вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
28.07.2017 16:40:15
Навоий вилояти мустақил Ўзбекистонимизнинг энг ёш маъмурий бирликларидан бўлса-да, у эгаллаган ҳудуд кўп асрлик тарих ва инсоният тамаддунида бетакрор ўринга эга маданий-маърифий меросга эга. Вилоят ўзининг саноат салоҳияти билан мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ажралиб туради. Истиқлолнинг тарихан қисқа ўтмишида вилоятнинг кўпмиллатли аҳли ҳамжиҳатликда ўз билим ва меҳнатлари билан Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорини юртдошларимиз қатори, навоийликлар ҳам дилда ажиб ифтихор ва фахр билан қарши олдилар. Байрамнинг бу йил "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" деган эзгу ғоя остида нишонланиши эса халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаб, бутун куч-ғайратини янада буюк янгиланишларга сафарбар этишга даъват этмоқда.
Қатрада қуёш акс этганидек, мамлакатимиздаги шиддаткор янгиланишлар Навоий вилоятида ҳам ёрқин бўй кўрсатиб, бу вилоят аҳлининг турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эртанги кунга ишончини тобора мустаҳкамламоқда. Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси асосида ишлаб чиқилиб, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вилоят аҳлини янги-янги марралар сари илҳомлантирмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз", деган шиор халқимизнинг онгу шуурига теранроқ кириб бормоқда. Мустақиллик берган неъматларни — тинчлик ва ҳурриятни қадрлашни англаб етган халқимиз дилига юқоридаги шиорни жо этган ҳолда, янги ва юксак марралар сари бел боғлади. Бу бугун мамлакатни модернизация қилишда ҳам, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ҳам, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини оширишда ҳам яққол кўзга ташланаяпти.
Мамлакатимиз Президенти томонидан 2017 йилга — "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб ном берилганлигини ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади", деган ғоят муҳим даъватларда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш учун раҳбарлар халқ билан мулоқот қилиши, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши ва шу йўлда хизмат қилишга тайёр бўлиши кераклиги бугун вилоятда амалга оширилаётган ҳар бир ўзгаришларда бош ғоя бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида халқимизнинг сабр-бардоши ва жасоратига алоҳида урғу бериб, "Ўзбек халқининг неча минг йиллик тарихида қандай мураккаб даврлар, оғир синовлар бўлганини барчамиз яхши биламиз. Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади", деб таъкидлаганида барчамизни янада фаол ва миллат манфаатига дахлдор бўлишга даъват этди. Шу кунларда фуқароларимиз билан ўтказаётган мулоқотларимиз ҳам шундай эзгу ва хайрли ишларга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадидаги ҳар бир ташрифи қадами қутлуғ эканлигини амалда исботламоқда. Буни Юртбошимиз ташаббуси билан узоқни кўзлаб амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 28 март куни вилоятимизга қилган ташрифи ҳудудимиз учун барча соҳаларда жуда катта имконият эшикларини очиб берди. Буни халқимиз ҳам юракдан ҳис этиб, ушбу жараёнларнинг бевосита фаол иштирокчисига айланмоқда. Айниқса, вилоятни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастурнинг ишлаб чиқилгани Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга бўлган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин намунасидир.
Мазкур Дастур доирасида 2017-2018 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 6,4 триллион сўмдан юқори бўлган 2,5 мингдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилгани эса яқин келажакда халқимиз фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Биргина 2017 йилда умумий қиймати қарийб 1,2 триллион сўмлик 1 950 та лойиҳа ишга туширилиб, 12 459 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичлари ортиши билан бир қаторда, аҳоли даромадларининг ўсишига, бандлигини таъминлашга, пировардида турмуш фаровонлигининг янада ошишига олиб келади.
Ўзбек халқи азалдан ўзининг бунёдкорлиги, яратувчанлиги, илму маърифати билан алоҳида ажралиб турган. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳам, Бобур Мирзо ҳам ўз даврида халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган иншоотлар, мадрасалар қурдирган. Уларнинг намунасини Ер юзининг сайқали сифатида эътироф этилган Самарқандда, Ислом динининг қуввати бўлмиш Бухорода, очиқ осмон остидаги жавоҳиримиз Хива шаҳарларида кўришимиз мумкин. Қўйингки, жаннатмакон Ўзбекистон заминининг ҳар бир гўшасида ажойиб қадамжоларни, тарихий-меъморий ёдгорликларни учратиш мумкин. Навоий ҳам Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган кўҳна ва навқирон макондир. Шу сабабли вилоятимиз ҳудудида Нуротадаги Чашма мажмуаси, Маликработ ва унинг сардобаси, Мавлоно Ориф Деггароний зиёратгоҳи, Мир Саид Баҳром мақбараси, Қосим Шайх Азизон меъморий мажмуаси каби кўплаб тарихий обидалар ҳамон бу заминнинг ўтмишидан сўзлаб турибди. Бизнинг биринчи галдаги вазифаларимиздан бири ҳам халқимизнинг бой тарихини, аждодларимизнинг маънавий меросини келажак авлодларга безавол етказишдан иборат. Шу маънода Навоий вилояти ҳудудидаги барча қадамжолар қайта таъмирланиб, уларнинг атрофини янада ободонлаштиришга катта эътибор қаратаяпмиз.
Юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор, Фармон ва Фармойишлар мазмун-моҳияти жиҳатидан халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, одамлар розилиги, юртимиз ободлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ҳам халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгандир.
Шу ўринда, муҳтарам Президентимизнинг "Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори чўл ҳудудлари аҳолисига бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир. Мазкур қарор 80 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган Конимех, Томди ва Учқудуқ туманларида йиғилиб қолган муаммоли масалаларни ҳар томонлама ва самарали ҳал қилишда, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор ушбу ҳудудларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантиришга, аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, ушбу имтиёз ва енгилликлар кадрлар қўнимсизлигини бартараф этиш, ҳудуддаги аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилашда муҳим ўрин тутаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Фармойиши халқимизнинг, айниқса ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бу борада вилоятимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Энг аввало, асосий эътибор замонавий китоб дўконлари қуриш ва моддий техник базани яратиб олишга қаратилиш баробарида, аҳолининг, айниқса ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасида ҳам кенг тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Эътироф этиш керакки, вилоятда қисқа муддатларда 2 та "Китоб олами" савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Вилоят ҳокимлиги муассислигидаги "Дўстлик байроғи" ва "Знамя дружбы" газеталари таҳририяти давлат корхонаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа қиймати қарийб 2 миллиард сўм бўлган замонавий кўринишдаги 2 қаватли мажмуа ишга туширилиши китобсевар ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди.
Мазкур савдо мажмуаси 5 минг китоб сиғимига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 дан ортиқ китобхонларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шунингдек, мажмуада мижозлар учун замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ўқув зали ва бошқа қулайликлар мавжуд. Ушбу мажмуанинг ишга туширилиши орқали 10 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, Навоий шаҳри марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашига қарашли умумий қиймати қарийб 400 миллион сўм бўлган замонавий китоб дўкони фаолияти йўлга қўйилди. Бугун ушбу даргоҳ ёшлар билан энг гавжум масканга айланди.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида эса Кармана тумани "Талқоқ" маҳалласида вилоят Маънавият тарғибот бўлими маблағлари ҳисобидан қиймати 1,1 миллиард сўмга тенг бўлган яна битта замонавий "Китоб олами" дўконининг фойдаланишга топширилаётгани бу борадаги ишлар бардавомлигидан далолат беради.
Мамлакатимизда халқаро интеграциянинг самарали усули — эркин иқтисодий зона кўриниши Навоий вилоятида ўз фаолиятини бошлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони соҳани янги босқичга олиб чиқиш баробарида, юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларни рақобатдош ва экспортга йўналтирилган замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга янада фаол жалб қилиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлаш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоятнинг саноат ва экспорт салоҳиятини оширишда ўз ўрнига эга бўлган "Навоий" эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгандан буён жами, 123,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, уларнинг 35 фоизга яқини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудудда 18 та корхона самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги экспортбоп, юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳудудда 2017 йилнинг 1-ярмида жами 88,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, уларнинг 3,3 миллион АҚШ долларилик маҳсулоти экспорт қилинди. Корхоналарда минг нафарга яқин юқори малакали кадрлар ва маҳаллий ёшлар меҳнат қилаётганлиги натижасида аҳолининг турмуш фаровонлиги янада ўсиб, бир қатор ижтимоий масалаларнинг ҳам ечим топишига хизмат қилаётир.
Ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва вилоятнинг саноат потенциалидан оқилона фойдаланиш мақсадида 2017-2019 йилларда "Навоий" эркин иқтисодий зонасида жами қиймати 251,4 миллион АҚШ доллари, шундан 80,6 миллион АҚШ доллари хорижий инвестициялар, 88,5 миллион АҚШ доллари тижорат банклари кредитлари бўлган 39 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланди. Бунинг натижасида юқори малакали маҳаллий кадрлар учун 2 минг 500 та янги иш жойи яратилади.
Янги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида, йилига қўшимча 320 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва унинг 30 миллион долларга яқини экспортга йўналтирилади. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар 80 миллион долларни ташкил этади.
Биргина, "Ўзқурилишматериаллари" АЖ томонидан қиймати 35,2 миллион АҚШ доллари бўлган "Green Line Profil" МЧЖ ЧЭК корхонаси негизида йиллик қуввати 35 минг тонна ҳар хил турдаги алюминий профил маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 221 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган.
Айниқса, "Навоий" халқаро аэропортини янада ривожлантириш ҳисобига, Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда катта ҳажмдаги юклар ва йўловчи транзит рейслари қабул қилиш имконини берадиган халқаро логистика маркази ташкил этилгани "Навоий" эркин иқтисодий зонасининг ривожида муҳим ўрин тутмоқда.
"Навоий" халқаро аэропорти орқали юклар ташиш ўнлаб хорижий давлатлар билан амалга оширилаётгани нафақат Навоий вилоятининг, балки республикамизнинг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришда, қўшимча минглаб иш ўринларини яратиш, пировардида, халқ фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Истиқлол йилларида Навоий вилоятида саноат имкониятларидан кенг фойдаланиш, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш орқали янги қувватларни ишга тушириш чоралари тизимли олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги "2017-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятдаги 14 та корхонада жами 55 та лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот, материаллар, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш белгиланган.
Жорий йиилнинг ўтган даврида вилоят бўйича маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилиши белгиланган 39,1 миллиард сўмлик маҳсулот ўрнига 49,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар 9 та ҳудудий лойиҳа бўйича 14,4 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2017-2018 йилларда вилоятни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган ҳудудий лойиҳалардан импорт ўрнини босувчи экспортбоп 40 та лойиҳа таклифи саралаб олиниб, тегишли вазирликларга лойиҳа паспорти автоматлаштирилган тизим орқали киритиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу лойиҳалардан 15 тасининг паспортлари тегишли вазирликларга тақдим этилди.
Хусусан, Навоий шаҳрида "Навоий евро рубероид" МЧЖни ишга тушириш орқали 4 та, яъни МНЖ-5-1, Л-68 латун қувури, 77-2-0.05 маркали ЛАМШ қувури ва М3 мис қувури ишлаб чиқариш кўзда тутилган. "Triumf gornyak" МЧЖда эса ўтга чидамли вермикулит панеллар, "Навоий картон қоғоз" МЧЖда гофро картон, Кармана туманидаги "Karmana Al-Aziz Avitsenna" ва "Grand Farm Avitsenna" масъулияти чекланган жамиятларида доривор ўсимликларни қадоқлаш фаолиятининг йўлга қўйилиши белгиланган.
Ушбу корхоналар фаолиятини бошлаши натижасида юздан зиёд янги иш ўринлари яратилади.
Муҳтарам Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган ҳаётий қарор ва Фармонлари мазкур соҳа тараққиёти учун туб бурилиш ясади. Шу боис, тадбиркорлик иқтисодиётнинг локомотивига айланиб бораяпти. Бугунги кунда вилоятимизда 7559 та кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 26,5 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса мазкур тармоқнинг имкониятлари нақадар кенглигидан далолат беради.
Энг эътиборлиси, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида аҳолининг 248,1 минг нафари иш билан банд.
Вилоятимиз ҳали ўз экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдалангани йўқ. Саноат соҳасида етарли тажрибага эга бўлсак-да, мева-сабзавот экспорти бўйича эндигина харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқдамиз. Бу эса натижаларда ёрқин намоён бўлмоқда. Вилоят бўйича белгиланган йиллик экспорт режаси 62,9 миллион доллар бўлиб, саноат маҳсулотлари режаси эса 29,2 миллион долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари режаси эса 33,7 миллион долларни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, шундай катта саноат салоҳиятига эга бўлган вилоятда, ундан-да кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти мавжуд.
Биз улардан унумли фойдаланган ҳолда 1-ярим йиллик якуни билан вилоят бўйича 12,6 миллион долларлик саноат маҳсулотлари ва 8,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширдик. Бунда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ўсган бўлса, жами ҳудудий экспорт ўтган йилга нисбатан 105 фоизни ташкил этди.
Вилоятимизда йилдан-йилга экспорт қилувчи хусусий корхоналар сони ортиб бормоқда. Биз бундай тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда уларга барча имкониятларни яратиб бермоқдамиз. Шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида экспорт режаси белгиланмаган янги 12 та корхона томонидан 1,1 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Шунингдек, мева-сабзавотчилик йўналишидаги 12 та янги корхона томонидан 4,9 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳам амалга оширилди.
Жорий йилда жами 16 турдаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, уларнинг 3 таси янги турдаги гилам, синтетик калава ип ва прима вата каби 430 минг долларлик маҳсулотлар экспортини ташкил этади.
Йил якунига қадар қўшимча 5 та янги саноат ва 7 та мева-сабзавот корхонаси экспорт фаолиятига жалб қилинади ҳамда улар томонидан камида 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, йил якунига қадар ҳудудда мавжуд бўлган 267 гектар иссиқхоналарни 404 гектарга етказиш бўйича аниқ дастурлар ишлаб чиқилиб, бу борадаги ишларимиз ҳам ўз натижасини кўрсатмоқда. Мева-сабзавот маҳсулотларини бозорга сифатли етказиб беришда уларни сақлаш муҳим ўринга эга. Шу боис бу борада ҳам тизимли ишлар ташкил этилиб, айни пайтдаги мавжуд умумий сиғими 17,3 минг тонна бўлган 41 та совиткичли сиғимларни йил якунига қадар яна 11 та, қуввати 2,4 минг тонна бўлган совиткичли сиғимларга етказиш кўзда тутилган. Энг эътиборлиси, мазкур барпо этиладиган янги иссиқхоналар ва совиткичли сиғимлар ишга туширилиши натижасида қўшимча 10 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятияратилади.
Сўнгги йилларда вилоятимиз маркази - Навоий шаҳри ҳам ўзгача қиёфа касб этиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳисобига кун сайин кўркамлашиб бормоқда. Бу уйларни қуришда замон талабларига катта эътибор қаратилмоқда. Уларни бунёд этишда ижтимоий инфратузилма ва бошқа барча қулайликлар эътиборга олинмоқда. Зеро, бу уйларга кўчиб кираётган юртдошларимиз тинчлик-осойишталикни, мустақиллик берган неъматларни, байрам шукуҳини юракдан ҳис этмоқда. Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш дастурига асосан 2017-2020 йилларда Навоий шаҳрида 840 хонадонли 20 та, шу жумладан 2017 йилда 210 хонадонли 5 та 7 қаватли турар-жой бинолари қурилиши белгиланган бўлиб, айни пайтда уларда пардозлаш ишлари амалга оширилаётир.
Қолаверса, Навоий шаҳар ҳудудида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 126 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 35 та кўп қаватли уйлар қурилиши олиб борилаётгани аҳолининг уй-жой билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилаяпти. Мазкур уйлар қуриб битказилиши натижасида 1 минг 548 та оила замонавий ва шинам уй-жойларга эга бўлади. Бу ҳам халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Шунингдек, бугунги кунда Кармана туманида 2 та 64 хонадонли уй қурилиши олиб борилаётган бўлиб, мазкур уй-жойларни давлатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тўйи арафасида фойдаланишга топширишни режалаштираяпмиз. Мақсадимиз, вилоятимиз аҳли энг улуғ, энг азиз байрамимизни юқори кайфиятда кутиб олишини таъминлашга қаратилгандир.
Жорий йил Инвестиция дастурига киритилган 89 та ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилиши учун жами 73,5 миллиард сўм маблағ ажратилаётганлиги эса бу йўналишдаги ишлар давомийлигини кўрсатади. Уларнинг 5 таси йилдан-йилга ўтувчи, 84 таси эса янгидан қурилиши бошланадиган объектлар ҳисобланади.
Истиқлолимизнинг 26 йиллик байрамига халқимиз учун муносиб туҳфа сифатида 82 та объект, жумладан, 22 та умумтаълим мактаби, 10 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та касб-ҳунар коллежи, 1 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 2 та тиббиёт муассасаси, 38 та ичимлик суви ва 6 та селга қарши объектлар фойдаланишга топширилаётгани бу йилги бунёдкорлик ишларининг қанчалик кўлами кенглигидан далолат беради.
Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йил давомида қишлоқ жойларда турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган 1185 та арзон уй-жойларнинг қурилаётгани аҳолининг ҳаётий зарурат бўлган орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлат органлари ва ижро этувчи ҳокимият раҳбарларига хизмат турар жойларини қуриш дастурига асосан вилоятимизда 2017-2018 йилларда 98 та хизмат турар жойлари қурилиши белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
2017-2018 йилларда профилактика инспекторлари учун эса шаҳарларда 49 та хизмат квартираси ҳамда қишлоқ жойларда 121 та 2 сотихли 3 хонали уй-жойлар қурилиши кўзда тутилганлиги бунёдкорлик ишларимизнинг кўлами кенглигидан дарак беради.
Бугун вилоятимизда барча тармоқ ва йўналишларда бунёдкорлик ва қурилиш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Аҳолининг энг зарур эҳтиёжларидан ичимлик суви масаласи ҳамиша диққат-эътиборимизда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги қарори асосида вилоятимиз аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун 14 миллиард 717 миллион сўм маблағ ажратилгани бу эҳтиёжларни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда намунавий уй-жой массивларида 35 километр ва қишлоқ аҳоли пунктларида 44 километр, жами 79 километр ичимлик суви тармоқларини барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Вилоятимиз аҳлининг узоғини яқин қилиш, равон йўллар қуриш орқали ҳам ҳудуднинг иқтисодий ўсишига эришиш мумкин. Қисқа ва равон йўллар миллионлаб маблағларни тежашга, манфаатли ҳамкорликларни кучайтиришга хизмат қилиши ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "2017-2018 йилларда ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарорига асосан 2017 йилда жами 150 километр, шундан 32,8 километр умумфойдаланувдаги ва 117,2 километр ички йўлларни қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига 58 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 11,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Натижада 102,5 километр автомобиль йўллари таъмирланди.
Шу билан бир қаторда халқимизни табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам диққат марказимизда турибди. Бугун Ўзбекистон халқи ҳар жиҳатдан тўкис бўлган фаровон ҳаёт кечиришга ҳақли. Биз бу йўналишдаги ишларимизни ҳам янада ривожлантириб бораверамиз.
Муҳтарам Президентимиз доимо баркамол авлод тарбиясига катта эътибор қаратиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлашга устувор масала сифатида қаралмоқда.
Спорт иншоотларидан фойдаланиш даражаси ва улар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, истиқболли спорт турларини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шулар асосида болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этишни кенгайтириш Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифасидир.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган 2003-2016 йиллар давомида вилоятда жами 107 та иншоот қурилиб фойдаланишга топширилган. Уларнинг 95 таси болалар спорт иншооти, 12 таси эса Болалар мусиқа ва санъат мактабларини ташкил этади.
Жорий йилда тасдиқланган манзилли дастур асосида Нурота туманида 1 та 3285,3 миллион сўмлик ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилиши бошланган бўлиб, ушбу комплекс истиқлол байрами арафасида туман ёшларига муносиб туҳфа бўлади.
Бугунги кунга келиб вилоятимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган спорт билан шуғулланувчи болалар сони 67 минг 537 нафарни ташкил этса, уларнинг 27 минг 453 нафари қизлардан иборатдир.
Спорт мактабларида 2015 йилда 83 та бўлимда 761 та гуруҳ фаолият юритган бўлса, 2017 йилга келиб улар сони 51 тага, гуруҳлар эса 277 тага ошиши кузатилди. Бунинг натижасида спорт билан шуғулланувчилар сони 10 минг 614 нафардан 14 минг 246 нафарга кўпайишига эришилди.
Яратиб берилган бундай шароитлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз ёшлари бир қатор нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, кўплаб совринли ўринларни қўлга киритдилар. Жумладан, жаҳон чемпионатлари ва кубокларида 2 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза, Осиё чемпионати ва кубокларида 2 та олтин, 2 та кумуш, 10 та бронза, халқаро турнирларда 51 та олтин, 29 та кумуш, 69 та бронза, Республика чемпионатлари ва кубокларида эса 285 та олтин, 302 та кумуш ва 353 та бронза медалларининг соҳиби бўлдилар.
Жорий йилда Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган "Баркамол авлод" спорт мусобақаларида вилоятимиздан иштирок этган 52 нафар спортчи спортнинг 14 тури бўйича 50 та, яъни 17 та олтин, 16 та кумуш, 17 та бронза медалларини қўлга киритгани ҳам бу ютуқлар салмоғи юксаклигидан дарак беради.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида "Буюк ва бебаҳо неъмат — мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда" дейилган. Бугун барчамиз ана шундай эзгу ишларга ҳисса қўшаётганимиздан янада руҳланиб, бутун куч-қувватимизни Она Ватан равнақига сарфлаётганимиздан ғурурлансак арзийди. Зеро, буюк давлатимизнинг мустақиллиги, ҳурлиги ва озодлиги учун минглаб юртдошларимиз ўз жонларини қурбон қилишган. Биз уларнинг хотираси ва жасорати олдида бош эгиб, ана шундай аждодларимизнинг давомчиси эканлигимизни асло унутмаслигимиз лозим.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйини халқимиз жуда катта шоду хуррамликда қарши олмоқда. Негаки, соғлиқни сақлаш дейсизми, таълим-тарбия дейсизми, йўл қурилиши дейсизми, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати дейсизми, қўйингки, ҳаётнинг бирор жабҳаси йўқки, бўлаётган ўзгаришларни халқимизнинг ўзи кўриб, гувоҳи бўлиб турибди.
Бу йил халқимиз Мустақилликнинг 26 йиллик тўйини Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очилган даврда кутиб олмоқда. Уларнинг руҳияти ҳам, келажакка бўлган ишончи ҳам, ғайрат ва шижоати ҳам мутлақо ўзгача. Тараққиётнинг янги тўлқинидан куч олган Ўзбекистон халқи буюк келажагини ўз қўли билан қуришга қодир эканлигини ҳаётда исботлаб бўлди.
К. ТУРСУНОВ,
Навоий вилояти ҳокими,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Манбаа: dustlikbayrogi.uz