Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» мусобақасида ўтган йили илк бор иштирок этди. Мусобақа шартига кўра, вакилларимиз янги жамоа бўлганлиги учун иккинчи дивизионда ҳаракат олиб борди. Ўша унутилмас лаҳзаларни ўз кўзи билан кўрган, олам-олам таассурот олган, ватандошларимиз муваффақиятлари ҳақида юртимиз оммавий ахборот воситаларига пешма-пеш ахборот узатиб турган ҳарбий журналист сифатида шуни айтаманки, йигитларимиз «АрМИ – 2019» нинг чинакам кашфиёти бўлди. Буни баҳсларни тўғридан-тўғри кузатиб борган дунёнинг 40 га яқин давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар ва ҳакамлар ҳам бот-бот такрорлашди.

Ҳа, ўша мусобақада Ўзбекистон илк бор иштирок этаётганига қарамай, ўз дивизионида фахрли 1-ўринни шараф билан қўлга киритди. Бунинг замирида қанчадан-қанча меҳнат, заҳмат ётганини фақат ғолиблик ҳиссини юрагидан ўтказиб, Ватан байроғини кўкларга кўтарган, ёруғ юзини севинч кўз ёшлари ювган, завқи келиб, «Омон ёр» у «Андижон полка» сига рақс тушиб юборган ўша қоракўз йигитларимиз билади. Ғалаба эса бутун Ўзбекистонники! Унда жамики ўзбек оналарининг, оталарининг, азиз сингилларнинг, укажонларнинг, танкчиларимизни интиқ кутган вафодор янгаларнинг ҳаққи бор.

Йигитларимиз ҳозирда замон талабларига тўла жавоб берадиган Марказий ҳарбий округга қарашли «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида «АрМИ – 2020» мусобақасининг «Танк биатлони» баҳсларида иштирок этиш учун жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Бу йилги мусобақа вакилларимиз учун ўтган йилгидан-да жиддий бўлиши турган гап. Чунки жорий йилда жамоамиз биринчи дивизионда иштирок этади.

Белгиланган вақт ичида тўсиқлардан талафотсиз ўтиш, нишонларни йўқ қилиш, танкни моҳирлик билан бошқариш ва биринчи бўлиш кўникмаси мураббийлар штаби томонидан жамоамиз вакилларига чуқур сингдирилмоқда.

Жамоа ўтган вақт ичида ҳар жиҳатдан улғайди. Таркибни, улар олиб бораётган тайёргарлигу ҳаракатларини кузатсангиз, маҳорат ва матонат эни ва бўйига ўсганини сезасиз. Таниш чеҳралар эса кўзингиздаги ҳароратни оширади. Мана бу киши подполковник Давлетов, бу киши майор Маҳаммадиев, ана майор Ҳошимов ва майор Йўлдошев, ҳазилкаш сержант Турдиалиев доимгидек самимий табассуми билан…

Барчамиз бу таркибни жорий йилги мусобақанинг шоҳсупасида кўришни истаймиз.

Олға, Ўзбекистон!

 

 

Кўрилганлар сони: 2198