вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
11.01.2017 19:33:10
Орамизда шундай инсонлар борки, улар билан бир замон, бир маконда яшаймизу, аммо ҳар доим ҳам уларнинг қандай катта истеъдодга эга эканлигини, яратаётган асарлари мангуликка дахлдорлигини англаб етавермаймиз. Нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакатимиздаги санъат ихлосмандларига навбаҳорлик рассом, тумандаги 37-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси Нурилла Чориев номи ва ижоди яхши таниш. У табиатан самимий ва камтарин, тасвирий санъат оламида эса ўз йўлини топа олган ҳақиқий ижодкор. Суҳбатимиз рассомнинг ҳаёт йўли, ютуқлари, армонлари, бадиий ижод ва келгуси режалари ҳақида бўлди.
"Рассом сифатида ўттиз етти йилдан буён ижод қилаётган бўлсам, ўтган даврларни сарҳисоб қилиб, ёшлигимда кўп қийинчиликларга дуч келганимни эслайман. Мабодо, ҳозиргидек ўз истеъдодингни тўла намоён этишинг учун етарли шароит бўлганида ёшлик завқи билан яратилган асарларимиз кўпроқ бўларди, балки. У пайтларда ранг-тасвир учун бўёқлар, мўйқаламлар, дастгоҳлар топиш амримаҳол эди. Бу каби жиҳозларни олиш учун ҳам Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби катта шаҳарларга боришга тўғри келарди. Ҳозир эса зарур бўлган ҳар қандай анжомларни топиш муаммо эмас.
Мен умримни ранг-тасвир санъатига бағишлаган ижодкор сифатида бир нарсани ишонч билан айта оламанки, мустақиллик даври биз каби истеъдодларга катта имкониятлар берди. Қадримиз, ўрнимиз, ижодимиз юқори баҳоланди, биз яратаётган асарларга нисбатан муносабат ўзгарди.
1994 йилдан бошлаб Навбаҳор туманидаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабида, кейин эса 37-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ёш авлодга тасвирий санъат йўналишида таълим бердим. Негаки, вақтида ўзим устозларнинг маслаҳати, йўл-йўриқлари, ижоднинг ўзига хос сир-асрорларини эгаллашда кўп қийинчиликларга дуч келгандим-да. Биласизми, ўқувчиларга шунчаки дарс ўтиш эмас, ўргатаётган сабоғингизнинг мазмунини тушунтира олсангиз, уларнинг илғаши осон. Аксарият ижодий дарсларимни табиат қўйнида, Учтут, Ижанд, Наврўз қишлоқларининг чиройли манзаралари акс этган жойларда олиб боришга ҳаракат қиламан. Чунки табиатнинг ўзи инсонга сўз билан таърифлаб бера олмайдиган кучни, руҳий қувватни беради. Буни ёшликдан англатиб бориш эса келажакда ўз натижасини беради.
Мустақиллик туфайли эга бўлганим, энг катта бойлигим — шогирдларим, деб биламан. Ўша, мустақиллигимизнинг илк йилларида уларга таълим бериб, ҳаёт йўлида касбини танлашига туртки бўлган шогирдларимнинг кўпчилиги бугун жамиятда ўз ўрнига эга. Ишонч билан айта оламанки, вилоятимизда архитектура ва меъморчилик соҳасида фаолият юритаётганларнинг кўпчилиги 37-сонли мактаб-интернатнинг собиқ ўқувчилари менинг шогирдларимдир. Улар вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида меҳнат қилишади, шогирдларим орасида рассомлар, ҳайкалтарошлар, ўқитувчилар, интерьер техника ва либос дизайнерлари ҳам анчагина. Ҳалигача улар билан мулоқотда, суҳбатда бўлиб тураман. "Ҳозир ишлайдиган, ижод қиладиган замон келди. Ишланг, ўзингизни кўрсатинг, аммо ижодни ҳам ташлаб қўйманглар, негаки юрагингиздаги яратувчанлик ҳиссини айнан мана шу ижодга бўлган меҳр, гўзалликка интилиш берган", дея таъкидлайман.
Ўқувчиларимнинг ўзига хос чизиш услуби бор, улар олий даргоҳлар, санъат ва маданият коллежларига боргунга қадар анча-мунча шаклланиб, зарурий тушунчаларга эга бўлиб бораётир. Бир неча йил олдин Самарқанд архитектура ва қурилиш институтидан мактаб-интернатимиз номига ташаккурнома келган эди. Унда мактабимизни битириб, талабалик бахтига эришган собиқ ўқувчиларимизнинг махсус фанлардан тайёр ҳолда келаётгани ёзилган эди. Ўша пайтда меҳнатим зое кетмаганидан, шогирдларим юзимни ёруғ қилганидан шодланиб кетдим. Дастлаб нафис санъат лицейи сифатида иш бошлаган даргоҳда ишлаётганимга йигирма йилдан ошибди. Бу давр оралиғида "Халқ маорифи аълочиси" унвонига лойиқ кўрилдим. 1994 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзосиман. Бир неча бор Тошкент ва Навоий шаҳарларида ижодий кўргазмаларда қатнашдим.
Биласизми, қалбида гўзаллиги бор инсоннинг қўлидан ҳеч қачон ёмонлик келмайди. Билимга, санъатга ташна ёш қалбларни ана шундай гўзалликка ошно этиб тарбиялаш эса биздан катта масъулият, диққат-эътибор ва машаққатни талаб этади. Эртага бундан ҳам яхши кунларга етишни, юксак марраларни эгаллашни истасак, бу борада бугундан қатъий ишонч билан ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.
Минг шукрки, уч ўғлим ҳам ўз соҳамни танлади. Улар ўзимга таҳсил олиш энг катта армон бўлиб қолган Камолиддин Беҳзод номидаги Тошкент миллий рассомчилик ва дизайн институтида ўқиди. Кичик ўғлим Беҳзод Чориевнинг 13 ёшида ижодий ишлари ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан юксак баҳоланиб, юздан ортиқ жаҳон мамлакатлари болалари ижоди йиғилган "Дунё болалар нигоҳида" тўпламидан ўрин олганда ҳам қувончимнинг чеки бўлмаган. Орзуларим фарзандларим тақдирида ушалаётганидан, мен эгаллай олмаган марраларни шогирдларим забт этаётганидан ғурурланаман.
Нафақа ёшига етишимга ҳам оз қолди. Насиб этса, нафақат Навбаҳор туманининг, балки вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги сўлим қишлоқлари, ҳали кашф этилмаган гўзалликларини ўз қаламимда акс эттирсам, дейман".
Рассомнинг ижодини кузатар эканмиз, ўзимиз учун энг қадрли бўлган нарсани топгандай бўламиз. Зарафшон дарёсининг сўлим қирғоғи, Сармишсой дарасининг нодир тасвирлари, Учтутдаги учта тутнинг ҳайбати, Қоратов этакларидаги баҳор, Нурота тоғларининг салобати — буларнинг барчаси сизу бизга таниш бўлган, юрагимизга яқин манзаралар. Бу Ватан туйғуси, унга бўлган чексиз меҳр ҳисси. Суратларга боқиб, она юртга бўлган муҳаббат, уни қандай бўлса, шундай ҳолида севиш, тасвирлаш катта маҳорат эканлигини англаймиз.
Нигора РЎЗИЕВА суҳбатлашди.
Тендер савдолари
Тендерлар ва танловлар
Барча юридик ва жисмоний шахслар, чет эл инвесторлари диккатига!!!
Ижарага бериладиган объектлар
Навоий вилоят Ҳудудий танлов комиссияси танлов эълон қилади!
ҳокимлик билан Боғланиш
Тел.: 8 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
Навоий вилояти, Навоий ш.,
Халқлар Дўстлиги кўчаси, 77а