Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

 Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мус-таҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма етти йиллигини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.

 Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали барча вилоятимиз аҳлини ушбу улуғ кун билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бугунги кунда халқимизнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши тобора ўзгармоқда. Ватандошларимизнинг сиёсий етуклиги, юртимиз ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда.

 Бугун биз яшаётган глобаллашув ва тобора кучайиб бораётган рақобат асрида фақат чуқур ислоҳотлар ва модернизация йўлидан тинимсиз ва қатъият билан ривожланиб бориш орқалигина тараққий топган, демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга эриша оламиз.

Зеро, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз қарйиб 30 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Бош қонунимиз негизида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.

Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда. Юртбошимиз раҳнамолигида бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда: “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда”.

Дарҳақиқат, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва  ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта.

Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимизнинг пойдеворига айланди.

 Зеро олиб борилаётган эзгу ислоҳотлар самарасини вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги улкан бунёд-корлик, ижодкорлик ободончилик ишлари мисолида ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин.

Хусусан, дастурлар доирасида сўнгги йилларда, умумий қиймати 2,9 трлн.сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 2623 та лойиҳалар амалга оширилиб, 17 841 та янги иш ўринлари яратилди.

 Вилоят бугунги кунда, аҳоли жон бошига Ялпи ҳудудий маҳсулот, унинг таркибидаги кичик бизнеснинг улуши, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари бўйича Республикада биринчи ўринни, қурилиш ишлари, кўрсатилган хизматлар ҳажми ва чакани савдо айланмаси бўйича иккинчи ўринни, маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Буларнинг натижасида кичик бизнес субъектлари сони 7075 тани ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан эса тўрт баробарга оширишга эришилди.

Қисқа қилиб айтганда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида, барча дастурлар доирасида ўтган йилларда 266 та боғча, 111 та мактаб, 59 та тиббиёт муассасалари, 54 та маҳалла гузарлари, шунингдек, 1730 км автомобиль йўлларида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп маблағлар йўналтирилди.

Маҳаллий  бюджетнинг орттириб бажарилган 313 млрд. сўмлик маблағлари  эвазига 372 км автомобил йўллари, 1286 км электр тармоқлари ва 60 дона трансформатор пунктлари, 126,9 км табиий газ тармоқлари, 603 км ичимлик сув тармоқларини тортиш ишлари якунланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида эса “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурига мувофиқ 2019 йилнинг ўтган даврида эса 26 мингдан ортиқ оилаларга 346,8 млрд.сўм ёки ўтган йилга нисбатан 6,5 баробар кўп кредит маблағлари йўналтирилди.

Меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш ҳам эътиборимиз марказидадир. “Ёшлар–келажагимиз” давлат дастури доирасида ёш тадбиркорларнинг ўз бизнесларини бошлаши учун 28,6 млрд сўмдан ортиқ  маблағлар йўналтирилди ва 300 га яқин янги иш ўринлари яратилди, “Коворкинг” марказлари ташкил этилди.

Иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили бўлган – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида 2019 йилнинг ўтган даврида 120,1 млн. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғрихорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 10 баробарга ўсди.

Хорижий инвесторларга яратилаётган имкониятлар натижасида хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар сони 2018 йилнинг 1 январида 62 тани ташкил этган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 3,2 баробарга ортиб, 196 тани ташкил этди.

Бундан ташқари жами қиймати 161,8 млн. долларга (75,7 млн.доллар хорижий инвестициялар) тенг 37 та лойиҳаларда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга тушиши натижасида 2378 та янги иш ўринлари яратилди.

Бу эса Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисмининг ҳудудлар ихтиёрига қолдирилиши туфайли йиллар давомида ўз ечимини кутаётган ижтимоий муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2017 йилда маҳаллий бюджет ихтиёрида қолган эркин маблағлар бор-йўғи 11 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2018-2019 йилларга келиб мазкур кўрсаткич 1,0 трлн сўмга, яъни қарийб 100 баробарга ортганлиги юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир.

Таълим тизимининг пойдевори бўлган мактабгача таълим соҳаси бўйича қурилиш-реконструкция ишларига 2019 йилда 2017 йилга нисбатан 15 баробарга кўп маблағ ажратилди.

Натижада, мактабгача таълим муассасаларининг сони 3 баробар купайиб, боғча ёшидаги болаларни қамров даражаси 41,8 фоиздан жорий йил якунига 61 фоизга етди.

Ижтимоий соҳанинг яна бир муҳим тармоғи, халқ таълими тизимида ҳам ўтган йилларда кўплаб ижобий натижаларга эришилди.

Республикада халқаро баҳолаш дастури миллий рейтингида ҳамда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларида Навоий вилояти 2-ўринни эгаллаган бўлса, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Конимех,  Қизилтепа, Томди ва Учқудуқ туманларининг кўрсаткичлари Республикада энг кучли 10 таликдан жой олганлиги ишларимизнинг самараси деб ўйлайман.

2018 йилда маҳаллий бюджетнинг эркин маблағлари ҳисобидан умумтаълим мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ҳаражатлари учун 52,0 млрд сўм ажратилган бўлса 2019 йилда ушбу мақсадларга 2,5 баробар кўп маблағлар йўналтирилиб 124,0 млрд сўмни ташкил этди.

Жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 2018 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпроқ яъни 384,6 млрд. сўм маблағлар ажратилди.

Шу билан бирга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан вилоят болалар касалхонасида 5 млрд сўмлик реконструкция ишлари бажарилди, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 3,8 млрд. сўм маблағлар эвазига “сунъий қон айланиш аппарати” (АИК), сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигини даволаш учун 1,0 млрд сўмлик гемодиолиз ускуналари билан таъминланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, қисқа вақт ичида “Меҳрибон юрак” акцияси доирасида “очиқ” усулда 14 нафар болажонларимизда бепул мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилди ва ўзининг ижобий натижасини берди.

Ҳар қандай давлатни дунёга танитишда катта аҳамият касб этадиган соҳа бу спорт соҳасидир. Соҳани ривожлантириш мақ-садларига ўтган йилларда маҳаллий бюджет маблағлари эркин қолдиғидан 6,6 млрд сўм йўналтирилди

Бу борада вилоятимиз  спортчилари ҳам халқаро мусобоқаларда иштирок этиб республикамиз номини дунёга танитишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.

Жорий йилнинг ўзида 29 нафар спортчиларимиз жаҳон чемпионатларида, 71 нафар спортчиларимиз осиё чемпионатлари ва кубокларида совринли ўринлари қўлга киритдилар.

Эътиборлиси, 3 нафар спортчимиз Токио олимпиада ва паралимпиада ўйинларига қатнанишиш лицензисини ҳозирданоқ қўлга киритдилар.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ўнлаб манзиллар обод ва кўркам масканларга айланди.

 Ўтган икки йил давомида мазкур дастурлар доирасида барча манбаалар ҳисобидан 828 млрд сўмлик жумладан, маҳаллий бюджетнинг эркин маблағлари ҳисобидан 315 млрд сўмга яқин маблағлар йўналтирилди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадларига ўтган йилларда қиймати 1 трлн. 8 млрд сўмга тенг бўлган 7608 та уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилди.

Биргина, жорий йилнинг ўзида 300 млрд сўмлик 2132 та уй-жойлар қурилган бўлса, 1092 та арзон уй-жойлар эсааҳолимизнинг эҳтиёжманд, меҳнатга лаёқати чекланган қатламларига топширилди.  

 Азиз дўстлар!

Бундай ютуқ ва муваффақиятларни вилоятимиз мисолида яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Қўлга киритилаётган барча ютуқлар-  аввало Бош Қомусимизнинг  мукаммал ва   ҳаётий мезонларга асосланганлиги, унинг ҳаётбахш ифодаси, Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсатлари натижаси, шунингдек, юртдошларимизнинг фидокорона ва ҳалол меҳнати маҳсулидир.

Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотир-жамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат.

  

 

Кўрилганлар сони: 3201