Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Томорқа даромад манбаи ҳисобланади. Буни ҳақиқий ерни севган, унга меҳрини берган, ҳар қарич ердан унумли фойдаланган инсонгина яхши тушунади, албатта.

  Аҳоли орасида томорқа маданиятининг юксалиб бораётгани, турмуш фаровонлигини таъминлашга, бозорларимиз тўкинлигига хизмат қилмоқда. Бугун ўз томорқасига эга бўлган одам бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олишининг ўзи уят. Зеро, доно халқимиз томонидан меҳнат қилган албатта барака топади, ерни боқсанг, ер сени боқади, деган пурмаъно сўзлар беҳудага айтилмаган.

Бугун Навоий вилоятида ҳам аҳоли ўртасида томорқадан самарали фойдаланиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда 141 404 та хонадонда жами экиладиган томорқа ерлар майдони 11 923 гектарни ташкил этади. Албатта, ушбу ер майдонларидан самарали фойдаланиш бозорларимиз тўкинлиги, нарх-наволар барқарорлигини таъминлайди.

Айни пайтда Хатирчи туманидаги мавжуд экин майдонларининг 6679 гектари аҳоли яшаш хонадонларидаги томорқа ерларига тўғри келади. Халқ орасида пурмаъно гап бор. “Қалови топилса қор ҳам ёнади” дейишади. Имконини топган киши об-ҳавонинг қор-ёмғирли кунларидан унумли фойдалана олади. Тумандаги “Боғишамол” маҳалласида ишни кўзини биладиган миришкор деҳқонлар талайгина. Маҳалла фуқароси Фарҳод Аслонов томорқасида 4 сотих майдонда мўъжазгина иссиқхона ташкил қилди. Мана 3 йилдирки ердан бир йилда 4 маротабагача ҳосил олмоқда. Иссиқхонада қиш фаслининг дастлабки кунларида экилган картошка ҳосили эрта-индин маҳаллий бозорга чиқарилиш арафасида.

Шоли курмаксиз бўлмаганидек, тумандаги айрим маҳаллаларда томорқасидан самарали фойдаланмаётганлар ҳам топилади. Масалан, “Худдон” маҳалласидаги Ориф Хурсанов томорқасида кузги ишлар амалга оширилмаганлиги боис, ернинг умри беҳуда ўтмоқда. Хонадон эгасида эса унга ишлов беришга ҳафсала етишмаяпти.

Кармана туманидаги “Уйрот” маҳалласи аҳли ўз томорқасида нафақат деҳқончилик, балки қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ҳам кенг йўлга қўйган. Маҳалла фуқароси Обид Кенжаев томорқасининг бир қисмида интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйган. Ҳозир хонадонда Африка лаққа балиғи парвариш қилиб келинмоқда.

Мазкур маҳалла аҳли Элмурод Кенжаевни ҳақиқий деҳқон сифатида ҳурмат қилишади. Дарҳақиқат, Элмурод ака деҳқончиликда, томорқадан самарали фойдаланишда катта тажрибага эга. Томорқасида ташкил этилган иссиқхонасида гул, помидор, бодринг кўчатлари етиштирда. Шунингдек, етиштирилаётган цитрус мевалар ва гул кўчатлари эса кўзингизни қувнатади. Шунингдек, хонадон эгаси кўчатчиликнинг “ҳадиси”ни олган. Даромад ҳам шунга яраша бўлаяпти. Ўтган йили мана шу томорқамдан 50 миллион сўм даромад қилдим, дейди Элмурод Кенжаев биз билан суҳбатда.

— 18 сотих томорқамиз бор, унинг 6 сотихида иссиқхона ташкил этганмиз, — дейди Элмурод Кенжаев. — Томорқадан олаётган даромадимиз фаровон ҳаётимизни таъминламоқда. Ернинг ортидан уй қилдик, тўй қилдик, элдан кам бўлмадик. Фарзандларим ҳам томорқага меҳр бериб улғаймоқда.

Туманининг Жалойир қишлоғи вилоятда миришкор деҳқонлар юрти сифатида ном таратган. “Арабхона” маҳалласида яшовчи Мақсуд Нуримов ўз хонадони томорқасида 7 йилдан буён иссиқхона ташкил этиб, яхшигина даромад олиб келмоқда. Иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг маҳсулотлари эса ички бозор тўкинлигини таъминлаяпти. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик нақлининг мағзини чаққан, “Сендан ҳаракат, мендан барокат”, нақлига амал қилган хонадон соҳибу-соҳибалари меҳнати орқасидан фаровон турмуш кечирмоқда.

— Ерга меҳр берилса, у оила ризқини бутун қилади. Асосий вақтимни, иссиқхонада, томорқада ўтказаман. Бу менга завқ бағишлайди, ҳам оиламга яхшигина даромад олиб келмоқда, — дейди Мақсуд Нуримов.

Навбаҳор туманининг “Ялтирабод” маҳалласи туман марказидан қарийб 30 километр узоқда жойлашган. Ҳудуд аҳлининг асосий даромади томорқадан. Масалан, фуқаро Ғиёс Абдуназаров хонадонида томорқадан самарали фойдаланилганини кўриб, хурсанд бўлдик. Ерга экилган саримсоқ пиёз яшнаб турибди. Банкдан олинган кредит эвазига мўъжазгина иссиқхона ташкил этилиб, экиш учун помидор ва бодиринг кўчатлари парвариш қилинмоқда.

— Бизнинг ота-бобомиз ҳам деҳқон бўлган, дейди Ғиёс Абдуназаров. Томорқага ишлов бериш ва ундан даромад олиш қон-қонимизга сингиб кетган. Ҳар йили томорқамиздан яхшигина даромад олаяпмиз. Ҳам ўзимизни таъминлаяпмиз, ҳам ортганини бозорга чиқараяпмиз.

Кузатишларимиз жараёнида шу нарса аён бўлдики, маҳалладаги баъзи хонадонлар ҳали уйқуда. Тойир Исмоиловнинг томорқаси кузги мавсумда ағдарилмаганлиги, ҳаттоки олдинги йили помидор экилган майдондаги жўяклар ҳам текисланмаганлиги бунинг бир исботи. Хонадон эгасининг бу йил томорқасидан фойдаланиш нияти йўқми?, деган савол туғилади. Ер эгасидан бу бу борада сўрасак, ишга энди киришамиз, деган жавоб олдик. Ерга меҳр берилмаса, у эъзозланмаса  ҳосил кўнгилдагидек бўлмайди.

Наргиза Ҳамидова ҳам “Ялтирабод” маҳалласида 3 нафар фарзанди билан истиқомат қилади. Боқувчисини йўқотган бу хонадондан ҳар доим маҳалла куйнинг қадами аримайди. Маҳалла ерлари шу қадар ҳосилдорки, озгина эътибор берилса, меҳнат қилинса баракали ноз-неъмат улашади. Бироқ, уй эгаларида томорқадан унумли фойдаланишга иштиёқ сезилмайди. Ўн сотихдан ортиқ томорқа майдони ўтган йилги ҳосил олингандан сўнг, шундайлигича қолдирилган. 

Конимех туманидаги Шўртепа маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шодибек қишлоғида 2710 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ер билан тиллашаётган, унинг неъматидан баҳраманд бўлаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо айримлар ернинг умрини беҳуда ўтказаётгани ҳам бор гап. Маҳалла фуқароси Умид Бозоровга тегишли қўшимча ер майдонининг аҳволи бир ҳолга келиб қолганлигида ҳам буни кўришимиз мумкин. Ерга ишлов берилмаганлиги, унинг ранги рўйидан маълум. Ўтган йилдан қолган хас-ҳашаклар томорқани “безаб” турибди. Халқимиз томонидан “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда - куз ҳайдамасанг, юз ҳайда”, деган гап беҳудага айтилмаган. Кузда ҳайдалган ернинг ҳосилдорлиги анча баланд бўлади.

Қизилтепа туманидаги “Кулолон” маҳалласида яшовчи Фарҳод Раҳимовни намунали томорқа эгаси сифатида барча танийди. Сабаби у ўтган йили “Энг намунали томорқа эгаси” Республика кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўрин соҳиби бўлган. Ушбу файзли хонадонга кирар эканмиз, 12 сотих томорқада бўш жой йўқлигига гувоҳ бўлдик.

Томорқада иккита иссиқхона ташкил этилган бўлиб, иккаласида ҳам лимон кўчатлари парваришланмоқда. Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан олиб келинган 60 туп кўчат 4 сотихлик иссиқхонада баравж ривожланмоқда. Маҳаллий “Мир” навини танлаганимиз яхши бўлибди, чунки ҳар йили кутганимиздан ҳам кўпроқ ҳосил бермоқда, дейди ишбилармон томорқа эгаси Фарҳод Рахимов.

Отабек Аслонов.

Кўрилганлар сони: 949