Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

  Томорқа даромад манбаи. Буни яхши билган тушунган юртдошларимиз ҳар қачир ердан унумли фойдаланиб, манфаатдор бўлаётгани мисолида кўришимиз мумкин.

  Кармана туманидаги Жалойир қишлоғи аҳолисининг том маънода деҳқонлар десак асло муболаға бўлмайди. Бугун мазкур қишлоқ деҳқонлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотлари вилоят марказий бозорларини тўлдиришда муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

  Қишлоқда аҳолининг 395,5 гектар томорқа ери бўлиб, 264 хонадон ўзининг иссиқхонасига эга. Қишлоқ аҳли “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Шерали Мустафоевни ҳам томорқадан даромад топиб, кўпчиликка ўрнак кўрсатаётган миришкор сифатида  эъзозлашади. Ш. Мустафоев икки сотихлик иссиқхонасидан йилига 12-15 миллион сўмга яқин даромад олмоқда.

  Қизилтепа туманидаги “Башир” маҳалласидаги ҳар учинчи хонадон ўзининг иссиқхонасига эга. Улар ўзларидан орттириб,  ҳар бир мавсумда юз-юз тонналаб мева-сабзавотни ички бозорга чиқаришади.

  Маҳалламиз аҳли томонидан ўтган мавсумда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 20 миллиард сўмлик атрофида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, бозорга олиб чиқилди. Томорқадан ҳар бир хонадон  ўртача 20 миллион сўмдан даромад олди.

  Маҳалла фуқароси Бахтиёр Ҳамдамов ўзининг меҳнати билан барака топиб келаётган деҳқонлардан. У ўз томорқасидаги 3,5 сотихлик иссиқхонада  йилига 800 туп помидор етиштиради. Ёз бўйи олма, ўрик, гилос ва шафтоли билан қўшимча даромад топади. Бундан ташқари хонадонида чорва ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйган. Бу эса бошқаларга ўрнак бўлиб, томорқага меҳрини оширмоқда.

  Давлатимиз раҳбарининг раислигида жорий йил 23 март куни ўтказилган вилеоселектор йиғилишида ҳам томорқадан самарали ойдаланишга алоҳида урғу берилди.

  Аммо орамизда томорқадан фойдаланмаётган, ерни умрини беҳудага ўтказаётган хонадонлар ҳам бор.

  2017 йил 9 октябрда Юртбошимизнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 10 октябрда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

  Аҳоли даромадларини оширишга қаратилган мазкур ҳужжатларда соҳада фаолият юритаётган фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди.

  Халқимизда бир гап бор: дангасанинг оч қолиши тайин. Бугунги давр, янгича яшаш боқимандалик кайфиятини умуман ёқламайди. Кимгадир ортиқча юк бўлиш ўрнига ўз аравасини ўзи мустақил тортадиган ҳозирги замонда томорқаси бор оилага нисбатан эҳтиёжманд ёки кам таъминланган, деган таърифни ишлатиш нотўғри, аслида.

  — Серҳосил еримиз, даромад олишга кенг ҳовлимиз бор экан, ҳар биримиз томорқа маданиятимизни юксалтириб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтиришимиз шарт. Фарзандларимиз ҳам оиладаги бу каби тартиб-таомил асосида яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилишни биз нуронийлардан ўрганиши керак, — дейди Карманалик нуроний Рамазон Ғойибов. — Бугун давлатимиз олдимизга қўяётган талаблардан тўғри хулоса чиқфариб, фуқароларимизда шижоат, ички фаоллик, замон талабига янгича ёндашиш, ўз рўзғори ободлигини таъминлаш, оилавий қўшимча даромад манбаини шакллантириш кўникмаси янада ошмоқда.

  Дарҳақиқат, юртимиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Нима эксангиз, унади. Серқуёш заминимизнинг саховати билан пишиб етилган ҳар бир ҳосилнинг таъмини бошқа давлатда учратмайсиз. Шунинг учун далаларимизда етиштирилган сабзавот ва полизнинг, боғлардан узилган меванинг жаҳон бозорида харидори кўп.

Отабек Аслонов.

Кўрилганлар сони: 5754