Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Қаерда кишилар баҳамжиҳат, бир ёқадан бош чиқариб иш тутса, ана шу жойда қут-барака бўлиши ота-боболаримиз таъкидлаган ҳаётий ҳақиқат. Бугунги кунда юртимиз тараққиётида муҳим ўрин тутаётган омиллардан бири ишбилармонлик муҳитининг жадал ўсиб бораётганида ҳам бунинг ўзига хос ўрни бор.  

Айни пайтда вилоятимизда истиқомат қилаётган кўплаб оилалар тадбиркорлик йўлидан бориб, оилавий корхона ташкил этишмоқда. Ҳозирда ана шундай оила­лар­нинг сони 300 тадан ортиқни ташкил этиб, улар хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидан тортиб, савдо, ишлаб чиқариш йўна­лишларида ҳам фаолият олиб бормоқда.

"Tog‘ toshi jilosi" оилавий корхонаси Хатирчи тумани "Қорача" қишлоқ фуқа­ро­лар йиғини ҳудудида ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритади. 2014 йилда иш бош­лаган корхонада ёз мавсумида ойига 3 мингтадан 4 мингтагача қурилиш блок­лари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсу­лотлари туманда амалга оширилаётган бунёдкор­лик ишлари, хусусан намунали уй-жойлар барпо этишда фойдаланиб келинмоқда.

— Оилавий корхонамизни укам билан бирга ташкил этганмиз, — дейди биз билан суҳбатда субъект раҳбари  Ориф­жон Суяров.  — Ўтган йил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қиш мавсумида сифатли сақлаш мақсадида, мева-сабзавот етиш­тирувчиларга хизмат кўрсатувчи 40 тон­на­лик сиғимга эга музлаткич-омборхона барпо этдик. Бу корхонамиз ривожида муҳим омил бўлди. Эндиликда, келгуси йилларда янги технология келтириб, сут­ни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқчи­миз. Албатта, сидқидилдан қилинган ҳа­лол меҳнат ўз самарасини беради.  

Кармана туманида паррандачилик йўна­лишида иш олиб бораётган оилавий кор­хо­налар талайгина. "Ramazon barhayot" оилавий корхонаси ана шулардан бири бўлиб, 2010 йилдан буён фаолият юри­тади. Корхона бозорларимизга асо­сан сифатли ва арзон, парҳезбоп товуқ гўшти етказиб бераётир.  

— Фарзандларим, келинларим билан бирга иш олиб борамиз, — дейди корхо­на раҳбари Самад Аҳмедов. — Айни пайт­да Англиядан келтирилган 5 минг бош бройлер куркаларни парваришлаяп­миз. Бундай куркалар вазни  4 ой даво­ми­да 20-25 килограммгача етади. Пар­рандачилик­нинг ўзига хос инжиқликлари бор. Ана шу машаққатдан қочмаган одам бу юмушдан фойда топиши тайин. Биз­нинг оиламиз бунга мисол. Оиладаги ҳамжи­ҳатликда эса ҳалол меҳнатнинг ўрни катта.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда оилавий корхоналар сонининг ошиши нафақат аҳоли турмушининг моддий тўкислигини  таъминлётир, балки бу - оилалар тотувлигида ҳам ўзига хос муҳим омил бўлмоқда.

Озод МУСТАФОЕВ.

Кўрилганлар сони: 5906