Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мамлакатимизда демократик талабларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлайдиган сайлов тизими яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайловга оид қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда фуқароларнинг иштирок этиши билан боғлиқ қоидалар белгилаб қўйилган. Уларга кўра, фуқаролар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва яширин овоз бериш орқали амалга оширади.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 15 февралдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
2017 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унга кўра, тизимда янги тартиб ва қоидалар жорий этилди. Жумладан, эндиликда фуқаролар йиғини раиси билан бир вақтнинг ўзида уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди. Маҳалла раиси аввалги сайловлардан фарқли тарзда уч йил муддатга сайланади. Сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, қонунда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, номзодлар тўғрисидаги ахборот фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилиши белгиланди. Бундан ташқари, номзодларнинг яқинлари сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ва ишчи гуруҳлар таркибида бўлишига йўл қўйилмайди.
Жорий йилнинг май ойида бўладиган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллар) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг долзарб масалаларига бағишланган йиғилиш вилоят ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди. Унда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ишларини янада фаоллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Сайлов жараёнлари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Аммо айрим мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги сабабли Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим ҳисобланган тадбирга тайёргарлик кўришда эътиборсизликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, номзодларни танлаш ишлари сусткашлик билан олиб борилмоқда. Воҳамиздаги маҳаллаларнинг каттагина фоизида ҳали номзодлар тўғрисида бир тўхтамга келинмаганлиги ташвишли ҳолатдир. Маълумки, қонун ҳужжатлари билан фуқаролар йиғинлари раислари зиммасига 154 та вазифа юклатилган. Афсуски, баъзи номзодлар сайлов қонунчилигидан, маҳалла раисининг вазифалари нимадан иборат эканлигидан бехабар. Республикамиз бўйича ўтган сайловларда сайланган 35 фоиз раисларнинг ваколати муддатидан олдин тугатилди. Чунки улар халқнинг чинакам маслакдошига айланишига ҳаракат қилишмаган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу муҳим сиёсий тадбирга сектор раҳбарлари фаол иштирок этиши лозим. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал этиш, эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида улар сайланадиган раис билан ҳамкорликда ишлайди.

Хуршида НАРЗИЕВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 722