Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Маълумки нотариус қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.

Агар  бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса, бу нотариал ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса, муомалага лаёқатсиз фуқаро ёки зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса, юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса, битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун талабларига мувофиқ бўлмаса нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади.

Нотариус қабулига электрон тармоқ орқали мурожаат йўлланганда эса нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса, солиқ ёки коммунал хизматлардан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган бўлса, манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса, электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради. Нотариус мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига кура рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарорни нотўғри деб ҳисоблаган манфаатдор шахс бу хусусда нотариал идора турган жойдаги судга шикоят қилишга ҳақлидир.

Ҳақиқатан ҳатто нотариал тарзда тасдиқлаш қонунда кўзда тутилмаган бўлса ҳам шартноманинг тарафларидан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланиши мумкин. Агар контрагент бу шартномадан буйин товласа, вужудга келган низони судга ошириш мумкин, бироқ нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин эмас.

Нотариуслар томонидан нотариалҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193/3 – моддаси бўйича жавобгарликка тортишга асос бўлади, яъни - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда шуни инобатга олиш жоизки, нотариал ҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этиш нотариусни жавобгарликка тортишнинг асосий шарти ҳисобланади.

 

Замира Қодирова

Навоий шаҳрида хусусий

амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

Кўрилганлар сони: 1144