Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бугун эрта тонгдан Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Яшил йиллик” умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экиш ишлари бошланди. Ушбу хайрли ташуббусда вилоятнинг барча корхоналар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари вакиллари, фермерлар, ёшлар ва маҳалла фаоллари катта завқ ва улкан иштиёқ билан иштирок этмоқдалар.

Кўчат экиб, боғ яратиш азалдан халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири саналади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Яшил йиллик" тадбирини ўтказиш ташаббуси эса, халқимизнинг ана шу фазилатига ҳамоҳанг бўлди ва жўшқинлик бағишлади, десак муболаға бўлмайди.

Маълумки, Навоий вилояти ўзига хос тупроқ-иқлим ҳолатига эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Вилоятда тоғли, дашт ва суғориладиган ерларга бой туманлар мавжуд. Бундай шароитга мос мевали ва манзарали дарахтлар ва буталар кўчатларини танлаб олиш ўзига хос билим талаб қилади.

Шундан келиб чиқиб, вилоят олимлари иштирокида қишлоқ хўжалиги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳамкорлигида ҳудудга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт ва буталар турлари танлаб олиниб, захираси шакллантирилди.

Жумладан, вилоят шаҳар ва туманлари ҳудудларида эман, япон софораси, каталпа, қайрағоч, павлония, акация, виргин арчаси, чинор, шумтол, тут, терак, заранг каби манзарали, жийда, ёнғоқ, беҳи, олма, олча каби мевали дарахтлар ҳамда турли хилдаги ток қаламчалари кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, баҳор мавсумида Хатирчи туманида 1,752 миллион туп, Қизилтепа туманида 1,629 миллион, Навоий шаҳрида 1,321 миллион, Навбаҳор туманида 1,193 миллион, Кармана туманида 1,161 миллион, , Нурота туманида 517 минг, Зарафшон шаҳрида 420 минг, Конимех туманида 373 минг, Учқудуқ туманида 239 минг, Томди туманида 119 минг ҳамда Ғозғон шаҳрида 69 минг туп, жами вилоят бўйича 9 миллион донага яқин дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилади.

Эслатиб ўтамиз, вилоятнинг шаҳар ва туманларида манзарали кўчатларни экишда ҳудудга мос бўлган, яхши ривожланиб чирой берадиган кўчат турлари танлаб олинган бўлиб, ҳар бир маҳаллада “Экология кўчаси”, “Ўрмон кўчаси” каби намунавий кўчалар ташкил этилиши режалаштирилган.

Кўрилганлар сони: 610