Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Ўқувчилик йиллари шитоб билан ўтиб бормоқда. Бу йил мактабнинг битирувчи ўқувчиларимиз. Ҳар йили 9-синф ўқувчилари  билан боғлиқ бир  ҳол такрорланади. Бу ҳам бўлса, "Эсдалик дафтари" тутиши ёки тутмаслик. Аслида, эсдалик  дафтари  керакми?..

Бу саволга деярли барча ўқитувчилар бир овоздан "йўқ", деб жавоб  беришса, ўқувчилар, албатта, "керак", дейишади. Ўқи­тув­чилар "Эсдалик дафтари" керак эмас, деб ҳи­соб­лашади. Гўёки, бу ўқувчилар онгини заҳар­лайдиган "вирус"дек. Илгарилари ўғил болалар ҳам эсдалик дафтари тутишар экан. Ҳозир эса кўпинча қизлар бу дафтарларнинг эгаси. Синфимизда ҳали ҳеч ким эсдалик даф­тари тутмаган. Менимча, мактаб йилларини эслатиб турувчи, синфдошлар дил сўзлари ёзил­ган бундай дафтарлар керак. Ахир, тўққиз йиллик шодлик, қувонч ва дўстлар билан ўтказган бахтиёр дамларни дафтарга муҳрлаб қўйсак, бунинг нимаси ёмон?! Вақти келиб, қачон­лардир мактаб йиллари, синфдошлари­миз ёдимизга тушиб, уларни қўмсаганда ўқиб, дилимиз таскин топса, ёмонми?

Мен яқинда бир амакимнинг ўқувчилик йилла­рида тутган эсдалик дафтарини топиб олдим. Ҳали ҳам асраб юрибдилар. Шкафда энг қадр­ли нарсадек авайлаб-ўраб олиб қўйиб­дилар. Эсдалик дафтарида инсоннинг юрагидан тў­кил­ган сатрлар, қалбни жунбишга келтиргувчи олис болалик хотиралари бўлади. Бу сўзлар­ни, бу хотираларни оёқости қилиб бўлмайди. Уларни асраб қўйиш, узоқ йўлни босиб ўтгач эса варақлаб, олис болаликка  саёҳат қилишнинг ўзи кифоя. Акс ҳолда бу дафтарнинг қадри ҳам, кераги ҳам йўқ. Бу менинг фикрларим, сиз-чи? Сиз нима дейсиз, тенгдошим, "Эсдалик даф­тари" чиндан керакми?..                               

Дилдора  ЯРАШОВА,

Кармана туманидаги 22-мактабнинг 9-синф ўқувчиси.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6878