Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Инсон капитали тор маънода – бу инсоннинг интеллекти, соғлиғи, билими, сифатли ва унумли меҳнати ҳамда унинг турмуш сифатидир.

Инсон капитали кенг маънода – бу иқтисодий ривожланишнинг интенсив ишлаб чиқариш омили, жамият ва оилани ривожлантириш, меҳнат ресурсларининг билимли қисми, интеллектуал ва бошқарув меҳнати, яшаш ва иш жойи муҳитидир.

Инсон капитали – бу, инсон эга бўлган билим, кўникма ва қобилиятларнинг йиғиндисигина эмас.

Чунки, биринчидан, бу тўпланган билим, малака ва қобилият заҳираси ҳисобланади. Иккинчидан, бу шундай заҳираки, у ёки бошқа бир муҳитда инсон томонидан ижтимоий қайта ишлашга сарфланади ва меҳнат унумдорлиги ҳамда ишлаб чиқаришнинг ўсишига имкон беради. Учинчидан, тўпланган билим, кўникма ва қобилият заҳирасининг мақсадга мувофиқ ишлатилиши фаолиятнинг юқори унумдорлигида ишчи иш ҳақи (даромади)нинг ўсишига олиб келади. Тўртинчидан эса даромаднинг ошиши инсонни рағбатлантиради ва қизиқтиради ҳамда янги билим ва кўникмалар заҳирасини тўплаб келажакда унумли қўллашга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: “Мақсад илм-фанни тубдан ривожлантириш, юксак натижадорликка йўналтирилган ихтисосликлар бўйича миллий лабораториялар тизимини яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз фани нуфузини кўтариш, асосий мақсадимиз – мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантиришдир”, деган пурмаъно сўзлари таълим-тарьбия соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.

Таълим ва соғлиқни сақлашга маблағ ажратиш инсон капиталига инвестицияларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

 Биринчидан, таълим қай даражада ривожланган бўлса, миллий иқтисодиётда шунга мос касбий тайёргарликка эга бўлган ходимлар фаолият кўрсатади ва шунга мос иқтисодий ўсишга эришилади. Таълим соҳаси иқтисодий ўсишга эришишнинг имконияти бўлиб ҳисобланади.

Жаҳоннинг етакчи олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон умумий даромадини ўртача 10 фоизга оширишини кўрсатган. Албатта, ушбу жараёнда таълим сифатига эътибор ҳам муҳим омил бўлади.

Иккинчидан, тълим билан бир қаторда соғлиқни сақлашга маблағ ажратиш ҳам муҳим ҳисобланади. Бу касалликлар ва ўлимнинг қисқаришига, инсон умрининг меҳнатга лаёқатли қисмининг узайишига, шу билан бир қаторда, инсон капиталининг фаолият кўрсатиш вақтини узайишига олиб келади.

Мамлакатда аҳолининг интеллектуал салоҳияти юқори даражага кўтарилиши иқтисодиёт реал секторида инновацион фаолиятни ривожлантиришга замин яратади. Натижада жамият аъзолари эҳтиёжи қондирилиши доимий равишда таъминланиб борилади.

Инсон капиталини ривожлантириш дунё бўйича етакчи олий таълим муассасаларини ўз ичига олган рақобатбардош ва мослашувчан таълим тизимига асосланган.

Бутун дунё бўйлаб барча олий таълим муассасаларининг меҳнат жамоалари ўз таълим муассасаларининг нуфузи, унинг глобал рейтингда юқори ўрни учун курашишади.

Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади – инсон капиталини тараққий эттиришдир.

Мазкур ҳужжатда 2030 йилга келиб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига киритиш асосий вазифаси турибди.

Республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, бунда мазкур олий таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш вазифалари белгиланган.

Навоий вилоятида фаолият кўрсатаётган иккита олий таълим муассалари - Навоий давлат педагогика институти ва Навоий давлат кончилик институти ҳудуд ёшларининг 12.5 фоизини қамраб олади.

Навоий вилояти саноатлашган ҳудуд ҳисобланиб, “Навоий” эркин иқтисодий зонага Ж.Корея, Ҳиндистон, Хитой, Сингапур ва бошқа давлатлар инвестициялари жалб этилиши эвазига янги иш ўринлари ташкил этилаётган бўлсада, малакали ва замон талабларига жавоб берувчи ахборот технологиялари ҳамда бошқа қатор мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда.

Бизга маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг инновацион иқтисодиётга ўтиш даврида етарли миқдорда зарур ва юқори малакали кадрларга талабнинг ортиши меҳнат бозоридаги асосий муаммолардан биридир.

Жаҳон тажрибасида бундай муаммони “skills gap” – яъни кадрлар бўшлиғи, деб номлашади.

Бундай муаммонинг асосий сабабларидан бири, мутахассис ходимларнинг миқдорий жиҳатдан йўқлиги эмас, балки фаолият турига қараб уларнинг зарур малака ва компитенцияга эга эмаслиги ҳисобланади. Ана шу нуқтаи назардан айтганда инсон ресурсларини ривожлантириш, жумладан ходимлар малакасини ошириш бугунги куннинг асосий талабларидан биридир. Юқори малака ва кўникмага эга кадрлар ислоҳотлар самарасининг гаровидир.

Шу мақсадда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг малака ошириш даражаси мақсадли ўрганилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг вилоятдаги ўрганилган  бошқарма ва бўлинмалардаги жами ходимлар сони 3152 тани ташкил этиб, уларнинг 799 нафари, яъни 25.3 фоизигина у ёки бу соҳада малака оширган ва қайта тайёрловдан ўтган.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда  бошқармалар ва ташкилотларнинг малака оширмаган ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрловдан ўтказиш бўйича “буюртма портфеллари” яратилиб, уларни босқичма-босқич малака ошириш курсларига юбориш белгиланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг Самарқанд филиали ҳамда бошқа малака ошириш институтлари, марказлари билан яқин ҳамкорликда ишланмоқда.

Агар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддати бугунги кундагидек мунтазамлик касб этса, яқин 15-20 йил ичида Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида сафида туришимиз мумкин бўлади.

Биргина рақамнинг ўзи бунга асос бўла олиши мумкин, масалан барчамизга маълумки мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 100 фоизи саводли. Ривожланаётган давлатларнинг барчаси ҳам бундай кўрсаткичга эга эмас.

Демак, давлатимиз бу борада мустаҳкам позицияга эга. Энди бор куч ва имкониятларни сафарбар этадиган, бошқача айтганда, бизга мамлакатни инновацион ривожланиш сари етаклайдиган рақобатбардош, малакали кадрлар, сифатли таълим берувчи олий ўқув юртлари ҳамда етакчи олимлар керак бўлади.

2020 йил юртимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном эълон қилинди. Аслида, бундан кўзланган мақсад илмий-фан ва таълим-тарбияни янги Ўзбекистоннинг тамал тошига айлантириш орзуси мужассамдир.

 

Аброр ЛАТИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Навоий вилояти филиали бош инспектори.

Кўрилганлар сони: 2946