Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Жорий йилнинг 21 январида вилоят ҳокими билан вилоят телевидениеси орқали телемулоқот ўтказилиши тўғрисидаги маълумот эълон қилинди. Кармананинг қадимий бир гўшасида ўтаётган маросимда тўпланганлар пайтдан фойдаланиб, "Хоним" ариғини қайта тиклаш масаласини кўтариш бўйича савол билан чиқиш лозимлиги ҳақида фикр билдиришдию, мен шу муаммони ечишга ёрдам сўраб, мурожаат қилдим.

Изоҳ: "Хоним" ариғи асрлар бўйи оқиб ке­ла­ёт­ган азалий сув ўзани эди. Бу ариқдан Кар­ма­нанинг учдан бир қисми сув олиб, деҳ­қончилик қилар, аҳоли томорқаси су­ғо­ри­ларди. Ўтган асрнинг 60-йил­ларида Самарқанд ви­лоятининг қўшни туман­лари оралаб, сув ке­ладиган мазкур ариқ "Нар­пай" давлат хў­жалиги раҳбариятининг "ташаб­бу­си" билан йўқотилди. "Дам Сталин"дан янги ариқ тортилиб, "Хоним" ариғига "Дўр­­ман" ка­на­лидан сув тушириб бериладиган бўлди. Икки ка­налнинг қуввати бир канал зимма­сига юк­ланди-ю, оқар сув таъминотининг у ер, бу ерда танқислиги сезила бош­ланди. Шунга қарамай, ҳамма бундан кўз юмди. "Қасаба", "Хоним" ариқ­лари бетонлаш­ти­рилиб, сувнинг беҳуда сарф­ланиши олди олинди" деган ниқоб остида ишни "босди-бос­ди" қилиб юборишди.

Натижада туман раҳбарияти, қишлоқ ва сув хў­жалиги бў­лими раҳбарлари устма-уст ал­ма­шиб кетавергач, умуман ариқлар, оқар сув таъ­миноти ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди. Биргина Кармана шаҳрининг ўзида ўнлаб оқар сув ўтадиган ариқлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Кармана шаҳри ва шаҳар атрофидаги маҳалла­лар­га ичимлик сув қувурлари тор­тилгани боис, аҳоли энди томорқасини ҳам шу сувдан су­ғо­ра­диган бўлди. Қадимдан оқиб келган ариқлар янги ҳов­лилар ичида қолиб, аста-секин йўқликка юз тутди.

Кўча ва маҳаллалар кенгайиб боргани сари, ичимлик суви то­бора камайиб, ёз ойларида улар­­дан сув оқиши батамом тўхтаб қолди. Бу­гун­ги кунда аҳвол ўнлаб аҳоли пунктларига мах­сус идиш­ларда тракторлар билан ичимлик суви ташиб етказишгача етди.

Биз "Хоним" ариғи қайта тик­лан­са, ичимлик суви муам­мо­сига ҳам ечим топилар, деган фикр­­да эдик. Аммо "Кар­мана-Конимех" ир­ри­га­ция тизими бошқармаси масъул­лари­ни ма­саланинг туб моҳияти қизиқтир­мади. Томорқа ерларига озиқ-овқат экин­лари экиш, аҳолининг ўзини ўзи деҳқончи­лик маҳ­сулотлари билан таъмин­ла­шини йўлга қўйиш масаласида қилинган даъват­лари ҳам бир чек­када қолиб кетди. Бошқарма масъуллари қандай бўл­масин, ви­лоят ҳоки­м­лиги назоратидаги маса­ла­га тезроқ бел­ги­ланган муддатда хотима қўйиб, ўзини танқидлардан му­ҳофаза қилиши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Муаммони кўтариб чиқ­­қан киши — каминанинг кўзини боғлаб, оғзига пахта тиқиш ҳаракатлари осон кечди. "Хоним" ари­ғининг бир ча­қиримча жойи тозаланди. "Ама­ки, сизнинг томор­қан­гизга сув келишига ка­фолат бераман. Бошқаси билан ишингиз бўл­­масин. Фақат "муаммо ҳал бўлди" деб, бир варақ миннатдорчилик хати ёзиб берсангиз, бас", деб ту­риб олди. Гапига ишондим. Баҳор келиб, то­морқага поми­дор, бақлажон, булғор қалам­пири, ловия, аччиқ қалампир, ошқовоқ каби экинлар кўчатини ўтқаздик. Уруғ қададик. Нав­­бат суғоришга келганда, уларнинг афсуни иш бермай қолди. Ариққа сув келмади. Эски муаммони янгидан кўтариб, яна юқори таш­килотларга муро­жаат қи­лишга мажбур бўл­дик. Юқорида номи келтирилган ирри­гация ти­зими бош­қармаси ходимларидан 4-5 киши бир неча кун уриниб, Кармана ҳокимлиги ёнидаги "Ка­молот" уй­ларига ўтган янги йўлни бузиб, қу­вурни қайта очишди.

"Энди розидирсиз, яна бир энли хат ёзиб бе­­ринг, бизлар гапдан қутулайлик", деб туриб олишди сувчилар. Мамнун бўлиб, хат ёзиб бер­дик. Ота-боболаримизнинг "Сувни кўр­май ту­риб, кийимни ечма" деган мақолига яна амал қил­маган эканмиз. Сув келмай, қишлоқ аҳолиси ол­дида юзи­миз шу­вут бўлиб қолди. Алданган одамга алам қилар экан. Кўтарган муаммомизга келган жавобларнинг суви чиқиб кетди-ю, аммо ариққа сув келмади.

"Амаки, асабингизни асранг. Ер остидан сув тор­­тадиган на­сосча қўйиб олсангиз, сиз ҳам тинч, биз ҳам", дейишди сувчилар охири бе­зор бўлиб.

Икки-уч марта мурожаат қилиб, шунга яраша 2-3 марта миннатдорчилик мак­ту­бини битиб берган, сувни кўрмай ту­риб, кийимини ечган ва эл орасида шарманда бўлиб қол­ган киши­нинг гапи энди кимга ҳам ўтсин?! Айниқса, вилоят қиш­лоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Тўрақуловнинг ви­лоят ҳокими ўринбо­сари М. Сана­қу­ловга ва менга жорий йил 16 июн­да 03-03/729 ра­қамли сув­­ли жавоб ха­ти таъбимизни хира қилди:

"Навоий вилояти ҳо­ким­лигининг "Ишонч те­­лефони" орқали фу­қаро Рўзиев Раим то­мор­қа­си­ни суғориш учун январь ойидан бери сув йўқ­лиги, ушбу ма­салада ёрдам сў­­раб қилган муро­жаати тегишли мутахас­сис­лар билан жойида ўр­ганиб чиқилди ва қу­йидагилар маълум бўлди:

Фуқаро Рўзиев Раим хонадонида суғориш йўли ва фуқаро томорқасини сув билан таъмин­ловчи ариқда сув борлиги аниқ­ланди. Мурожаат муаллифига тушунтириш ишлари олиб борилди, томорқасидаги экин­ларни суғориш учун фуқа­ро­­лар билан ўзаро келишган ҳолда навбатма-нав­бат суғориш ишлари амалга ошириш за­рур­ли­ги тушунтириб ўтилди. Ҳамда ишчи гуруҳ то­мо­нидан далолатнома тузилди."

Жавоб хатини ўқиб, ўзин­­­­гиз хулосага кела­ве­ринг. Гўёки, аризачи ақли ноқису, унга тушунти­рил­ган. Ана холос! Муаммони ўрганган му­та­хас­сислар шунчалик ҳам "саводли"микан? Ахир, йўл остидан ўтган қувурнинг олд томонига диа­метри катта, давомига кичиги­ни қўйган ва ўрта­лиқда, йўл ос­тида кичик қувур тиқилиб қо­лиши му­қаррарлигини билмай­диган ирригаторни мутахассис деб тан оладиган кишилар бор­ми­кан? Муаммо ўрганилаётган пайтда мурожаат этган шахс нега чақирилмаган? Ер ости сизот суви билан деҳқончилик қи­либ бўлмаслигини, бу сув ер­ни қотириб, тупроқ струк­тура­сини бу­зиб юборишини бил­май­диган ирригаторни му­та­хассис деб бўлмаслигини би­лағон ўртоқларга тушун­ти­риб қўядиган мард наҳотки, вилоят­да топилмаса?!

Оддий фуқаро, меҳнат фахрийси, иккинчи гу­руҳ ноги­ронининг йил бошида қилган мурожаати йилнинг ярмидан ўтганида ҳам ижобий ҳал этил­маса, "Халқ билан мулоқот ва инсон ман­фаат­­лари йили" деб номланган йилимизнинг обрўси қаерда қолади?

Хулоса ва хотима шу: ариқда оқар сув танқис. Экилган ва энди ҳосилга кира бош­лаган экинлар қовжирамоқда. Бутун баҳорда қилинган меҳнат зое кетяпти. Вилоятда ёрдам қиладиган киши борми?!

Райим РЎЗИЕВ,

кекса журналист, истеъфодаги божхона хизмати катта лейтенанти.

Сурат муаллифи Жумамурот МИРЗАЕВ.

ТАҲРИРИЯТДАН: Фуқаро Р. Рўзиевнинг ушбу хати юза­си­дан мурожаат эгаси истиқомат қиладиган "Талқоқ" МФЙ­да бўл­ганимизда, аҳоли томорқаларидаги ҳақиқий аҳволни кўриб, муал­лифнинг куюнгани бекорга эмас экан, деган хулосага келдик. Мурожаатчи хонадонида ҳам, бошқа бир нечта ҳовлиларда ҳам экинларга сув йўқлиги сабаб поя, беда экиб қўйилган. Айни ҳосилга кириш чоғида помидор, ошқовоқ, бодринг ва бошқа экинлар сувсизликдан қов­жи­раб қолган.

Шу маҳаллада яшовчи Гулжаҳон Акрамованинг айтишича, бир неча йилдан буён аҳвол шу. "Ичим­лик суви ҳам ёзда тор­тилиб қолади. Кирларни крандан келадиган сувга ювиш­га мажбурмиз. Ичимлик суви­ни сотиб оляпмиз. Томорқа­лар­нику айтмасак ҳам бўлар", дейди Г. Акрамова.

 Эътиборимизни тортгани, маҳалла ҳудуди билан ёндош, марказий магистраль йўл ёқасида жой­лашган бир нечта давлат идоралари ҳовлиси ҳам сувсизликдан қақраб ту­риб­ди. Аммо бу ҳолат, англашимизча, ҳеч кимни ташвишга солаётгани йўқ.

Умид қиламизки, фуқаро Раим Рўзиевнинг сувсизлик муам­моси юзасидан шикоятлари ижобий якун топади. Бу бо­рада масъул ташкилот ходимларининг аниқ, муро­жаат­чига фойдали бўлган, му­ҳими, халқ манфаатини чини билан ҳи­моя қила оладиган жавобларини биз ҳам кутамиз.  

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 6591