Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бундан 10 йил муқаддам Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган армрестлинг бўйича жаҳон чемпионатидаги ўзига нисбатан адолатсизликни Мирзоҳид унутолмаса керак. Ўшанда у 60 килограммгача вазндаги спортчилар ўртасида барча рақибларидан устун келиб, чемпионлик учун ҳал қилувчи беллашувда россиялик спортчи билан тўқнаш келганди.
– Баҳсга ҳакамлик қилаётган германиялик мутахассисга нимамдир ёқмади, шекилли, менга икки марта огоҳлантириш бериб, рақибимни ғолиб деб эълон
қилди, – дейди Мирзоҳид Шаропов. – Бу очиқчасига адолатсизлик эди ва ҳақиқатни тиклаш мақсадида чемпионат бош ҳаками, АҚШ вакилига мурожаатимиз ҳам фойда бермади. Менимча, дунё харитасида яқинда пайдо бўлган ёш мустақил давлатнинг навқирон спортчиси жаҳон миқёсидаги улкан баҳсда ишонч билан ўз сўзини айтаётганлигини улар ҳазм қилишолмаганди ўшанда...
Лекин бу воқеа унинг учун бир умрлик сабоқ бўлди. 2005 йилда Японияда бўлиб ўтган ер юзининг энг кучлилари баҳсига бутун дунёга, шунингдек, ҳакамларга ўзининг кимлигини, қаердан эканлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида алоҳида тайёргарлик кўрган ҳолда келди ва шунга эришди.
Энг қизиғи, бу оддий тасодифмиди ёки Оллоҳнинг кароматими, Мирзоҳид ғолиб чиққан финал баҳсини Жанубий Африка Республикасидаги чемпионатда унга беписандлик билан муносабатда бўлган АҚШлик мутахассис бошқариб борди ва Ўзбекистон ўғлонининг рақибидан ҳар жиҳатдан устунлигини тан олишдан бошқа чораси қолмади.
Шундай қилиб, Мирзоҳид жаҳон чемпиони деб эълон қилинди ва Ўзбекистон Республикаси байроғи энг юқорига кўтарилди. 
Хатирчилик Тожи ва Зевар Шароповлар оиласида ўғил фарзанд туғилганида уларнинг қувончу шодлиги оламга сиғмаганди. Лекин кутилмаганда боланинг ҳаракат-таянч тизими хасталигига чалинганлиги бу шодликка соя солмасдан қолмади. Ёш ота-она дилбандининг соғайиб кетиши, дунёнинг шодлигу қувончларидан барча қатори тўла баҳраманд бўлиши учун ҳамма ишни қилишди. Уни Қибрай туманидаги ихтисослашган мактаб-интернатга жойлаштиришди.
Мирзоҳид бу ерда таҳсил олиш билан бир пайтда доимий равишда спорт билан шуғулланди. Ётган ҳолатда тош кўтариш, қўлларга таянган ҳолда эгилиб-кўтарилиш машқлари туфайли жисмоний жиҳатдан тенгдошларидан, ҳатто ўзидан катта ёшдаги болалардан ҳам ўзиб кетди. Шу даврдаёқ у спорт билан бир умрга дўст тутинган, ҳаётини ундан айрича тасаввур этолмаган бўлса, ажабмас. Самарқанддаги касб-ҳунар коллежида ўқиш йиллари ҳам, Навоийга келиб вилоят ногиронлар жамиятида ҳисобчи вазифасида меҳнат фаолиятини бошлагач ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни канда қилмади. 1999 йилда бўлиб ўтган имконияти чекланган спортчилар ўртасидаги вилоят биринчилигида бир йўла уч йўналиш, армреслинг, тош кўтариш ҳамда қўлларга таяниб, эгилиб кўтарилишда ғолиб бўлди ва тажрибали мураббий Игорь Шишковнинг назарига тушди. Унинг қўл остида армрестлинг билан жиддий шуғулланишга киришди.
Орадан икки ой ўтиб, республика чемпиони бўлди. Кейинчалик Ватанимиз мустақиллигининг 8 йиллигига бағишланган Ўзбекистон кубоги мусобақасида ғолиб чиқиб, мамлакат терма жамоасига қабул қилинди.
Мирзоҳид учун терма жамоа сафидаги илк халқаро беллашув, 2000 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳридаги Осиё чемпионати муваффақиятли ўтди. Осиё чемпиони деган шарафли унвонни қўлга киритиб, Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Унинг халқаро ареналардаги ғолибона йўли, Олимп сари одимлари шу тарзда бошланди. Жасур ўзбек ўғлони 15 марта Осиё, 7 марта жаҳон, шунингдек, 2004 йилда бир марта Европа очиқ чемпионатида кўҳна қитъа чемпиони унвонларини қўлга киритди.
Дунёнинг АҚШ, Бразилия, Япония, Эрон, Польша, Чехия, Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси каби 20 га яқин давлатларидаги тенгсиз баҳсларда жонажон Ўзбекистонимиз байроғи кўтарилишига, мадҳияси янграшига эришди. Ўз вазни тоифасида нафақат имконияти чекланган спортчилар, балки жаҳоннинг етти мучаси соғ энг кучли армрестлинг усталари устидан ҳам ғалаба қозонганлиги кишини ҳайратга солади.
М. Шароповнинг бундай фидойилиги давлатимиз томонидан муносиб тақдирланмоқда. Унинг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ҳамда “Жасорат” медали билан мукофотланганлиги, “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонига муносиб кўрилганлиги ҳам ана шундан далолатдир. Мирзоҳид Шаропов универсал спортчи. Мана бир йилдирки, у байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мамлакат паралимпия терма жамоаси таркибида 2016 йилда Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида бўладиган 15-ёзги паралимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Яқинда эса мамлакат терма жамоаси сафида Москвада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб қайтганлиги тайёргарлик кўнгилдагидек бораётганлигини кўрсатди.
Қаҳрамонимиз нисбатан ёш эканлигига қарамасдан, ўзининг ҳаёт, меҳнат ва спорт фаолиятида кўпчилик учун ибратли йўлни босиб ўтди. Бу йўлнинг истиқболи янада порлоқ эканлиги шубҳасиз.

ИСТИҚЛОЛДАН КУЧ ОЛГАН ЎҒЛОН
Олим ХЎЖАЕВ, ўз мухбиримиз.

Кўрилганлар сони: 7297