Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Юртимизда мустақиллик йилларида тадбиркорлик, ишбилармонликка кенг йўл очилиб, зарур шароит яратилгани сир эмас. Соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар ҳам унинг тараққиётига пойдевор бўлмоқда. Бундан унумли фойдаланаётган иқтидорли ватандошларимизнинг аксарияти самарали, намунали фаолият юритаяпти, давлатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда, таҳсинга лойиқ натижаларга эришаётир.

Ўзбекистон Республикаси Прези­ден­тининг соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ташаббус" кўрик-танловининг соҳа ри­вожидаги ўрнини алоҳида қайд этиш ло­зим. Чунки у ишбилармонларнинг ма­­­ҳоратини юксалтиришга, малака­сини оширишга, тажриба алмашишга хиз­­мат қилмоқда.

Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда барча туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган соҳибкору ҳунармандлар, ўй­макору чеварлар иштирок этишди.

Марказ фойесида намойиш этилган ишланмалар, маҳсулотлар, пишириқ­лар­нинг ҳар бири киши эътиборини тортмай қолмади. Улар меҳр билан тайёрлангани жилосидан, соҳиблар­нинг юз-кўзидан сезилиб турарди. Тў­қилган сара кийимлар, ётоқхона жи­ҳозлари, тикилган пойабзаллар, ясалган буюмлар, етиштирилган сабзавотлар, цитрус ва бошқа мевалар ҳамда пи­ши­риқлар чиройи, таъми, жозибаси билан меҳрингизни қозонади. Беихтиёр, ижодкор юрт­дошларимизга тасанно айтгингиз келади.

— Фаолиятимни Марғилондаги ўқув юртини имтиёзли битиргач, 2013 йилда бошлаган эдим, — дейди биз билан суҳ­батда хатирчилик ҳунарманд Маъ­мур­жон Искандаров. — Дастлаб, қўй жу­нини йи­гириб, уни бўяшни ва қайта иш­лашни, яъни гилам ҳамда бошқа буюмлар тў­қишни йўлга қўйдик. Маъ­лумки, аж­дод­ларимиз бўёқ тайёрлашда ёнғоқ ва пиёз пўсти, ўтлар, айниқса, хў­розчагулдан кенг фойдаланишган. Ке­йинги йилларда бўёқларни саноатда тай­ёрлаш омма­лаш­гани сабаб, бу усул эътибордан четда қолди. Биз уни тик­ладик. Натижа­да маҳсулотларимизнинг тури ҳам кў­пайди. Тўғри, айрим ранг­ларни тайёр­лашни ҳали ўзлаштирма­дик, лекин маҳ­сулотларимизнинг ак­сари табиий, эко­логик тоза бўёқлардан ишланган.

Зарафшон шаҳридан танловга таш­риф буюрган яна бир ҳунарманд Ҳ. Эр­гашева раҳбарлигидаги тикув цехида 20 дан ортиқ турдаги тайёр маҳ­су­лотлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда, унинг оила аъзоларидан ташқари яна уч нафар чевар меҳнат қилади, улар кол­леж би­ти­рувчиларидир.

— Ёзги таътил даврида ҳунар ўр­ганишга келадиган ёшларнинг сони 30-40 нафардан ҳам ошиб кетади, — дей­ди Ҳулкар опа. — Оиламиздагиларнинг ҳар бирини касб ўрганишга даъ­ват этгани­миз боис, бугун ўғил­ларим мебель жиҳозлари ясаш билан шу­ғулланади. Биз тайёрлаган маҳсулот­лар Россия, Қо­­зоғистон каби давлатлар аҳо­лиси­нинг хонадонларини ҳам безаб туриб­ди. Бизга шундай шароитни яра­тиб бер­гани учун давлатимиз раҳба­рия­тига, ҳукуматимизга чексиз ташак­кур бил­­дирамиз.

Танлов ҳайъатининг хулосасига кўра, Кармана тумани ҳунарманди Элёр Раҳ­матов, Навоий шаҳридаги "Ишонч ги­лам" МЧЖ раҳбари Шавкат Холназаров ҳамда Нурота тумани, "Азим ота" кўп тар­моқли фермер хўжалиги раҳбари Ил­ҳом Самиевлар кўрик ғолиблигини қўл­га киритишди ва "Ташаббус — 2017"нинг республика босқичида иш­ти­рок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Fо­либ ва совриндорларга диплом ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди ва ҳал қилувчи баҳсда ҳам омад ёр бўлишини тилаб, эзгу истаклар билдирилди.

Биз ҳам бу тилакларга қўшилган ҳолда ишбилармонларимизнинг вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонч билдирамиз.

Олим ЖАЛИЛОВ.

Сурат муаллифи Сирож АСЛОНОВ.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 5741