Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Юртимизга баҳор элчиси Наврўз кириб келмоқда. Боғу роғлар гулзорга айланиб, адиру қирлар яшил либос киймоқда. Кенг майдонларга қут-барака сочилмоқда. Наврўз том маънода янгиланиш, яшариш, табиатнинг уйғониши ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш айёми сифатида ҳам эъзозланади.

Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда ҳар бир байрам олдидан ҳашарлар ўтказиш, тозалик ва ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратиш янада улуғворлик касб этмоқда.

Албатта, обод масканларга ҳар қанча байрамлар, тўйлар ярашади. Шу нуқтаи назардан республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам Наврўз айёмини қизғин ва муносиб кутиб олиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 11-12 март кунлари ушбу улуғ айём муносабати билан ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида халқимизнинг ўзига хос шарқона анъаналари, қадриятлари яна бир бор намоён бўлди.

Умумхалқ хайрия хашари муносабати билан 2264 гектар майдонлар ободонлаштирилиб, 1805 километр масофадаги ариқ ва латоклар тозаланди. 481 та қабристон, 38 та зиёратгоҳларда олиб борилган ободонлаштириш тадбирларида эса вилоят аҳли фаол иштирок этиб, ҳашарнинг азалий қадриятларимиздан бири эканлигини амалда исботлашди.

— Умумхалқ хайрия ҳашари давомида вилоятимиз бўйича 432 мингдан ортиқ манзарали, 316 520 та мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 583 мингдан ортиқ гуч кўчатлари экилиб, 923 мингга яқин дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Ҳашарни самарали ташкил этиш учун 1293 та техника воситалари жараёнга жалб этилди. Ушбу тадбирларни амалга оширишда вилоятимизнинг 695 412 нафар фуқаролари фаол иштирок этган бўлса, уларнинг 361 949 нафарини ёшларимиз ташкил этди. Ҳашар муносабати билан шаҳару қишлоқларимиз гўзал қиёфа касб этиб, Наврўз байрамига муносиб туҳфа бўлди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Нормурод Исоқов.

Наврўз умумхалқ байрами олдидан, айниқса умумхалқ хайрият ҳашарларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига беминнат ёрдам кўрсатиш, улар ҳолидан хабар олиш ҳам анъанага айланган.

Вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари давомида 1484 та эхтиёжманд оилаларга, 487 та ногирон ва ёлғиз қарияларга моддий ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг юмушларига кўмаклашилди. Натижада 298 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирланишига эришилди. Албатта, бу хайрли ишларда вилоят ёшларининг шижоати ва ғайрати янада ёрқин намоён бўлди.

Озодалик, тозалик бор жойда барака бўлади, албатта. Ҳашар элимизнинг ободлигини, кўркамлигини, меҳр-оқибатлилигини, саховатпешалигини ўзида мужассамлаштирган эзгу ва хайрли тадбир ҳисобланади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Кўрилганлар сони: 6526