуот медиа савдо”, “Рухшона Нозима Моҳина” масъулияти чекланган жамиятлари шулар жумласидан. Улар истеъмол бозорига полиэтилен плёнкалар, иссиқхона маҳсулотлари, матбаа буюмлари, катталар ва болалар кийим-кечаклари, пойафзал ҳамда пайпоқлар етказиб беришаяпти, аҳолига замонавий хизматлар кўрсатишаяпти.
Ҳа, молия муассасаси жамоаси зиммадаги вазифаларга масъулият билан ёндашган ҳолда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, шунинг ҳисобига истеъмол бозорини турли маҳсулотлар билан тўлдириш янги иш ўринлари яратишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу борада 2014 йилда белгиланган режалар ошиғи билан уддаланди. Якунланган йилда банк томонидан кичик бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан 48 миллиард 960,3 миллион сўм кредитлар ажратилиб, 2747 та янги иш ўринлари вужудга келтирилди. Жумладан, микромолиявий хизматлар кўрсатиш соҳасига 23382 миллион сўм микрокредит маблағлари ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 ва 28 январдаги “Озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросига жиддий эътибор қаратилди. Шундай маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш мақсадида тегишли равишда 4 миллиард 800,2 миллион ҳамда 5 миллиард 41,7 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, микрокредитлар ажратиш йўли билан тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 496 нафар коллеж битирувчисига 2393 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари берилди. 
Филиал томонидан кичик бизнес субъектларига бошланғич сармояни шакллантириш, аёл тадбиркорларга кредитлар ажратиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган кредит маблағлари ҳам бир йил олдингига нисбатан сезиларли даражада кўпайди. Жумладан, бошланғич сармояни шакллантириш учун 2013 йилдагидан 713,7 миллион сўм ортиқ, яъни 4 миллиард 43 миллион сўм кредитлар берилди. Аёл тадбиркорларга ажратилган банк кўмаги бир йил олдингига қараганда қарийб 256,9 миллион сўм зиёдни ёки 5 миллиард 308 миллион сўмни ташкил этди. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига ажратилган кредитлар эса 2013 йилдагидан 1 миллиард 859,9 миллион сўмга кўпайди ва 6 миллиард 911 миллион сўмга тўғри келди.
Эришилаётган ижобий натижаларда филиал ходимлариниг касбий билим ва махорати, ўз вазифасига масъулият билан ёндашуви муҳим рол ўйнайди, албатта. 
– Жамоамизда бундай ходимлар кўп, – дейди вилоят филиали амалиёт бўлими бошлиғи Шермат Раупов. – Кредитлаш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Маҳмудов, омонатлар билан ишлаш бўйича мутахассис Флюра Шамсиддинова, “Ёшлик” минибанки раҳбари Бойхон Халимовлар шулар сирасидан. Ходимларимизнинг масъулиятли меҳнати туфайли бугунги кунда 15 турдаги банк хизматлари кўрсатиб келинаяпти. Уларнинг янги, замонавий турлари жорий этилмоқда. Жумладан, ҳозиргача “Интернет-банк” ва “СМС-банк” хизматларига 1000 нафардан ортиқ мижоз жалб қилинди. 
– Жорий йилда янада юқори натижаларни кўзлаб ишлаяпмиз, – дейди “Микрокредитбанк” АТБ вилоят филиали бошлиғи Абдумажид Сафаров. – 2015 йил давомида туман филиалларимиз билан биргаликда кичик бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан 65 миллиард 300 миллион сўм кредитлар ажратилиши режалаштирилган. Бу эса ўтган йилдагидан 16 миллиард 300 миллион сўм кўп демакдир. Бир сўз билан айтганда, муассасамиз ходимлари бундан буён ҳам вилоятимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида астойдил меҳнат қилаверади.

Олим ХЎЖАЕВ

Кўрилганлар сони: 6967