Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Жорий йилнинг 15 май куни давлатимиз раҳбарининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унда республикамиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан чет эл капитали улушини ошириш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Фармонда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳоллари учун жавобгарликни ошириш, хусусий мулкни кафолатли ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш масалалари кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта фақат тегишли органлар қарорига асосан амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган.
Фармонга асосан берилган имтиёз ва енгилликларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёллаган ишчи учун Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди.
Айниқса, якка тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга қабул қилган ҳолларда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши қувонарлидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби қулай имкониятлар тадбиркорларга янада кучли, барқарор ва мутаносиб ривожланган ҳолда майдонга чиқиш, жаҳон бозорларидан ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаш ҳамда халқимиз фаровонлигини оширишда устувор вазифаларни муваффақиятли ҳал этишлари учун ишончли замин яратади.

М. ЖАББОРОВ, Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Кўрилганлар сони: 6818