Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик субъектларини электрон усулда давлат рўйхатидан ўтказиш механизми яратилгани иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ йўлга қўйилган янги усул хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини тезлаштириб, ишбилармонлар вақтини тежаётир. Ортиқча сарф-харажатларга барҳам бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида етти юздан ортиқ тадбиркорлик субъектлари интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказилди. 
– Айни пайтда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тадбиркорнинг электрон буюртмаси асосида “Ўзинфоком” давлат унитар корхонасининг www.id.uz сайтидан идентификацион рақам олиб, янги ташкил этилаётган субъектни www.my.gov.uz ягона интерактив давлат хизмати порталида давлат рўйхатидан ўтказаётир, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳайдар Абдурасулов. – Ушбу сайтга давлат рўйхатидан ўтиш тартиби ва талаб этиладиган ҳужжатлар тўғрисидаги барча маълумотлар киритилгани тадбиркорларга манзур бўлмоқда. Улар бу имкониятдан фойдаланиб, хўжалик юритувчи субъектни электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб мурожаат этаётир. 
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуруламал бўлаётир. 
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 62,9 фоизни ташкил этди. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 222 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. 18 минг 884 янги иш ўрни яратилди. 2014 йилнинг ўтган даврида воҳада чарм пойабзал, трикотаж, тикувчилик, кўмир брикети, карбит, лак-бўёқ каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. 
– Йил бошидан туманда тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказишни жорий этиб, таъсис ҳужжатларини масофадан туриб интерактив расмийлаштириш тизимини йўлга қўйдик, – дейди Сариосиё тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси бошлиғи Ойбек Қосимов. – Бу жараёнда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказишга ариза бериш, шунингдек, рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатлари ва тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани беришда электрон рақамли имзодан фойдаланилмоқда. 
Электрон шаклда маълумотлар алмашишнинг йўлга қўйилаётгани ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириб, тадбиркорларнинг давлат органлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаётир. Термиз шаҳрида 79, Узун туманида 71, Сариосиёда 70, Бойсунда 69, Жарқўрғон туманида 61 тадбиркорлик субъекти интерактив усулда давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам хусусий секторда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиб бораётганини кўрсатади.

ЎзА, Х.Маматрайимов
Кўрилганлар сони: 6507