Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

2020 йилнинг 29 декабрь куни Президентимизнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати тақдим этилди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур мурожаатида белгиланган вазифалар ва илгари сурилган ташаббусларнинг юқори аҳамияти ва долзарблиги барча ҳуқуқшуносларнинг, шу жумладан судья ва суд ходимларининг зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини ошириш, суд мустақиллигини таъминлаш мақсадида жуда муҳим бўлган ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, Президентимизнинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон, “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини  ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сон Фармонлари ва 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур фармон ва қарорлар ижроси юзасидан 2021 йилдан бошлаб жорий этилган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиб ҳисобланади.

2021 йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди.

Жорий йилдан фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги битта суднинг фаолият юритиши белгиланди. Ушбу ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратиб, уларнинг судма суд сарсон бўлишларини одини олишга хизмат қилади.

Ваҳоланки, адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

2020 йилда бошланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Мазкур ўзгариш орқали инвесторларга ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридантўғри Олий судга ёки вилоят судига мурожаат қилиш имконини яратилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг ПҚ-4818-сон Қарори ижроси таъминлаш мақсадида фуқароларга суд биносига келиб юрмасдан судга “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти босқичма-босқич яратилмоқда.

Юқорида қайд этилган ислоҳотлар асосида ва унинг мантиқий давоми сифатида “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президентимиз томонидан имзоланди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди.

Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилиши назарда тутилди.

Прокурорларнинг барча суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги белгиланди.

Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги назарда тутилди.

Иқтисодий процессуал кодексига киритилган мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар судда иш юритиш сифатини тубдан ўзгартириб, фуқаро, тадбиркор ва инвесторларнинг иқтисодиёт соҳасида бузилган ҳуқуқларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш механизмини янада кўчайтиришга, уларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамланишига, бу орқали маҳаллий ва чет эл инвесторларининг ўз инвестицияларини қўрқмасдан мамлакатимизга киритишга асос бўлади.

Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш орқали жамиятда адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.

 

Л.Тошмуродов Навоий вилоят судининг судьяси

Ш.Ғофуров Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

Кўрилганлар сони: 2587