Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

“Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак, шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт”, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида.
Дарҳақиқат, бугун ҳар бир раҳбар фаолиятининг бош мезони “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бўлмоғи лозим. Инсон қадри эса, содда қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришдан иборатдир.
Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг вилоят марказидан 250 километр олисда жойлашган “Янгиғазғон” ОФЙ ҳудудига кирувчи “Фидокор” овулига ташрифида ана шу мақсадлар мужассам бўлди.
Н. Турсуновга вилоят ва туман секторлари раҳбарлари ҳамда тегишли мутасаддилар ҳамроҳлик қилишди.
Кўпдан буён раҳбарлар қадами етмаган “Фидокор”да 500 нафардан кўпроқ қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Турмуш манбаи асосан чорвачилик бўлган мазкур ҳудудда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида жорий йил истиқлол байрами арафасида 160 ўринли 1 та умумтаълим мактаби ва 60 ўринли 1 та мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Вилоят раҳбари дастлаб ушбу ижтимоий объектларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шундан сўнг уйма-уй юриб, ҳудуддаги аҳолининг ижтимоий муаммолари ўрганилди.
Ҳудудда истиқомат қилувчи Абдулла Қалимбетов кўп йиллардан буён ногиронлиги сабаб ижтимоий аҳволи оғирлашиб қолган.
Н. Турсунов билан мулоқот чоғида у оиласи билан яшаб турган хонадонини таъмирлаб беришини сўраб мурожаат қилди. Худди шундай Тажигул Ешпулатова ҳам боқувчисини йўқотганлиги, яшаб турган хонадони таъмирталаб бўлиб қолганлиги сабаб уйини таъмирлашга эҳтиёжи борлигини билдирди. Вилоят раҳбари ҳар иккала фуқаронинг хонадони тез кунларда таъмирланишини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатма бериб, масаланинг ечими манбасини ҳам аниқ кўрсатиб ўтди.
Шундан сўнг аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Самимий суҳбат чоғида одамлар ўзларини қийнаётган муаммолар билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан розиликларини ҳам изҳор қилишди.
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда ҳудудда чорвачилик соҳасини тараққий этишида йўлларнинг текис ва равон бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу жиҳатдан маҳаллий чорвадор аҳоли кундалик эҳтиёж моллари ҳамда чорвачилик маҳсулотларини харид қилиш учун қўшни Бухоро вилоятининг Ғиждивон туманига боришларига тўғри келади. Ёзнинг жазирамаси, қишнинг аёзли кунларида Қизилқум барханларидан таркиб топган қўмли йўллар, айниқса, саратонда қумларнинг кучиши оқибатида аҳоли хавф-хатарларга дуч келишмоқда. Шу боис йўлларга қум-шағал ташлаб тартибга келтиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.
Вазиятни ўрганган вилоят раҳбари Н.Турсунов ўз сўзида ушбу муаммони бугун ёки эртага эмас, балки, кўз фаслида маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳал қилиб берадиган бўлди. Бунинг режасини тез кунларда ишлаб чиқиш ва таклифлар киритиш бўйича вилоят Автомобиль йўллари худудий бошқармаси мутасаддиларига топшириқ берди.
Аҳоли саломатлигини муҳофазалаш борасида ҳудуддаги “Янгиғазғон” қишлоқ врачлик пункти филиали билан яқиндан танишиш жараёнида эса ҳудудда ҳамшира ечишмаслиги, ҚВП биносининг хоналари камлиги аниқланди.
Бу камчиликлар ҳам тез фурсатда ечим топадиган бўлди. ҚВП биноси ёнига қўшимча барча қулайликларга эга бўлган замонавий контейнер поликлиника жойлаштириладиган бўлди.
“Фидокор” овули аҳолиси билан учрашуви ниҳоясига етгач, вилоят раҳбари ҳамроҳлари билан “Янгиғазғон” ОФЙ ҳудудида “Спутник Радик” МЧЖ томонидан ташкил этилаётган дам олиш ва соғломлаштириш масканидаги қурилиш ишлари ҳамда дам олувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.
Бу ерда сайёҳлар учун анъанавий ва ноанъанавий бўлган 10 га яқин хизмат турлари йўлга қўйилади. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам мавжуд бўлмаган от ва туяда ҳамда квадроциклда сайр қилиш, туз ва туя сути билан даволаш, юлдузларни кузатиш хизматлари шулар жумласидандир.
Чўл ҳудудида ташкил этилаётган ушбу масканда лойиҳа қувватига кўра бир кунда 250 нафарга яқин дам олувчиларга хизмат кўрсатувчи ушбу маскан ишга тушиши билан 20 яқин янги иш ўрни яратилиб, туризм хизмати экспорти йилига 800 минг долларни ташкил этиши кўзда тутилган.
Кўрилганлар сони: 1490