Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Инсон қадри ҳақида сўз кетса, энг аввало унинг бетакрорлигини ёдга олиш жоиз.

Биологик жиҳатдангина эмас, кенг маънода антропология нуқтаи-назаридан ҳам ҳар бир инсон бу оламга бир бор келиши, ўз тақдирини ўзи яратиши, фаровон ҳаёт кечириш, таълим олиш, бу дунёда муносиб из қолдириш каби ҳақ-ҳуқуқларга эга эканлигини унутмаслик лозим. Шу маънода амалдаги жамият ҳар доим ўз фуқаросидан бир бахт қарздорки, уни вақтида узиш инсон қадри улуғланиши билан белгиланади. Айни тамойил мамлакатимиз раҳбарининг одамларимиз ислоҳотлар самарасидан эртага эмас, бугун баҳраманд бўлишлари лозим, деган даъватлари замирида ўз ифодасини топган.

Қадр ифодасининг зидди – қадрсизликка мисолни олис ўтмишдан излашнинг ҳожати йўқ. Аксинча, сўнгги йилларда амалга оширилган янгиланишларга шу призма асосида разм солишнинг ўзи кифоя. Айниқса, давлат ва шахс, жамият ва инсон муносабатларида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор тамойилларнинг илгари сурилиши ва улар мамлакатимизнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим ўрин тутиши Янги Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида бундан буён тутадиган позициясини дунё ҳамжамияти тан олишига замин яратди. Бунга мажбурий меҳнат(жумладан болалар меҳнати)нинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тизимларини йўлга қўйиш, таълим ва тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш борасидаги кенг кўламли бунёдкорлик ва ўз турар-жойига эга бўлмаган оилаларга давлат томонидан ссудалар ажратилиши буларнинг ҳар бирига биргина Навоий вилоятининг ўзидан ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин.

Энг муҳими, аҳолининг ўз қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқларини истаб қилаётган мурожаатларига жойларга чиққан ҳолда қулоқ тутилмоқда. Шу асосда ҳамда мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра, вилоятимизда ҳам келгуси беш йилликнинг дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра биргина жорий йилда вилоятимизда 2000 километрга яқин ички тупроқ йўлларга шағал ётқизилиб, кейинчалик беш йиллик дастур асосида жами 3,5 минг километр йўл асфальтлаштирилади. Шунинг беш юз километри жорий йилда амалга оширилади.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш мақсадида 114 мингта яроқлилигини йўқотаётган симёғочлар янгиланиб, 1215 та трансформатор ва 14 та подстанция янгидан қурилади. Шу орқали ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари учун муносиб муҳандислик коммуникация тармоқлари яратилади.

Шунингдек, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши даражасини янада ошириш мақсадида мазкур беш йилда 1000 километрдан зиёд ичимлик суви ҳамда 90 километрлик канализация тармоқлари тортилади ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунда олис ҳудудлар манфаати алоҳида эътиборга олинган.

Мактабгача таълим тизими таълимнинг бошланғич бўғини сифатида белгиланиши соҳага болалар қатнови қамровини янада оширишни тақозо этади. Шу мақсадда келгуси беш йилда 17 та МТТ янгидан қурилиб, 26 тасида тубдан таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари 466 та оилавий боғчалар ташкил қилиш орқали вилоятимиздаги болаларнинг МТТларига қамрови 84 фоиздан 87 фоизга етказилади.

Аҳоли саломатлигининг муҳофазаси барча даврлар учун инсон қадри улуғланишининг муҳим мезони бўлиб келган. Зеро, тиббиёт илм-фаннинг янги ютуқларига таянар экан, унинг такомиллашуви бир лаҳза бўлсин тўхтамайди. Жорий йил вилоятимизда 2та касалхона янгидан қурилиб, 8та касалхона таъмирланиши билан бирга, мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган ҳар бир ҳудудда кардиология марказлари очиш вазифалари асосида жорий йилда вилоятимизда юқори технологияга эга, бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётларни ўтказишга қодир Кардиология маркази ишга туширилади.

Вилоятимизда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида шароитлари оғир 22та маҳалла белгиланиб, уларда аҳоли учун муносиб яшаш шароити, инфратизим яратиш мақсадларига 330 миллирад сўм маблағ йўналтириш белгиланган. Бунинг натижасида ушбу маҳаллаларда 361 километрлик йўл ва 264 километрлик ичимлик суви тармоқлари фойдаланишга топширилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, унга муносиб меҳнат шароити яратиш, инсон қадрининг ажралмас бўлагидир. Шу боис бу борада вилоятни келгуси беш йилликда иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларида янги иш ўринлари яратиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу асосда жорий йил умумий қиймати 5,8 триллион сўмлик 842 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 8718 та иш жой яратилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимлари 50 миллион доллардан хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича топшириғидан келиб чиқиб, вилоятда яна қўшимча 550 миллион доллар инвестиция киритиш белгиланиб, шу йилнинг якунига қадар туманлар кесимида 792,4 миллион доллар хорижий инвестиция киритиш режаси тасдиқлаб олинди.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилда 173,9 мингта янги ишчи ўринлар яратишни белгилаб олдик. (жорий йилда 60,4 мингта ишчи жойига эҳтиёж мавжуд).

Ушбу режани амалга оширишнинг молиявий манбалари белгиланиб, унинг натижаси билан йил якунида вилоятдаги эҳтиёжманд оилалар реестридаги (камбағаллар) 26 минг нафар ҳамда 39,4 минг нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланади.

Аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича жами 113,4 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилади. Хусусан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 40,3 миллиард сўм, Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан 7,6 миллиард сўм, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши маблағлари ҳисобидан 8,5 миллиард сўм, Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун ҳоким ёрдамчиларига ажратиладиган маблағ 7,3 миллиард сўм, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 14,2 миллиард сўм, “Аёллар дафтари” жамғармасидан 17,8 миллиард сўм, “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 17,8 миллиард сўм субсидиялар йўналтирилади.

Бу ишларнинг барчаси янги тизим бўйича маҳаллабай ишлаш асосида ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Кези келганда таъкидлаш жоиз, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари томонидан шу кунга қадар вилоятдаги 330 та маҳалланинг 224,3 минг хонадонидан 55 фоизи хатловдан ўтказилди. Хатловларда эҳтиёжманд оилалар сони, кредит маблағига талабгорлар, тадбиркорлик қилиш истагидагилар, ишсизлар, соғлиги билан боғлиқ муаммоси борлар ва шароити оғир оилалар аниқланмоқда.

Хатлов якунлари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилади.

Президентимиз берган топшириқ ва кўрсатмалардан келиб чиқиб, ишларимизни тизимли равишда ташкиллаштириш Давлат дастурининг ижросини ўз вақтида ва сифатли тарзда тўлиқ бажарилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри янада улуғланиши йўлида тарихий қадам бўлиб, бу борада мамлакатимиз имиджини кўтариши, инвестициявий жозибадорлигини таъминлаши ва халқаро майдонда юртимиз ўз сўзига эга бўлишини таъминлаши шубҳасиз. Зеро, инсон қадри баланд мамлакатнинг қадди ҳам баланд бўлади.

Нормат Турсунов,

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи.

 

 

Кўрилганлар сони: 2453