Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

27 январь куни Хитойда бўлиб ўтган олимпия терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати ўз ниҳоясига етди. 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида учинчи бор ўтказилган бу турнирнинг аввалги икки мезбони Қатар ва Уммон бўлишганди.

    Тақдирни қаранг-ки, барча мез­бонлар айнан Ўзбекистон олимпия терма жа­моа­си жойлашган "А" гу­ру­ҳида жам бўлиш­ди. Аввалига Қатардан мағлуб бўлдик. Кейин эса Хитойни ҳам, Уммонни ҳам 1:0 ҳисобида енгдик.

   Равшан Ҳайдаров мураббийлиги­даги жамоамизнинг барча кутил­ма­­ган "совғалари" плей-оффга олиб қў­йилган экан. Чорак финалда японлар 4 та гол билан "сийла­нишди", кейин кореяликлар­ни 4:1 ҳисобида енгган терма жамоамиз финалда Вьетнам­га тўқнаш келди.

   Икки кучли жамоани тор-мор эт­ган ҳам­юртларимиздан ҳамма йирик ҳисобдаги ғалабани кутди.

   Финал ўйини Осиё ва мамлакати­миз тарихида "қор жанги" сифа­тида ёдда қоладиган бўлди. Уму­ман, бу ўйинда ноодатий ҳолатлар кўп бўлди: стадион оппоқ қорга бе­ланган, жа­моамиз май­донга бирин­чи бўлимда оқ либосда, иккинчи бўлимда кўк либосда чиқди, та­наффус 15 дақиқа эмас, деярли 1 соат­га чўзилди (май­­донни қордан тозалаш­ди). Шу куни оппоқ қор билан қопланган майдонда тўп сурган йигитларимиз ўйин­нинг дастлабки дақиқаларида Рустам Ашурматов киритган гол эва­зига ҳисобни очишди. Кейин вьет­нам­­ликлар ҳисобни тенглашти­ришди.

  Асосий бўлимлар шу тариқа ниҳоя­сига етганидан сўнг берилган қў­шимча вақт ҳам голсиз ўтади­ган­дек туюлаётган бир пайтда Равшан Ҳай­даров оқилона қарор қабул қилди, мураббий турнир даво­мида атиги 6 дақиқа ҳаракат қилган ва рақиб дарвозаси томон ҳатто зар­ба бе­риш­га ҳам улгурмаган ҳужум­чи Андрей Сидо­ров­ни майдонга ту­ширди. У вьетнамлик­лар дарво­за­­сига жамоамизга олтин ме­дал­ларни тақдим этган зарбани йўл­лади. Ҳи­соб 2:1 ва биз чемпионмиз!

  Қувонарлиси шундаки, жамоамиз ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамро­беков мусоба­қанинг энг яхши фут­болчиси деб топил­гани байрам устига байрам бўлди.

  28 январь, тунги 23:50 да юрти­миз­га қайтган чемпионларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида юзлаб мух­лислар катта тантана билан кутиб олдилар. Мам­лакатимиз Президен­тининг ташаб­бу­си билан шу вақтнинг ўзида мил­лат қаҳрамон­ларининг ҳар бирига "Chevrolet Malibu-2" автомобили­нинг калитла­ри топширилди.

  Энг муҳими, терма жамоамиз ора­сида навоийлик Дилшоджон Ҳам­роев ҳам дар­во­забон сифатида мам­ла­катимиз шара­фини муносиб ҳи­моя қилди.

  30 январь куни фахрли спортчи­миз билан вилоятдошларимиз уч­ра­­шуви ўтказилди. Навоий шаҳри­даги "Ёшлар" спорт мажмуасида бў­либ ўтган тадбирда ёшлар, футбол ишқи­бозларидан иборат юзлаб мухлис­лар қатнашди.

  — Эришган ғалабамиз нафақат фут­бол ишқибозлари, балки бутун халқимиз­га тегишли, — дейди Д. Ҳамроев. — Юртдош­лари­миз­нинг бизга билдирган ишончи, қўл­лаб-қувватлагани ана шундай юксак натижани туҳфа этди. Спорт­чи ёш­ларимиз учун кенг имконият­лар яра­тиб бераётган Президен­тимизга ташаккур.

  Тадбирда ёшу кекса сўзга чиқар­кан, уларнинг тилида, қалбида бир­гина сўз — "Бўларкан-ку!", деган жўш­­қин фикр қайта-қайта такрор­ланди.

Халқимиз ёш футболчиларимиз­дан бундан-да катта натижалар кутиб қолади.

Кўрилганлар сони: 5842