Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

ЗАМОНАВИЙ БИЛИМ ВА ТАЖРИБАГА ЭГА КАДРЛАР – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧИДИР

Бугунги давр давлат хизматчилари олдига янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизни замонавий босқичда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни рўёбга чиқариш учун бошқарув усулларини қайта кўриб чиқиш, фаолият самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз Президенти қарори билан 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Айни пайтда мамлакатда 18 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилган.

Юртбошимиз 2018 йилнинг 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишида юртимизда 600 нафардан зиёд халқаро илмий ва амалий тажриба эга маҳаллий кадрларга, 1000 нафарга яқин хорижий олимлар ва экспертларни жалб этишга талаб борлиги ҳақида тўхталган эди.

Замонавий кадрлар тайёрлаш масаласи кўплаб мамлакатлар учун долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон бу борада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик алоқаларини тизимли равишда шакллантириб борди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сингапур, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан экспертлар, халқаро ташкилотлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, академия тингловчилари иштирокида ўтказилган халқаро анжуманлар мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда, 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ҳамда функциялари қайта кўриб чиқилди. 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органи, бошқа ташкилотлар қайта тузилди. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди. Ушбу дастуриламал ҳужжат асосида давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар ва технологияларнинг илғор шакллари жорий этилаяпти.

Мазкур ислоҳотлар бугун ҳудудларда ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Навоий вилоятида замонавий кадрларни танлаш, тарбиялаш, жой-жойига қўйиш ва босқичма-босқич лавозимларга ўстириб бориш, шунингдек, уларнинг амалдаги ва истиқболли заҳирасини яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, замонавий кадрлар ва раҳбар ходимларни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ўрни беқиёс. Буни академия махсус курсларини тугатиб қайтаётган кадрларнинг меҳнат фаолиятидаги ташаббускорлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилнинг 6 ойи давомида Навоий вилоятидан 160 дан ортиқ давлат органлари ходимлари мазкур академиянинг Самарқанд ҳудудий филиалида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, ҳозирда вилоят ёшлари орасида истиқболли кадрларни излаб топиш ва заҳирага олиш жараёни изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, агентликнинг Навоий вилоят филиали томонидан Навоий давлат педагогика ва Навоий давлат кончилик институтларида халқаро, республика фан олимпиадалари, бошқа турли танлов ғолиблари ва совриндорлари ҳамда 3-4 курсларда аъло баҳоларга ўқиётган талабалари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилаётгани бунга яққол мисол. Бугунги кунда ана шундай ёшлардан 37 нафарини заҳирага олиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида “Тараққиёт” Республика танлови ўтказилди. 16 номинацияда ташкил этилган мазкур танлов замонавий фикрлайдиган, илғор ғояларнинг ташаббускори бўлган кадрларни кашф этишга хизмат қилди десак муболаға эмас. Ушбу танловда Навоий вилоятидан ҳам 1000 дан зиёд ёш кадрлар иштирок этганди. Саралашдан ўтганлари бугунги кунда муносиб лавозимларда ўз фаолиятини давом эттиришаяпти.

Таъкидланганидек, профессионал давлат хизматини яратиш мамлакатимизда давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисмига айланди. Бу жараёнлар кадрлар заҳирасини шакллантириш, уларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, стратегик мақсадларга эришиш учун амалий ҳамда прагматик қарорлар қабул қилишга қодир янги раҳбар кадрларни тарбиялаш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Айрим давлат органларида ишга қабул қилишнинг муфассал тартиби ишлаб чиқилган, шу жумладан, танлов асосида ишга қабул қилиш механизмлари жорий этилаяпти.  Мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Агентлик томонидан ўз таркибини замонавий ва истиқболли кадрлар билан тўлдириш мақсадида танлов ўтказиш ҳақидаги эълонга асосан Навоий вилояти филиалидаги вакант лавозимларга жами 19 нафар номзодлар танловда иштирок этиш истагида мурожаат қилишди ва жорий йилнинг июль ойида ўтказилган очиқ мустақил танловда вакант лавозимларга энг муносиб номзодлар саралаб олинди.

Шунингдек, вакант лавозимларга билимли ва етук кадрларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилишда адлия органлари тажрибаси ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

Юртимиздаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда, хусусан давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш жараёнларида кадрлар ресурси муҳим аҳамият касб этади.

Шундан экан, қайси давр ёки қайси жамият бўлмасин замонавий билим ва тажрибага эга кадрлар жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи бўлиб қолаверади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори

Б.Искандаров

Кўрилганлар сони: 3583