Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Тошкент шаҳрида «Миллий интернет-журналистикани ривожлантиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика илмий-амалий семинари бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Тадбир Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар ахборот хизматларининг масъул ходимлари, медиа соҳа экспертлари, марказий, ҳудудий босма ва интернет оммавий ахборот воситалари журналистлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчи ва талабалари, блогерлар иштирок этди.

Семинарда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, медиа соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш босқичлари, интернет оммавий ахборот воситалари учун кадрлар салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистонда онлайн-журналистикани ривожлантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган маърузалар тингланди.

1995 йил 29 апрелда .UZ домени рўйхатга олинганидан буён унда жойлаштирилаётган веб-сайтлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Масалан, 2010 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон интернет маконида 10 мингта веб-сайт рўйхатга олинган бўлса, жорий йил сентябрда уларнинг сони 18,3 мингдан ошди. Интернет оммавий ахборот воситалари ҳам жадал ривожланмоқда. Айни пайтда оммавий ахборот воситаларининг 270 дан зиёд тармоғи фойдаланувчиларга ахборот-таҳлил хизматлари кўрсатмоқда. WWW.uz миллий ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларига ҳар ойда 820 мингдан ортиқ фойдаланувчи кирмоқда, бир ойда веб-сайтлар ўртача 11 миллион мартадан зиёд кўздан кечирилгани қайд этилган.

Семинар иштирокчилари электрон нашрларнинг ўзига хослиги ва устуворлиги интернетнинг кенг имкониятлари орқали аниқланишини қайд этди. Биринчи навбатда, бу тезкор ахборот етказишдир.

Simple Networking Solutions масъулияти чекланган жамияти директори Фарҳод Файзуллаевнинг таъкидлашича, ўн миллионлик Ўзбекистон интернет макони аудиториясининг катта қисми ҳар куни ахборот веб-сайтлари хизматидан фойдаланади. Уларга зарур ахборот-таҳлил маълумотларини қулай ва сифатли шаклда тақдим этиш учун янгиликлар тарқатувчи «Дарё» веб-сайти қисқа матнлардан фойдаланмоқда. Бу фойдаланувчиларга вақтни тежаш, воқеа ва ҳодисаларнинг асосий жиҳатлари билан танишиш имконини бермоқда. Мобил қурилмалар учун махсус «Дарё» мобил дастурининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши фойдаланувчиларга катта қулайликлар яратди, деб ёзади ЎзА.

Экспертларнинг фикрича, бир пайтнинг ўзида ҳуқуқий, техник ва медиа йўналишларда комплекс чора-тадбирларнинг қабул қилиниши самарасида интернет-журналистика самарали ривожланади. Шу муносабат билан интернет оммавий ахборот воситалари фаолиятига нисбатан ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқларини тартибга соладиган қонунчилик базасини Ўзбекистондаги етакчи олий ўқув юртларининг журналистика факультетларида алоҳида ўқитиш йўналишини ташкил этиш орқали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш зарур.

Семинар доирасида Ўзнет ва миллий ҳамжамиятларнинг ижтимоий тармоқдаги илғор блогларининг тақдимоти ҳам ўтказилади. Ушбу тақдимотларда фуқаро журналистикаси ва блог соҳасини ривожлантириш тенденциялари, ижтимоий тармоқларнинг медиа-макон воқеликларига таъсири таҳлил этилади. Шунингдек, иштирокчилар интернет-журналистиканинг миллий бўғинини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдиради.

Кўрилганлар сони: 6319