Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Кулол ҳикмати

24.12.2014 11:15:54


Қадим Нуротанинг мармари, кашта-ю, сўзаналари эл оғзига тушган. Пурвиқор тоғлари каби салобатли, дала-даштлари сингари меҳнаткаш, зилол булоқларидек тиниқ табиатли одамлари орасида ўлан айтган бахшилар, ашъор битган шоирлар, кураги ерга тегмаган полвонлар кўп. Ўтмиш-анъана қадриятларини бугунги кунда давом эттириб, замонавий сайқал бераётган ёшлар бобомерос, момолардан ёдгор урф-одат ва қадриятларга содиқ қолган ҳолда ижод қилмоқдалар. Соф тупроқ, лой ва гилдан сопол буюмлар, турли ўйинчоқлар ясаш дунёнинг кўпгина халқларида анъанага айланган. Масалан, Латвияда ҳарбий хизматни ўтаган чоғимда маҳаллий миллат вакилларининг ранг-баранг кулолчилик ишларини кўриб ҳайратланганман.Ўзимизда ҳам бу ҳунарни санъат даражасига олиб чиққан халқ усталари азалдан яшаб келган.

Ўзбекистон Бадиий Акаде­мияси тасарруфидаги ви­лоят ихтисослаштирилган санъ­ат мактаб-интернатида айни пайтда 100 нафар ўқув­чи таҳсил олади. 2015-2016 ўқув йилидан эса ўқув­чилар сафи кенгаяди. Ви­лоят ми­қё­сидаги ушбу таъ­лим дар­гоҳи янги бунёд этил­ган  330 ўринли ўқув биноси ва 100 ўрин­га мўл­жал­ланган ётоқ­хо­нага эга. Бу ерда спорт за­ли, футбол май­дони, ошхона ва бошқа ёр­дамчи бинолар ҳам мав­жуд.

Мактаб-интернатда тасви­рий ва амалий санъат соҳа­сида истеъдодли ёшларга сабоқ берилади. Уста-кулол Баҳодир Сарибоевнинг Сар­дорбек Файзиев, Севара Оли­мова, Жавоҳир Ҳамро­қу­лов, Муниса Наимова, Ҳаёт Мирзаев, Фарҳод Қўзиев каби 40 нафарга яқин шо­гирди ҳавасу ҳайрат би­лан миллий ҳамда замона­вий руҳ­­даги ўйинчоқларни плас­­­тилин, лой ва гипсдан тайёрлашади. Кулол чархида болалар томонидан турли ҳажм ва шаклда тайёрланган сопол ўйинчоқлар, товоқ, коса, лаган, ли­коп­ча, кўза каби рўзғор буюм­лари ке­йинчалик Ба­ҳодир аканинг уйидаги мах­сус хумдонда пиширилади. Ҳозирча мак­таб-интернатда бу имконият яра­тилмаган. Қўлига мой­бўёқли қаламини олиб, ўз­лари яса­ган шаклларга ранг бераёт­ган болалар хаё­лоти­нинг че­гараси йўқ: туёғидан ўт чақ­наган, пойгага шай оқ тул­пор, қанот ёзиб турган ло­­чин, қалпоқ кийган мушук; уй-рўзғор анжомлари кенг стол устига териб қўйи­либ­ди. Фойе ва залларда эса ёш мусаввирлар чизган ранг-тасвир намуналари, сурат­лар осилган.

— Мактаб-интернатимизда асосан қалам-тасвир, ранг-тасвир, фикрлаш-компози­ция йўналишлари, миниа­тю­ра бўйича машғулот­лар олиб борилади, — дейди Б. Са­ри­боев. —Ўқувчилари­миз на­фақат "Келажак ово­зи", "Ка­малак юлдузлари", "Мас­тер.uz" каби турли фес­­­ти­валь, кўрик-танлов ва кўр­газ­маларда, балки хал­қа­ро ми­қёсдаги шундай тад­бир­лар­да ҳам намунали иш­тирок этиб келмоқда. Маса­лан, 9-синф ўқувчиси Азиз Тур­су­нов "Камалак юлдуз­лари" кў­рик-танловининг рес­пуб­лика босқичида тас­вирий санъат йўналиши бў­йича 1-ўрин со­ҳиби бўлди ҳам­да дип­­­лом ва қимматбаҳо совға билан тақ­дирланди. Имко­нияти чек­лан­­­ган ўқув­чи­лар ўртасида ўтказилган "Маф­тун­кор ранг­лар жило­си" ви­лоят санъат кўр­газ­ма­сида Жа­воҳир Ҳам­роқулов сов­рин­­дорлар са­фи­дан жой олди.

Шогирдларининг ютуқ­ла­ри ҳақида фахр билан сўз­лаётган Баҳодир аканинг бобоси Авезхўжа ганчкор уста сифатида Нуротада донг таратган. Бу касбни давом эттирган не­вара кам бўлмади. "Меҳнат инсонни улуғлайди", деган ҳикмат ку­лол иш фаолия­ти­нинг маз­­мунидир. У ўзи ва шо­гирд­ларининг ижодий иш­ларини олиб, Тошкент шаҳ­рида, Али­шер Навоий ном­ли Мил­лий боғда ҳар ойда бир марта ўта­диган "Мас­тер.uz" ярмар­ка­сида қат­на­шиб ту­ради. Айни кунда ус­тоз-шогирдлар янги 2015 йил­нинг февралида Алишер Навоий ҳазратлари тавал­луд санасига бағиш­ла­на­диган ана шундай ярмар­ка­га тай­ёр­гарлик кўриш­моқда.

Жамолиддин ҲОТАМОВ.

Кўрилганлар сони: 8402