Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Олимпиадага йўл...

18.07.2017 16:39:56


Болалик йилларимизда кўчадаги қизу ўғиллар кун бўйи ўйиндан бўшамасдик. Ҳали копток олиб тепган, ҳали бекинмачоқ, ҳали қувлашмачоқ ўйнаган. Ҳаммамизга ёқадигани футбол ўйини эди. Ҳовлимиз орқасидаги бўш майдонда тошдан "дарвоза" белгилаб, ўйинни бошлаб юборардик. Тупроқда югуриб, чангга ботиб, кечга томон мен, икки акам, амакимнинг болалари, уйга кириб борарканмиз, бу алфоздалигимиз учун албатта, ота-онамиздан дакки эшитардик. Бугун-чи?

Бугун ўша ерда замонавий футбол майдони қад ростла­ган. Мактаб, коллеж,  маҳалла­лараро футбол ўйин­ла­ри ўт­казилади. Чангга бо­тиб, фақат коптокнинг орқаси­дан югуриш йўқ. Истаган қиз волейбол, яна кимдир кураш, яна кимдир бадиий гимнасти­ка билан шу­ғулланиш имкони­га эга спорт заллари мавжуд. Гарчи бу тарихан катта давр­ни қамраб олмасада, болали­гимизда биз юрган ерлар­да бунчалик чи­ройли ўзга­риш­лар бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Қисқа давр ичи­да мамлакатимизда спортни ривожлантириш учун шунча ша­роит яратилди. Биз­ку ша­ҳар марказидан унча узоқ бўлмаган қишлоқда яшардик. Бугун чекка туман, қиш­лоқ­лар­да ҳам спортсевар ёшлар учун етарлича шуғул­ланиш имкони бор.

Қай куни синфдош дугонам­ни учратиб қолдим. Жисмо­ний тарбия дарсларида у ҳамма­миздан илғор, эпчил эди. Ай­ниқса, узоқ масофага югуриш­да барчамиздан ўзиб кетарди. — Маҳалламизда БЎСМ қурил­га­ни­да бирам қувондим, — дей­ди у билан суҳбатла­шар­кан­миз. — Спортни жону ди­лим­дан яхши кўришимни би­ла­­сан-а? Кураш тўгарагига ўғлимни ёздириб келдим. Биз­дан ҳам чемпионлар чиқсин. Ўғлим ҳам хурсанд. Ҳар кун дарсдан сўнг кўтаринки кай­фиятда спорт мактабига кета­ди. Ўрганганларини келиб биз­га завқ билан гапириб беради. Нимжонроқ бола эди. Кураш билан шуғулланаётга­нидан  буён тетиклашди. Ба­қув­ват бўлди. Гап-сўзлари ҳам дадиллашиб қолди. Яқинда вилоят мусобақасига боради. Ҳозир мураббийи билан шун­га тайёрланаяпти..."

Дуго­нам бугунги ёшларнинг спорт­да эришаётган ютуқла­ри­дан хурсанд бўлиб гапи­ради. "Ўғ­лим­га айтаман, сен ҳам Олим­пиада чемпиони бў­лишинг мум­кин. Фақат ҳамиша олдин­га интил. Ўз устингда тинмай ишла. Ахир, Олимпия, Пара­лим­пия ўйинларида ўз­бекис­тон­лик йигит-қизлар қандай фахрли ўринларни эгал­лаб келишди. Ҳалигача бундан ғурурланаман. Фарзан­дим ҳам келгусида улар каби Ўзбекистон номини дунёга тани­тадиган бўлсин, дейман­да". "Албатта, — дейман мен ҳам. — Астойдил хоҳиш бўлса, ғалаба уники."                     

Чиндан, бугун ўзбек ёшлари­нинг дунё майдонида қўлга киритган ғалабаларидан ҳар қанча фахрлансак арзий­ди. Медаллар шодасининг йил­дан йилга олтин, кумуш билан кў­па­йиб бораётгани ҳазил­а­кам нарса эмас. Ҳамма­сининг ор­тида тинимсиз маш­ғулот, иро­да, матонат, куч-ғай­рат туриб­ди. Ўтган йил Олим­пиада ўйин­ларида ўзбекис­тон­лик чарм­қўлқоп усталари­нинг дунёда умумжамоа ҳисо­бида тенгсиз деб топилгани­дан шун­чаки қувониб бўлмай­ди. Бу чинакам ғурур, чина­кам ғалаба! Бу чи­на­кам шо­диёна эди! Ёки Паралимпия­чи­ларимизнинг ўттиз бир ме­даль билан юртга қайтишгани ўттиз икки нафар иштирокчи эканлиги ҳисобга олинса, тў­лиқ муваффақиятли қатна­шиш дегани эмасми? Ҳали дунё­да қатнашчилар би­лан медаллар сонида бунчалик яқинлик бўлгани кузатилмаган эди. Биринчи Президенти­миз­нинг саъй-ҳаракатлари билан спортчиларимиз дунёда муно­сиб ўрин эгаллашга му­ваф­фақ бўлишди. Бундан буё­ғига ана шу зафар йўлини ҳеч кимга бериб қўймай, мардо­навор босиб ўтиш талаб эти­лади.

Ҳа­демай тўрт йиллик­нинг ну­фузли мусобақаси яна кучли­ларни ўзига чорлайди. 2020 йили Токиода бўлиб ўти­ши кутилаётган кейинги Олим­пия ўйинларига лицен­зия­ни қўлга киритиш мусоба­қаларига ҳа­ли вақт бўлсада, Навоий Олимпия захиралари кол­ле­­жи­да ўқув-йиғин  машғу­лотла­ри бош­лаб юбо­рил­ган. 

— Спортчи ўқув­чи­ларимиз­нинг икки юз нафардан орти­ғи Ўзбе­кис­тон чемпионати ғо­­либи ва соврин­дорлари­дир, — дей­ди биз билан суҳбатда коллеж дирек­торининг спорт ишлари бўйи­ча  ўринбосари Азиз Шомуро­дов. —  Шундан олтмиш нафа­ри спорт турлари бў­йича Ўзбе­кистон миллий тер­ма жа­моаси аъзо­си санала­ди. Ну­фузли мусо­ба­қада қат­нашиш лицензия­си­ни қўлга киритиш учун хал­қаро дара­жадаги ғо­либлик­лар эътибор­га олина­ди. Яқин­да Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйи­ча Ўзбекис­тон чемпиона­тида 3-босқич ўқувчиси Бегзод Ума­ров 1-ўринни қўлга киритди. Шу­нингдек, у спорт устаси ун­во­нига ҳам эга бўл­ди. Бундан ташқари, апрель ойида Таи­ланд­да оғир атле­тика бўйича ўтказилган дунё­нинг қирқдан ортиқ давлати­дан вакиллар қат­нашган жа­ҳон чемпиона­ти­да Кумушхон Фай­зуллаева 58 кг. вазн тои­фасида 3-ўринни эгаллади. Бу фахрли ўрин унга 2018 йили Аргентинада бў­либ ўтадиган 3-Ёшлар Олим­­пиадасида ку­чини яна бир муҳим синовдан ўтказиш им­конини берди. 2020 йилги Олимпиадага тайёргарлик ишлари босқич­ма-босқич амал­га оширилмоқ­да. Ва кол­лежимиз ўқувчила­ри­нинг унда иштирок этиши спортнинг оғир атлетика, енгил атлетика, эркин, юнон-рум кураши тур­ларида кўпроқ кутилмоқда. 

Вилоят эркин кураш феде­рацияси ижрочи директори Тўймурод Адизовнинг таъкид­лашича, спортда спортчини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш муҳим ўрин тутади. Масъул ташкилотларнинг спорт­­чи жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлиги учун қўл­­­­дан кел­ган кўмагини аямас­­­­лиги ул­кан зафарларга хизмат қили­ши аниқ. Ўтган Олим­пия ўйинларида эркин кураш бў­йича Их­тиёр Наврўзовнинг совриндор бў­ли­ши бутун на­воийликлар­ни бениҳоя хур­санд қилганди. Бу йил эркин курашчилар са­фи янада оши­ши мумкин. Ай­ни пайтда кат­та­лар ўртасида Ўзбекистон чемпионлари 60 кг. вазнда Аб­бос Раҳмонов, 120 кг. вазнда Ҳасанбой Раҳи­мов, 97 кг. вазн­да Баҳодир Аслоновлар, захи­ра­да эса ёшлар ўртасида Ўз­бе­кистон чемпионлари Шер­зод Шам­суд­динов, Беҳ­зод То­ҳировлар ўқув-йиғин машғу­лот­ларини бошлаб юбо­риш­ган. Жароҳа­ти туфайли даво­ла­ниш муо­лажалари тез­кор олиб бори­лишини интиқ­лик билан кута­ётган яна бир ёшлар ўртасида чемпион Дав­латбек Исматов ҳам захирага қўши­лиши бел­гиланган. Гап спорт­га бефарқ бўлмаган му­тасад­ди ташкилот вакиллари­нинг бу йўлда ҳо­мий­лик қи­лишла­рини тезлаш­ти­ришда қолган, холос. Ватан байроғи­ни жаҳон ареналари­да мағрур ҳилпира­тишни юрак­дан иста­ёт­ган спорт­чи саломатлигини тик­лаш пай­салга солинадиган иш эмас, аслида. 

— Аббос Раҳмонов, Ҳасан-Ҳусанбой Раҳимовлар Россия­да ўқув-йиғин машғулотлари­да иштирок этишмоқда, — дейди уларнинг мураббийи Т. Адизов. — Аббос ва Ҳусан­бой яқинда Озарбайжонда бўлиб ўтадиган халқаро тур­нирда қатнашади. Умид қила­мизки, курашчиларимиз ўзла­рига билдирилган ишончни оқлашади.

Баҳодир Аслонов НДПИ 2-босқич талабаси. Шу йил­нинг февраль ойида у Болга­рияда бўлиб ўтган эркин ку­раш бўйича халқаро турнирда ғолиб бўлди. Айни пайтда у Тош­кентда ўқув-йиғин машғу­лотларида қатнашмоқда.

— 14 ёшимдан буён эркин кураш билан шуғулланаман, — дейди у. — Машғулотларда дилимда доим юксак мақсад бўлади. Орзуим Олимпиада ўйин­ларида қатнашиб, ғолиб бўлиш.

Шунингдек, Паралимпияга ҳозирлик ишлари ҳам қизғин тусга кирган. Айни кунларда паралимпиячилар енгил атле­тика бўйича тажрибали му­раб­­­бий Игорь Шишков бош­чили­ги­да сентябрь ойида Лон­донда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпио­натига тайёргарлик кўришмоқ­да. Ундаги фахрли ўрин спорт­­­чиларимизни То­кио­га, Пара­лим­пия мусобақа­ларига янада яқинлаштиради…

Ишдан қайтарканман, яна ўша дугонам билан кўришиб қол­дик. У ўзида йўқ хурсанд эди. "Мени табрикла, дугона­жон. Ўғлим вилоятда ғолиб бўл­ди. Энди республика мусо­бақаси­да қатнашаркан!" деб қолди. Бу гапдан менинг ҳам бошим осмонга етди. Дуго­намни чин дилдан қутладим. "Энди ме­нинг ўғлим ҳақида ҳам ёзасан­ми?" "Албатта! Ҳали у Олим­пия ғоли­би ҳам бўлади. Кўра­сан" де­дим. Ва­тан шаъ­нини муносиб ҳимоя қилиш учун май­донга туша­диган ши­жоат­ли, юраги қай­ноқ, ғурури ба­ланд спортчи ҳақида ёзмай бўларканми?

Зулфия  БОБОЕВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6947