Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Қадрли навоийликлар!

Муҳтарам нуроний отахонлар ва онахонлар!

 

Ҳаммамизга маълумки бугунги кунда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бутун дунё ҳамжамияти нигоҳида.

Мамлакатимизда ҳам экологик ҳолатни яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида худудларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, 2022 йилда ушбу соҳада амалга ошилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

2021 йил ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” доирасида вилоятимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига асосан шаҳар ва туманларда дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари ташкил этилди.

Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларининг ўзида вилоятда 5 млн 540 минг дона кўчатлар экилди,

Шундан, автомобиль йўллари атрофларида 133 минг;

иҳота майдонларида 358 минг;

фермерлар дала атрофларида 1411 минг;

корхона ва ташкилот ҳудудларида 1841 минг;

шаҳар ва туманлар маҳалларида 1801 минг дона;

дона турли хилдаги манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Бу ишлар учун вилоят бўйича 24,2 млрд. сўм, шундан 3,0 млрд. сўм бюджет маблағлари, 21,2 млрд.сўм корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағлари сарфланди.

Бундан ташқари, вилоятимизнинг чўл ҳудудлари ҳисобланган Томди, Учқудуқ ва Конимех туманларида яшил қопламаларни барпо этиб, қум ва чанг бўронларини олдини олиш мақсадида, Давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 61 минг гектарда саксовул уруғлари экилиши таъминланди.

Шу билан бирга, экилган кўчатларни ёзги мавсумда бехато ундириб олишга асосий эътибор қаратилди.

Бугунги кунда вилоят бўйича манзарали ва мевали кўчатлар экилган ҳудудларда 64 дона тик қудуқлар, 180 километр қўшимча ариқлар, 268 гектарда томчилатиб суғориш тизими, 36 дона суғориш насослари ўрнатилди.

Шунингдек, 90 километр лотоклар, таъмирланди, 10 та носоз насос агрегатлари қайта таъмирланди, 32,5 километр ариқлар тозаланди.

Маҳаллалардаги 2 минг километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари ҳашар усулида қўл кучи ёрдамида тозаланди.

Президентимиз томонидан ўтказилган селектор йиғилишида шаҳарлар ва туманларда экологик ҳолатни яхшилаш бўйича жорий йил 1 мартдан бошлаб “Яшил йиллик” эълон қилинди.

Ушбу лойиҳа доирасида Навоий вилоятида баҳор мавсумида 9 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали, ҳудудларда яшил майдонларни кўпайтириш режа қилинган.

Шундан:

- автомобиль йўллари атрофларига 300 минг дона;

- иҳотазорлар барпо этишга 320 минг дона;

- фермерлар далалари четларига 3 млн. 5 минг дона;

- ижтимоий муассасалар ҳудудларига 250 минг дона;

- корхона ва ташкилотлар ҳудудларига 1 млн. 590 минг дона;

- ободонлаштириш объектларига 1 млн. 6 минг дона;

- шаҳар ва туманлар МФЙ ҳудудларида 1 млн. 2 минг дона кўчат ва қаламчалар ўтқазилади.

Ушбу кўчатларни экиш ҳудудларнинг иқлимига мос бўлган кам сув талаб этадиган кўчат турлари экилади.

Ҳар - бир хонадон атрофига 10 донадан, хонадон томорқасига 5 донадан кўчат экиш ташаббуси илгари сурилмоқда.

Ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида кўчатхоналар ташкил этилиб, кўчат етиштириш йўлга қўйилади.

“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирган хонадон эгаларига кўчатчиликни ташкил этиш учун субсидиялар ажратилади.

 

Азиз ҳамюртлар, қадрли ака-укалар, опа-сингиллар!

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, экилган кўчатлар келажакда униб чиқиши ва экология ҳолатини яхшилашга хизмат қилиши лозим.

Баҳор фасли ҳам яқинлашиб келмоқда, барчамиз ушбу мавсумда экиладиган кўчатларни ҳозирданоқ жамғариш ишларини, энг асосийси, экин майдонлари ва суғориш тизимлари бўйича тегишли чораларни кўришимиз зарур.

Шаҳар ва туманларда манзарали кўчатларни экишда ҳудудга мос бўлган, яхши ривожланиб чирой берадиган кўчат турлари танланиб, ҳар - бир маҳаллада “Экология кўчаси”, “Ўрмон кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этишни мақсад қилганмиз.

Ушбу тадбирларни амалга оширишда ўз хонадонларимиз атрофларини, ариқ бўйлари ва йўл четларининг бир қаричини ҳам эътибордан қолдирмасдан ҳудудимизнинг келгусида яшиллигини, кўркамлигини таъминлаш учун манзарали ва мевали кўчатларни ўтқазишимиз ва экилган ҳар - бир кўчатни кўз қорачиғидай асраб - авайлаб, парваришлашимиз зарур.

Азиз дўстлар, шижоатли ёшлар ва вилоятимиз фаоллари!

“Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида нуроний отахону онахонларимиз ўзларининг маслаҳат ва дуолари билан, ватанпарвар ёшларимиз ўзларининг шижоатлари, миришкор деҳқонларимиз ва соҳибкор боғбонларимиз ўз тажрибалари билан, маҳалладошларимиз ўзларининг фидоий меҳнатлари билан, жамоатчилик ва ташкилот вакиллари ўзларининг масъулятлари билан,  ҲАВАС ва ИШТИЁҚ билан ёндошишларига ишонаман.

Барча навоийликларни бу хайрли ишда камарбаста бўлишга, давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган ғамхўрлигига муносиб жавоб бериб, шахсий намуна кўрсатишга даъват этаман!

Ишонаманки, мазкур хайрли тадбирда вилоятимизда ҳеч ким четда турмайди ва биз воҳамизни барча ҳавас қиладиган яшил маконга айлантирамиз!

 

Ушбу лойиҳани амалга оширишда барчангизга куч-ғайрат ва шижоат тилайман!

 

Кўрилганлар сони: 2404