Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Юртбошимизнинг 2020 йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Навоий кон-металлургия комбинатида 2021 йилда 2 та йирик металлургия заводи барпо этилиши вазифаси белгилаб берилган эди. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида шуҳратли корхонада 7-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилгани кўпминг кишилик меҳнат жамоасининг улкан ютуқларидан биридир.

Маълумки, қутлуғ саналар, байрамлар арафасида комбинатда янги ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар фойдаланишга топшириш анъанага тусига кирган. Улкан жамоа мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик тўйига ҳам муносиб байрам туҳфаларини ҳозирлади. Шу кунларда улар бирин-кетин  фойдаланишга топширилмоқда. Зеро, жаннатмакон юртимизга фақат мана шундай ютуқлар ярашади.

Бу шарафли йўлда бепоён Қизилқум шароитида замонавий заводлар қуриш бўйича бой тажриба тўплаган жамоа аҳли яна бир бор маҳоратини ишга солиб, кончилар нималарга қодирлигини бу гал ҳам амалда намоён этди. Ғоят қисқа даврда, белгиланган муддатидан олдин замонавий 7-гидрометаллургия заводи барпо этилди. Қурувчи ва мутахассислар азму шижоати билан лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичида маъданни қайта ишлашга ихтисослашган тўртта тегирмон блоки ишга туширилди. Ўтган йили заводда 10 миллион тонна маъдан қайта ишлашга эришилди.

Дарвоқе, завод технологик жиҳатдан бошқа турдош заводлардан ажралиб туради. Хусусан, корхонада маъданни қайта ишлаш таркибида олтин кам бўлган рудадан энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни, кислотали ишқор технологияси орқали қайта ишланиб, маҳсулот олишга ихтисослашган. Кимёвий ишлов беришда маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиши маҳсулот таннархини янада арзонлаштириш имконини бераяпти. Энг қувонарлиси, заводда минглаб иш ўринлари яратилиб, корхонага тўлиқ ёш кадрлар, асосан Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёшлар ишга қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бир пайтлар комбинатда завод ёки оддий бир цех барпо этиладиган бўлса, четдан мутахассислар олиб келинарди. Сўнгги йилларда бу ҳолга тамоман чек қўйилди. Эндиликда маҳаллий кадрлар бой тажриба тўплаб, замонавий технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган заводлар қуришни чуқур ўзлаштириб олди. Бу, албатта, шонли корхонанинг энг катта ютуғидир.

Яна бир муҳим маълумотни айтиб ўтиш ўринли. Илгари ишлаб чиқариш корхонаси қурилса, оддий болтигача четдан олиб келинарди. Бу борада ҳам олиб борилган тинимсиз изланиш ва меҳнат туфайли ҳозирги пайтда улар комбинат бўлинмаларида ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда нафақат оддий болтлар, балки илгари четдан валютага олиб келинадиган кўплаб дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, бутловчи материаллар қаторида шарли тегирмонларгача Навоий машинасозлик заводи ҳамда кон бошқармалари цехларида тайёрланмоқда.

Мисол учун, завод қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар чет элдан сотиб олинмасдан, Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилиши эвазига 56 миллион долларга яқин маблағ тежалди. Бу оддий фактлар замирида аҳил жамоанинг ва мутахассисларнинг ақл-заковати, профессионал малакаси заҳматли меҳнати ётибди.

Тўйга тўёна билан деганларидек,“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида нишонланаётган  шукуҳли айём арафасида “Мурунтов” конида ҳам муҳим бир объект фойдаланишга топширилди ва бу Ватанимиз қутлуғ тўйига муносиб совға бўлди.

Бундай натижаларга эришишнинг асосий омилларидан энг биринчиси комбинатнинг юксак малакали мутахассислари ва муҳандисларининг конда олиб бораётган кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари самараси, деб биламиз. Айниқса, конда тик-қияли конвейер – “КНК-270” ишга туширилиши кон-металлургия тарихида муҳим янгилик бўлди. Ҳозирги кунда бу кон геологлар томонидан энг йирик олтин захирасига эга кон сифатида эътироф этилиб, унинг захираси 4 минг тоннадан ортиқ баҳоланган. Ушбу кондан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткични 50 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган.

Шу мақсадда, айни пайтда қиймати 733,9 миллион доллар бўлган ва қарийб 1800 нафар янги иш ўрини яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбати” лойиҳаси бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – комбинатда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир.

Мазкур лойиҳа майдалаш ва узатиш пункти, қия-магистрал конвейер, ағдарма ташиш конвейери, темир йўл ўтиш иншооти каби қисмларни ўз ичига олади. Майдалаш ва узатиш пункти автомобиль ва конвейер транспортининг кесишмасида жойлашган бўлиб, кон тошларини маълум миқдоргача майдалаб, сўнгра қия магистрал конвейерга узатади. Унинг умумий қуввати соатига 7 минг тоннани ташкил этади. Барча конвейерлар Навоий машинасозлик заводида тайёрланиб, уларни йиғиш ишлари Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Жанубсаноатмонтаж” акционерлик жамияти ҳамда Марказий кон бошқармаси мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилди.

Бу ютуқларнинг замирида кончиларнинг ўз касбига садоқати, Юртбошимизнинг Навоий кон-металлургия комбинати жамоасига юксак ишончи ва улкан корхонани ҳамиша қўллаб-қувватлашига амалий жавоби мужассам.

Ушбу объектларнинг очилиш маросимида НКМК бош директори Қ.Санақулов ва вилоят ҳокими Қ.Турсуновлар иштирок этишди.

 

Кўрилганлар сони: 2354