Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, ҳар бир хонадонда ичимлик суви, иссиқлик, газ таъминоти ва бошқа маиший қулайликлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда иқтисодиёт тармоқларини, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида узлуксиз ишлашга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
 
Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 27 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида коммунал хўжалик, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқа тегишли тармоқлар зиммасига тизимдаги ишларни талаб даражасида йўлга қўйиш, истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида узлуксиз ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш борасида катта масъулият юкланган. Бу борада пойтахтимизда ҳам муайян юмушлар бажарилмоқда.
 
Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, қозонхоналар, иссиқлик трассаларини капитал ҳамда жорий таъмирлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Куз-қиш мавсуми олдидан барча иситиш тизимлари юқори босим остида тўлиқ текширувдан ўтказилмоқда. Кўп қаватли уй-жой фондини қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш мақсадида уй-жойларнинг 1 миллион 527 минг квадрат метр том қисми мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди. 9 минг 400 дан ортиқ кириш йўлаклари таъмирланиб, эшикларга кодли қулфлар ўрнатилди. Шу билан бирга, кўп қаватли уйлардаги 1 минг 371 лифт жорий таъмирланиб, уйлар атрофига 368 болалар майдончалари қурилди ҳамда мавжуд 1 минг 108 шундай масканлар таъмирланди.
 
“Ўзкоммунхизмат” агентлиги тизимидаги корхоналар ҳам куз-қиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 24 километр иссиқлик, 12 километр газ, 21 километр ичимлик, 5 километр оқова сув ва 351 километр электр тармоқлари, 20 дан ортиқ иссиқлик етказиб берувчи қозонлар, 383 транформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. 770 километр иссиқлик, ичимлик, оқова тармоқлари, мингдан ортиқ трансформатор пунктлари ҳамда 540 дан зиёд иссиқлик етказиб берувчи қозонлар жорий таъмирланди. 
 
Куз-қиш даврини хотиржам ўтказишни таъминлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир. 
 
Миробод туманидаги “Нукус коммунал” уй-жой мулкдорлари ширкати ҳам қишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Ёнма-ён жойлашган тўққиз ва тўрт қаватли уйга хизмат кўрсатувчи мазкур ширкатда аҳолининг қиш мавсумини беталафот ўтказиши учун барча шароит тахт қилиб қўйилаётир.
 
– Илгари уйларимизда кўплаб муаммолар мавжуд эди, – дейди 4-уйда яшовчи Бахтиёр Тошмуродов. – Болаларимизнинг ўйнаши учун жой йўқ, атрофнинг санитария ҳолати ҳам талабга жавоб бермас эди. Бугун уйимиз олдидаги орасталикни кўрган кишининг баҳри дили очилади. Авваллари уйларнинг ертўласида ҳар доим сув, чиқиндилар тўпланиб ётарди. Ҳозир ертўла тозаланиб, электр ўтказилди, пластик қувурлар ва электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Лифтлар мунтазам ишлаб турибди. Болалар учун барпо этилган замонавий майдончада турли ўйин қурилмалари мавжудлиги фарзандларимизни қувонтирмоқда. 
 
Яшнобод туманидаги “Шердор коммуналчи” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати таркибидаги еттита кўп қаватли уйнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари сифатли таъмирланди. Бу ишларнинг асосий қисми аҳоли кўмагида амалга оширилди. 
 
– Қишга тайёргарлик жараёнида тизимдаги уйларнинг барча йўлакларига темир эшиклар ўрнатилди, уларнинг еттитаси капитал таъмирдан чиқарилди, – дейди мазкур уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Гулмира Абдужабборова. – Уйнинг олди панжара билан ўралиб, йўлакларга тош ётқизилди. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тўловларни ундириш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни тўғри йўлга қўйдик. “Ипотекабанк”дан олинган 50 миллион сўмлик кредит эвазига 2 минг 600 квадрат метр том таъмирланди. Хонадонлардаги иситиш қувурлари замонавийларига алмаштирилиб, тўртта болалар майдончаси қурилди. Айни пайтда ҳудудимизда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга бепул хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчимиз
 
Кўп қаватли уй-жой фондининг қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати бўйича жойларда жамоатчилик назорати ўрнатилиб, улар томонидан уй-жойлардаги мавжуд ҳолат ўрганилмоқда. Бажарилган юмушларнинг сифатини таъминлаш мақсадида масъул идоралар вакилларидан иборат жамоатчилик комиссияслари тузилган бўлиб, мазкур комиссия далолатномалари асосида ишлар қабул қилинаётир. 
 
Амалга оширилаётган бундай ишлар тармоқдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, хонадонлар ва корхоналарнинг қиш мавсумини муаммосиз ўтказишини таъминлаш имконини беради.
ЎзА, Сайёра Шоева
Кўрилганлар сони: 7019