Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мустақил Ўзбекистонимиз юксак тараққиёти, изчил ислоҳотлари ва улкан ютуқлари билан дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборга эга бўлиб бормоқда. Айниқса, ҳар бир соҳадаги муваффақиятлар эътирофга молик юксалишларга асос бўлмоқда. Биргина мустақиллик йилларида юртимиз кон-металлургия соҳасида забт этилган довон асрларга татигулик зафарларни келтирди. Жумладан, бундай ривожланиш пиллапоялари мамлакатимизнинг гигант корхонаси бўлган Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Бунинг пировардида мазкур давлат корхонаси фаолиятидаги ўзгариш­ларни ўз нигоҳлари билан кўриш иштиёқи бугун дунё мамлакатлари, шу жумладан, ҳар доим янгиликка ўч хо­рижий журналистлар ва ишби­лармон­лар қизиқишини ошириб кел­моқда. Шу сабабли, яқинда Россия Федера­циясининг "Газпромбанк" АЖ та­шаб­бу­си ва мамлакатимиз са­ноати­нинг локомотиви бўлган вилоя­тимиз­даги гигант саноат корхонаси ҳамкор­лигида бир гуруҳ россиялик журна­листлар ва ишбилармонлар вакилла­рига медиа-тур ташкил этилди.

Жумладан, ушбу медиа-турда Рос­сия Федерациясининг энг етакчи омма­вий ахборот воситалари журна­листлари, бошловчилари, телеопера­торлари, Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбург каби шаҳарлардаги бир қатор йирик компаниялари мат­буот хизматлари раҳбарлари ҳамда узоқ юртдан ташриф буюрган саноат ва бизнес вакиллари иштирок этди­лар.

Айниқса, ҳар жиҳатдан юқори ну­фуз­га эга бўлган мазкур тадбирда "Россия-1" телеканали, "ТАСС", "Ин­терфакс", "Regnum" ахборот агент­ликлари, "Ишбилармон квартал" ("Деловой квартал") ва "Тоғли са­ноат" ("Горная промышленность") даврий нашрлари, "Екатеренбург-онлайн", "Накануне.ru" расмий веб-сайтлари, "Уралмашзавод" АЖ мат­буот хизмати ва бошқа оммавий ахбо­рот воситалари вакиллари иш­ти­роки ҳар томонлама аҳамиятли бўлди.

— Ушбу медиа-турни ташкил этиш­дан асосий мақсад, бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати, хусусан, унинг Марказий кон бошқар­маси тасарруфидаги "Мурунтов" ва "Аристонтов" конларида олиб бори­лаётган кенг кўламли ишлар, жумла­дан, бепоён Қизилқум бағридаги кон­чилар ҳаёти, комбинатда Россия­нинг етакчи П.Г.Коробкова номидаги "Из-Картэкс" МЧЖ ва "Уралмаш­завод" АЖда ишлаб чиқарилган юқо­ри юк кўтариш сиғимига эга бўл­ган техни­каларнинг ишлатиш ама­лиёти билан яқиндан танишиш этиб белгилан­га­ни, шунингдек, ушбу тадбирда мамла­катимиз ва Марказий Осиё давлатла­ридан етакчи кончилар иштирок эт­ган­лиги анжуманнинг ҳар томонлама самарали, таассуротларга бой тарзда ўтишини таъминлади, — дей­ди НКМК матбуот хиз­ма­ти раҳ­бари Азамат Зарипов.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон — Россия давлатлари ўртасида мустаҳкам ало­қалар йўлга қўйилган. Ўзаро ҳамкор­лик ришталари тобора кенгайиб бор­моқда. Айниқса, муҳтарам Юртбоши­миз Ш.М.Мирзиёевнинг шу йил апрель ойида Россия Федерациясига расмий давлат ташрифи чоғида давлатлараро истиқболли ва муҳим шартномалар имзолангани ҳар томонлама манфаат­ли шерикликка мустаҳкам пойдевор бўлди. Бу ҳамкорлик яқин келажакда томонлараро инвестициявий, нефт­газ, кон-металлургия ва бошқа соҳа­ларда истиқболли лойиҳаларни амал­га оши­риш имкониятини яратди. Шу­нингдек, мамлакатимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган техникаларни харид қи­лиш юзасидан ҳам келишувларга эришилгани янада аҳамиятлидир.

— Бизнинг банкимиз Россиядаги энг иқтисодий бақувват муассаса бў­либ, ўз хизматларимиз билан нафақат мамлакатимизнинг, балки кўплаб ри­вож­ланган давлатлар билан йирик лойиҳалардаги ишларни амалга оши­риб келмоқдамиз. Жумладан, банки­миз Ўзбекистон Республикасини ҳам ўзининг энг ишончли ва салоҳиятли ҳамкори, деб билади. Шу нуқтаи на­зар­дан икки яқин давлат манфаатла­рига хизмат қилувчи бир қатор истиқ­болли лойиҳалар ҳам имзоланган. Мисол учун, "Урал оғир машинасозлик заводи — Картэкс" бошқарув акция­дор­лик компанияси, П.Г.Коробкова номидаги "Из-Картэкс" МЧЖ ва "Урал­машзавод" АЖда ишлаб чиқа­ри­лаётган замонавий техникаларни тузилган шартномаларга мувофиқ республикангизга етказиб бермоқ­дамиз, — деди "Газпромбанк" АЖ вице-президенти Игорь Волобуев.

Албатта, она замини тинч, осмони беғубор, имконияти кенг юртимизга хорижий ишбилармонларнинг сармоя тикишларига иштиёқи ниҳоятда ба­ланд. Негаки, бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хори­жий инвесторларга барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Бунинг натижасида четки ҳамкорларимиз ҳеч иккиланмасдан мамлакатимизга ўз бизнеслари билан кириб келмоқда­лар. Бу эса ўз-ўзидан ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтиришга, маҳаллий шароитда янги иш ўрин­лари яратишга мустаҳкам замин яратмоқда.

Хусусан,  П.Г.Коробкова номидаги "Из-Картэкс" МЧЖ ҳам 2010 йилдан буён Навоий ва Олмалиқ кон-метал­лургия комбинатлари, "Ўзбеккўмир" АЖ билан яқин шерикчиликни изчил давом эттириб келмоқда. Бунинг нати­жасида ўтган йилларда юртимизга 40 дан ортиқ замонавий экскаватор­лар олиб келинишига эришилди. Вилоя­ти­миздаги гигант корхонага эса 2013 йилда Санкт-Петербург шаҳри­даги заводда ишлаб чиқарилган "ЭКГ-20К" русумли, қудратли кучга эга бўлган иккита экскаватор етказиб бе­рилди. Ушбу техника оғир кон-геоло­гия ишла­рини бажаришда ниҳоятда қўл кел­моқ­да. Айниқса, ушбу техника ҳар бир ковушида 20 куб-метргача қазилма­ларни қазиб олиш ва юклаш имко­ниятига эга.

Худди шунингдек, "Уралмашзавод" АЖ ҳам юртимизнинг энг яқин ҳам­кор­ларидан биридир. Мазкур заводда ишлаб чиқарилган техникалардан бугунги кунда НКМК фаолиятида кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, Екатерен­бург шаҳрида жойлашган мазкур кор­хонада ишлаб чиқарилган техникалар 70-йиллардан буён Навоий ва Олма­лиқ кон-металлургия комбинатларида самарали ишлатилиб келинмоқда. Шу йилнинг ўзида ҳам ҳар бир ковушида беш метр-куб қазилмани олиш имко­ниятига эга "ЭКГ-5А" русумли экска­ваторнинг ишлаб чиқаришга келтири­лаётгани мустаҳкам ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Шуниси қувончли­ки, мазкур техникаларнинг замонавий­лаштирилуви йигирма фоиздан ортиқ электр энергиясини тежаш хусусия­тига эга.

Дарҳақиқат, серқуёш юртимизнинг эрта тонгидан Зарафшон шаҳри узра йўл олган меҳмонлар йўл-йўлакай бетакрор диёримизга мосу хос бўлган ўзгаришларга, замонавий руҳдаги ижтимоий соҳа иншоотларига, бийдай чўл ҳаётига маҳлиё бўлишиб, қизҚин суҳбатлари давомида доно Йўлбошчи­миз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, аҳоли фаровонлиги ва тинчлик-осойишталик йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида етарли та­сав­вурга эга эканлигини, бугун бу ҳа­қиқатларга гувоҳ бўлаётганликларини ўз қувончларида изҳор этишганида, гуруҳга йўлдош бўлган юртдошлари­миз қалбига олам-олам ғурур ба­ғишлади.

— Жаннатмакон Ўзбекистонга олдин­лари келмаган бўлсам-да, лекин юр­тингиз довруғи ҳақида оммавий ах­борот воситалари, расмий веб-сайт­лар, ҳамкасбларимдан кўп бора эшит­гандим. Мана шундай сеҳрли диёрга келиш бахтига муяссар бўлиб, эшит­ганимдан ҳам ортиқ ҳайратга тушдим. Негаки, бундай серқуёш ва баракали ўлка ер юзида камдан-кам топилади. Айниқса, журналист сифатида юрт одам­ларининг қалбидаги бахтиёр­ликни, шаҳару қишлоқлари таровати­ни, ҳаётий ўзгаришлар ва улкан тарақ­қиётга юз тутганлигини кўриб, ҳақи­қатан бахтли мамлакатларнинг бири эканлигига амин бўлдим. Албатта, ушбу заминдан олган ва кўрган таас­суротларимни ўз ижодимда кенг тал­қин этаман. Юртдошларим­ни шундай бетакрор Ватанда олиб бо­рилаётган оламшумул ислоҳотлардан воқиф эта­ман, — дейди "Россия-1" телеканали мухбири Кирилл Бортников.

Меҳмонларнинг Навоий кон-метал­лургия комбинатига қарашли Марка­зий кон бошқармаси, "Мурунтов" ва "Аристонтов" конлари вакиллари би­лан кечган бевосита жонли мулоқот тадбирга янада файз бағишлаб, иш­тирокчиларда катта ҳайрат ва қизиқиш уйғотди. Бу борада П.Г.Коробкова номидаги "Из-Картэкс" МЧЖ дирек­торининг савдо бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Александр Охотников, "Уралмашзавод" АЖ мат­буот хизмати раҳбари Мария Васене­на ва бошқалар маҳаллий саноатчилар билан ўзаро фикр алмашдилар.

Айниқса, меҳмонларга мустақилли­ги­мизнинг йигирма олти йили даво­мида босиб ўтган тарихий йўли, муҳта­рам Президентимиз Ш.М.Мирзиеёв раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яқин келажакдаги истиқ­болли лойиҳалар, шунингдек, давла­ти­миз раҳбари томонидан 2017 йил 7 февралда имзоланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожланти­риш бўйича бешта устувор йўналишни ўзида мужассам этган Ҳаракатлар стра­­тегияси ҳақида сўзлаб берил­ганда, улар яна бир бор Ўзбекистон — келажаги буюк давлат эканлигига амин бўлишди.

— Зарафшонлик олтинтопарлар илк иш фаолиятларини бошлаганликла­ри­нинг шу йил қутлуғ 50 йиллигини ни­шонламоқдалар. Жумладан, она замин бағридаги фойдали қазилма­ларни пешма-пеш ўзлаштириш, бо­йитиш, қазиб олиш, қайта ишлов бе­риш ва бошқа техник жараёнлардаги ишларни 1967 йилдан буён босқичма-босқич амалга ошириб келмоқдалар. Бунда комбинат тасарруфидаги 2-гидрометаллургия заводи ва корхона­нинг бошқа тармоқлари мамлакати­миз иқтисодиёти учун муҳим ишларда фаоллик кўрсатаётгани алоҳида эъти­рофга моликдир. Айниқса, мустақил­лик йилларида бу манзилдаги ишлаб чиқариш тармоқлари ва техникалари тубдан модернизациялаштирил­ган­лиги нафақат сарф-харажатни камай­тирди, балки маҳсулотлар сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширди. Бу борада Россиянинг экскаватор­лари ва Американинг "БелАЗ", "Cater­pillar" каби 130-220 тоннагача юк кўта­ра олиш қудратига эга замонавий тех­никалари ишлаб чиқаришга жалб этил­­ган иш суръати­нинг янада оши­шига мустаҳкам замин бўлди, — дей­ди "Мурунтов" кони бош механиги Равшан Пиназаров.  — Мажмуамизда 2011 йилда қурилиш лойиҳаси доира­сида амалга оши­рилган ишлар ишлаб чиқариш ҳажми­ни янада кенгайти­ришга мустаҳкам пойдевор бўлди. Бунинг пировардида жаҳон амалиё­тида камдан-кам кузати­ладиган 270 метр чуқурликдан кон­вейер орқали фойдали қазилмалар­ни ишлаб чиқа­риш тармоқларига етказиб бериш имкониятини яратди. Натижада 25 мил­­лион кубометрдан ортиқ турли маъдан­ларга бой тоғ жинс­лари қайта ишлаш тегирмон­ларига етказиб берилди.

Меҳмонлар билан кечган мулоқот кун тартиби доирасида "Мурунтов" кони­нинг тахминан юз метрлар чуқурлиги­да наъра тортиб ишлаётган "ЭКГ-20К" экскаватори томонидан олиб бори­лаёт­ган қазиш ишлар билан яқиндан тани­шиш орқали давом этди. Ҳай­довчи Зо­ҳиддин Бобоев бошқаруви­даги қудрат­ли техника ҳар бир қазил­ма олиш чоғи­да 50 тоннагача маъдан­ларни баҳайбат самосвалларга юкла­ётгани хорижлик меҳмонлар ва маҳал­лий иштирокчи­ларни чексиз ҳайратга солди.

Айниқса, меҳмонлар белгиланган сменаларда ишлаётган техникалар­нинг бепоён чўл бағрида, тубсиз чуқур­ликларда тинимсиз ва тизимли ишла­ёт­ганини, ҳар бир техникалардаги мавжуд шарт-шароитлар, иш ва иш ҳажми мониторлар ҳамда видео­куза­тувлар орқали доимий назорат қили­на­ётгани, энг муҳими, кўплаб Фарҳод келбат ўзбек йигитлари хорижий тех­никаларни маҳорат билан бошқара­ётганликларини кўриб, марду майдон соҳа фидойилари меҳнатларига тасанно айтдилар.

Меҳмонлар ўз ташрифи доирасида саноатчилар шаҳри — Зарафшоннинг энг диққатга сазовор жойлари, мил­лий маданиятимизнинг умрбоқий мул­ки бўлган Нуротанинг қадимий "Чаш­ма" мажмуаси билан танишиб, чексиз баҳра олдилар. Меҳр ришталари дўстона тилаклар, самимий табрик­лар, мазмунли суҳбатларда, журна­лист­ларнинг касбий тажриба алма­шишида акс этди.

Меҳмонларни нафақат сафар даво­ми­даги маданий меросларимиз, бал­ки уларга тортиқ этилган, ўзбек зами­ни­да етиштирилган, қуёш нурига тўйинган ва таъми тилни ёрадиган сархил мевалари, юрт одамларининг мустақиллик берган имкониятлардан мамнунлиги, икки кун давомида олган бой таассуротлари хорижлик ҳам­касб­ларимиз ижодининг бош мавзуси бўлса, не ажаб!

Мазкур медиа-тур якунида россия­лик меҳмонларга НКМК томонидан эсдалик совғалари улашилди.

Мухтасар айтганда, бугун жонажон Ватанимиз мустақиллиги билан чек­сиз фахрланган ҳолда, тараққиёти­миз­ни, фаровонлигимизни, миллатлараро тотувлигу осойишталигимиз билан ҳар қандай миллат олдида мақтанишга ҳақлимиз. Негаки, бугунги юксалиш­лар халқимизни бахтли манзиллар томон бошлаётгани, бугунимиз кечаги кунимиздан, эртамиз бугунимиздан гўзаллашиб бораётгани ойдин ҳақи­қат. Шу сабабли ҳам хорижлик­лар­нинг юртимизга меҳри тобора товла­ниб бораётгани рост бўлсин! Нима бўлганда ҳам шундай жаннатмакон диёримизга кўз тегмасин, замини­мизга ҳар бир ташриф буюрувчи­ларнинг пойқадами қутлуғ келсин, илоҳим!..

Абдумажид ЖЎРАЕВ,

журналист.
Манбаа: dustlikbayrogi.uz
Кўрилганлар сони: 5919