Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Бугун Навоий вилоятида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир миллион дарахт” шиори остидаги акцияга старт берилди.

Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида ташкил этилган бу эзгу ташаббусда вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги барча корхона, идора, муассасалар, нодавлат ташкилотлар ҳамда нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Истиқбол учун тамал тоши қўйилган мазкур майдонга “Келажак боғи”, дея ном берилди.

Доно халқимизда “Яхшидан боғ қолар...”, деган ҳикмат беҳудага айтилмаган. Қолаверса, ниҳол экиш ва уни парваришлаш ҳам савобли иш ҳисобланади. 

Қалбида юртга садоқати, она заминга муҳаббати юксак бўлган вилоятимиз аҳли ва кенг жамоатчилиги мазкур акцияда ташаббус кўрсатиб, халқимизга хос бўлган аҳиллик, ҳамжиҳатлик намуналарини яна бир бор намоён этдилар.

 Уюшқоқлик билан амалга оширилган мазкур хайрли тадбир доирасида 5 минг нафарга яқин ҳамюртларимиз томонидан 10 гектар майдонга 15 мингтага яқин манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. “Кўчат экиб, боғ яратиш” иштиёқида бўлган юртдошларимиз ўз ихтиёрлари билан оммавий дарахт экиш ҳашарида фаол қатнашишди. Бу эса уларнинг юз-кўзларию, шижоатларида ўз ифодасини топди. 

“Келажак боғи” учун Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласи ҳудудининг танланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки бу ҳудудда яқин йилларда шаҳар маркази қад кўтаради. Истиқболда бу манзарали боғ эса шаҳар кўркига кўрк қўшиш баробарида, ҳудуд экологиясини яхшилашда ҳам муҳим ўрин тутади. 

Шу ўринда қайд этиш керакки, бу тадбирга 20.02.2020 йил, соат тушдан сўнг 2:00 да старт берилишида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Зеро, омадли рақамлар остида бошланган эзгу ишнинг баракаси ҳам йилларга татийди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур акция доирасида бугун кун давомида вилоятимизнинг барча туман, шаҳарларининг ҳар бирида 10 гектардан “Ёшлар боғи” ташкил этилиб, уларда 20 минг нафарга яқин юртдошларимиз фаол иштирок этди.

Бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, соғлиги, фаровон турмуши бевосита атроф-муҳитнинг тозалиги, софлигига боғлиқ. Акцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам истироҳат боғлари, хиёбон ва гулзорлар, турли ўсимликлардан таркиб топган “яшил ҳудудлар”ни барпо этиш орқали экотизимнинг барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Мазкур акция вилоятимиз бўйлаб апрель ойига қадар давом этади.

Энг эътиборлиси, келгусида ҳам “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ташаббуси билан мамлакат миқёсида акцияни икки босқичда - куз ва баҳор фаслларида ташкил этиш режалаштирилган.

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Кўрилганлар сони: 2834