Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Президентимизнинг виртуал қабулхонаси бугун халқни қийнаётган муаммолар, ечими топилмаётган масалаларнинг ижобий ҳал этилишида яқиндан ёрдам бераётган нурли манзилга айланди. Ким билан суҳбатлашманг, улар сўзларини энг яқин киши бўлиб тинглайдиган, кундалик турмушлари билан қизиқадиган инсоннинг борлиги учун шукроналар айтишмоқда. Дарвоқе, халққа ҳамдард, ҳамфикр, маслакдош бўлиш, алоқани меҳр занжирлари билан мустаҳкамлашда эзгу мақсад мужассам. Улуғ дарғаларимиз айтганидай, фақат ана шундай элдагина фаровонлик, юксаклик ва тинчлик абадий бўлади.

Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағиш­лан­ган тантанали маросимдаги маъ­ру­засида шундай фикрларни билдир­ган эди: "Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад — инсон манфаат­ларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъ­минлаш учун эса, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, улар­нинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёж­ларини яхши билиш керак".

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви бугунги куннинг талабларидан келиб чиқиб, халқ билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилишни ўзининг асо­сий вазифаси қилиб белгилади. Фонд­да айни дамда олти нафар хо­дим виртуал қабулхонадан йўналти­рил­ган фуқаро мурожаатлари билан ишламоқда. Уларни манзиллар бў­йича тегишли тартибда ўрганиб, ҳал этилишига кўмак бераяпти.

Жумладан, жорий йилнинг март ойи­да Навбаҳор тумани, "Бурқут" маҳал­ла­сида истиқомат қилувчи бир фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президен­ти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилади. Унда ўғлининг оғир бетоблиги, ўзи, хотини, бир нафар ўғли ишсизлиги, қизи мак­таб ўқувчиси эканлиги, оиласида иқти­содий етишмовчилик бўлаётган­ли­ги сабабли, касал ўғлини давола­тиш учун моддий ёрдамга муҳтожли­гини баён этади. Мазкур мурожаат вилоят ҳоким­лиги орқали "Маҳалла" хайрия жа­моат фонди вилоят бўлими бошқа­рувига йўналтирилади. Хат тегишли тартибда ўрганилиб, фуқа­ро­га "Ма­ҳал­ла" хайрия жамоат фонди Респуб­лика бошқаруви ҳамда туман "Маҳал­ла" хайрия жамоат фонди томонидан моддий ёрдамлар  ажрати­лади...

— Жорий йилнинг биринчи чораги­да ташкилотимизга виртуал қабулхо­нага ёзилган ва вилоят ҳокимлиги то­монидан йўналтирилган мурожаатлар 309 та, вилоят халқ қабулхонасидан келган хатлар 32 та, Республика бош­қарувидан йўналтирилганлар 40 та, виртуал қабулхонадан бошқарув­нинг вилоят бўлимининг ўзига келиб туш­ган хатлар 73 тани ташкил этди, — дейди фонднинг вилоят бўлими бошқаруви раиси Нормурод Исоқов. — Мурожаатларнинг бари қонун дои­расида ўрганиб чиқилди ва ҳал эти­ли­шига эришилди. Шу ўринда айтиш керак, мазкур мурожаатларнинг етмиш фоизида моддий ёрдам сўралган. Яъни, кимдир боласига икки ёки 14 ёшгача бўлган нафақа пулини олишда муаммога дуч келаётганини ёзса, яна кимдир уйини таъ­мир­лашга ёрдам керак­ли­гини билдирган.

Соғлигини тиклаш учун мод­дий ёрдам зарурлиги кўрса­тил­ган мурожаатлар ҳам анча­гина. Уларни ўрганиш ва ҳал этиш давомида фуқаролар би­лан яқиндан суҳбат қилиб, аҳ­волни тўлиқ ўрганишимизга, қонунчилик борасида тушун­чалар беришимизга тўғри кел­моқда.

Мамлакатимиз раҳбари айт­га­нидай, халқ билан мулоқотда бўлиш, мушкулини осон қилиш улар­нинг давлат ва жамиятга ишон­чини мустаҳкамлашга хиз­мат қилади. Фондга келиб тушган мурожаатларни ўрга­ниш чоғида бу доно фикр яна бир карра ўз тасдиғини топ­моқда. Масалан, Кармана ту­мани, "Калавот" маҳалла фуқа­ролар йиғинида яшовчи фуқа­ро ёнғин чиққанлиги сабабли уй-жойи ёниб кетганлиги, оила­­­сига моддий ёрдам керак­лигини сўраб, мурожаат қил­ган. Хат тегишли тартибда ўр­ганиб чиқилган ва ижобий ҳал қилинган. Мурожаат эгаси эса мазкур ёрдамдан, инсонпарвар элда яшаётганидан жуда мин­натдор эканлигини билдирган ва бундан буён хавфсизлик бў­йича эътиборни кучайтири­ши­ни маълум қилган.

Нурота туманида яшовчи фу­қаронинг онаси руҳий касал экан­лиги боис Сурхондарё вилоятидаги махсус шифо­хо­нага жойлаштириш учун мод­дий ёрдам сўраб қилган му­рожаати ҳам ўрганувлардан сўнг ижобий ҳал этилиб, фуқа­ронинг виртуал, халқ қабул­хоналарига бўлган ишончи яна­да ортган.  

Энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Айнан "виртуал қабулхона", деган жумлани ўзи­га қурол қилиб, ундан халқ учун манфаатли бўлмаган мақсадларини амалга ошир­моқ­чи бўлаётганлар ҳам, минг афсуски, орамизда йўқ эмас. Фондга биринчи чорак даво­ми­да фақат шахсий ман­фаат­лар кўзланган, қонун доира­си­да ечими қийин бўлган ёки "му­тасаддилар келиб ўрга­нар­микан, йўқмикан?" қабилида си­­нов учун ёзилган мурожаат­лар ҳам келиб тушган. 

Жумладан, Нурота туманидан бир ёлғиз аёл молиявий аҳ­во­ли оғирлиги, қарамоғида бир қизи борлиги учун тегишли идоралардан кўп марталаб ёр­дам сўрайди. Рад этилгач, вир­туал қабулхонага мурожаат қи­лади. Фонд ходимлари фуқа­ронинг аҳволини ўрганганда, унинг турмушидан қолган бир нафар қизи борлиги, уни ҳам турмушга узатгани, ўзи эса ҳу­дудидаги мактабда фаррош бў­либ ишлаши, бундан таш­қари, 6 сотих шахсий томор­қа­си борлиги маълум бўлади. Вазият бу тариқа ойдинлашгач эса аёл ўз кунини бемалол ўзи кўра олаётгани, виртуал қабул­хонага ўз хоҳиши билан эмас, бир қўш­нисининг "қани нима бў­­ларкан?" мазмунидаги қис­то­ви билан мурожаат қилга­ни­ни айтади.

Бугун иш билган, меҳнат қи­ламан, деган одам учун вақт асо­сий муаммога айланиб қол­ди. Бу югурик ел шунчалик тез ўтаяптики, режалаштирган иш­ларнинг кўпи қолиб кетаёт­ган­дек туюлаверади. Бемаза иш­лар, ортиқча машмашалар эса доноларимиз айтганидай, ишёқ­­­масликдан келиб чиқади. Агар ана шу ёлғиз аёлнинг қўш­ниси ҳам ғирт бекорчи, бунинг устига бузғунчи, "гиж-гиж­лов­чи" эмас, аксинча ишбилар­мон, ҳеч қурса маънавиятли бўл­­ганда эди, қўшни аёлни ўзи­ни унга ёрдам қилмоқчидек кўр­сатиб, аслида, мазах қил­маган бў­ларди.    

Яна бир фуқаро молиявий аҳ­воли оғирлиги боис моддий ёр­дам сўраб виртуал қабул­хонага мурожаат қилган. Фонд ходимлари томонидан ўр­га­нил­­ганда эса фуқаро ўзи яшай­­диган маҳалладан мунта­зам моддий ёрдам олиб ке­лаётгани, бундан ташқари, ви­лоят таш­ки­лотлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ёрдам кўрсатилиб ке­лингани маълум бўлган. Балки касаллиги учун оиласини таъ­минлолмаёт­ган­дир, деб ўйла­ган­дирсиз. Йўқ, у оғир касал­лик бўйича бирор тиббиёт муассасасида қайд этил­маган.Демак, фуқаро иш­га яроқли ва бунга шукур қилиб, меҳнатга бел боғлаши, ҳақиқий эркак бў­либ, юртга хизмат қи­ли­ши ло­зим.

— Биз халқ билан мулоқот қилиш жараёнида ишсизликдан қийналиб, тегишли идора­лар­дан тинимсиз моддий ёрдам сўрайдиганларга кредит олиб, янги иш бошлашни, бунинг аф­заллик томонларини тушун­ти­рамиз, — дейди суҳбат чоғида Нормурод Исоқов. — Масалан, қорамолчилик, товуқчилик қи­либ ҳам рўзғорнинг оғирини ен­гил қилиш мумкин-да. Ай­римлар ҳовлим кичкина, товуқ қилсам, ҳаммаёқ ивир­сийди, мол қилишни хоҳламайман, асабим чидамайди, дейди. Деҳқончилик борасида га­пир­санг, уқуви йўқлигини айтади. Хўш, меҳнат қилишга уқуви, хоҳиши йўқ экан, қўпол бўлса-да, бундай фуқароларнинг дав­латга боқиманда бўлишга ҳақ­қи борми? Умуман йўқ! Пре­зидентимиз таъкидлага­нидек, муаммомизни кимдир келиб ечиб беришини кутмай, ўзи­миз­ни ўзимиз таъмин­лаш­ни ўр­­ганишимиз, меҳнатдан қоч­маслигимиз, замон билан ҳам­нафас бўлишга ҳаракат қили­ши­миз зарур.

— 3 сотихгина ери бор айрим  одамлар меҳнат қилиб, риз­қи­ни топиб бойиб кетаяпти. Баъ­зи 20 сотих шахсий томорқаси бор­лар эса меҳнат қилиш ёқ­маганидан ўзини кам таъмин­лан­ганлар сафига қўшиб ола­япти, — дейди "Маҳалла" хай­рия жамоат фонди вилоят бў­лими бошқарувининг оила ва хотин-қизлар йўналиши бўйича бош мутахассиси Раъно Шер­бўтаева. — Бу, менимча, жа­мият­нинг оғриқли нуқтаси. Минг афсуски, ишбилармон­лик, меҳнаткашлик, томорқа ма­даниятидан унумли фойда­ла­ниш, имтиёзли кредитлар асо­сида тадбиркорликни йўлга қўйиш каби ҳаракатлар тарғиб қилинаётган бир пайтда "Олма пиш, оғзимга туш" ёки "Бер­санг ейман, урсанг ўламан" қабилида иш тутаётганлар фа­қат ўзларининг эмас, қанчалаб ташкилот ходимларининг ҳам қимматли вақтини ўғирлаёт­га­ни ҳақида ўйламаяпти.

Биз кимгадир насиҳат бериш фик­ридан йироқмиз. Аммо қаер­­­гадир ҳақиқатдан эҳ­тиё­жимиз бўлсагина ёзайлик ва ёзаётган мурожаатимизнинг аҳамияти, айнан кимга, қандай фойдаси тегиши, уни ёзишдан асл мақсадимиз нима экан­ли­гини англаб етайлик.

Зебо ҚУТЛИЕВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 5972