Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Узоқ йиллар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатимизда ачинарли аҳволда қолиб, ҳатто яқин ўтмишимизда ҳам болалар ва гўдаклар ўлимининг юқорилиги, айнан ичимлик суви муаммосининг бевосита асорати эканлиги бугун барчага аён.  

 Янги тарихимизнинг дастлабки(1991-94 йиллар) уч йилида Республикамиз аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш кўрсаткичи 52 фоиздан 58, 9 фоизга оширилган бўлса-да сув тақчиллиги олис ҳудудларда муаммолигича қолиб келди. 

 Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш изчиллик билан давом эттирилиб, ҳар йилги дастурлар туфайли биргина Навоий вилоятида  аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 53,2 фоиздан 61,6 фоиз(Республикада 64,5) етказилди. Рақамларда ифодаласак, 2018 йил биргина “Обод қишлоқ” дастури доирасида Республика бюджети ҳисобидан  39,7 млрд.сўм маблағ йўналтирилиб, 205,5 км ичимлик сув тармоқлари, 4 та сув иншооти қурилди. Натижада 24 та аҳоли пунктида яшайдиган 65722 та аҳолини марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланди. 

Марказлашган ичимлик суви таъминоти учун 2018 йилда 2016 йилга нисбатан 5, 2017 йилга нисбатан эса 6 баробар кўп маблағ ажратилди. Натижада тармоқ қурилиши 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар, 2017 йилга нисбатан эса 3,5 баробарга оширилди. Шунингдек, 2016-2017 йилларга нисбатан 1,5 баробар кўп сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинди. Аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 2016 йилда 1,1 фоизга, 2017 йилда 1,4 фоизга ошган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 8,4 фоизни ташкил этмоқда.

- Жорий йилда вилоятимиз ичимлик сув таъминотида 268,6 км ичимлик сув ва оқава сув тармоқлари ва 9 та сув иншооти курилиши кўзда тутилган, - дейди вилоят “Сувоқава” Давлат унитар корхонаси директори Шахобиддин Шайматов. – Натижада 42081 кишининг марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 205,5 км ичимлик сув тармоғи ва 3 та сув иншооти қуриш ишлари амалга оширилиб, 32327 нафар аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти қаноатлантирилади. Пировард натижада эса 2019 йилда аҳолини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 61,6 фоиздан 65,1 фоизгача оширилиши режалаштирилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифида вилоятнинг Қизилтепа, Конимех, Томди ва Хатирчи туманларидаги тик қудуқларнинг ичимлик суви яроқсизлиги сабабли, сувнинг шўрлиги ва қаттиқлик даражасини пасайтириб, сувни чучуклаштириш қурилмасини (опреснитель) ўрнатиш вазифасини белгилаган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, Хатирчи туманидаги “Дўстлик” ва “Хидир ота-2” сув иншоотларига сувни чучуклаштириш қурилмаси ўрнатиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,8 млрд.сўм маблағ ажратилиб, айни кунларда ушбу қурилмаларни ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида вилоятнинг Учқудуқ ва Томди туманларидаги Керегетов, Суккети, Мингбулоқ ОФЙларида жойлашган бир қатор қудуқларда сувни чучуклаштириш қурилмасини (опреснитель) ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда Республикамиз Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айниқса, кенг имкониятлар тақдим этди. Шу асосда 2020-2022 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, 53 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Жумладан, 705 км. ичимлик сув тармоқларини янгидан қуриш ҳамда реконструкция қилиш, 16та сув минораси, 35та сув сақлаш иншооти, 13та тик қудуқ (скважина)ни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Сув ҳаёт манбаи, дейишади. Шу боис инсон олис сайёралардан ҳаёт изини ахтараркан, унда сув бор-йўқлигига қараб хулоса чиқаради. Курраи заминимизда эса сув кун сайин иқтисодий ва сиёсий босим қуролига айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу ўринда сувдан фойдаланиш маданиятимиз қандай, деган савол туғилиши табиий.

 

Юртимизда истеъмол сувининг арзонлиги кўп ҳолларда унинг беҳуда сарфланишига олиб келмоқда. Масалан, аксарият аҳоли сув тармоғи жўмрагини очиб қўйиб, соқол қиртишлайди ёхуд тишини ювиб бўлгунча сув очиқ туради. Ваҳоланки, савдо дўконларида бир литрли идишга қадоқланган сув ўртача 2- 2,5 минг сўмгача сотилади. Бир куб метр сув минг литрлигини ҳисобга олсак, унинг баҳоси қадоқланса 2 – 2,5 миллион сўмга тенг бўлади. Аҳолига қувурлар орқали етказиб берилаётган 1м3 тоза ичимлик суви эса 1150 сўм этиб белгиланган. Оқибатда айрим истемолчилар, яьни корхона, ташкилот ҳамда аҳоли ўртасида қувурларда етказиб берилаётган тоза ичимлик сувига нисбатан “сув текин” каби беписанд қараш, сувни қадрига етмаслик, ариқларга, томорқаларга, боғларга, кўп ҳолларда мақсадсиз оқизиб қўйиш ҳолатларининг гувоҳи бўлиш мумкин.  

 Шунинг баробарида ишлатилган сувнинг ҳақини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. 

 - Бугун мамлакатимизда истеъмолчиларимиз сув эмас, уни етказиб берилгани учунгина ҳақ тўлайдилар, - дейди Ш. Шайматов. – Яъни, 1 метр куб сув учун тўланаётган 1150 сўм бу корхонамизнинг эксплуатация пули. Сувни олиш, тозалаш, чучуклаштириш, зарарсизлантириш, корхонамизгача етказиб бериш ва бошқа харажатларни қўшсак, бу бир неча баравар ортиб кетади.  

“Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деб шуни айтишган. Бироқ сувдан оқилона фойдаланиш, уни кўз қорачиғидек, сақлаш даври аллақачон етди. Афсуски бугунги кунда сувни тежаш ва тозалигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўнгилдагидек эмас. Бутун инсоният ҳаёт-мамот масаласи бўлган сувни асрашга ҳар бир ҳудудда аҳоли онгига сингдирилмас экан сув етишмовчилиги ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Қолаверса, ота-боболаримиз суви кўпнинг ташвиши кўп, деб бежиз айтишмаган. Бу билан улар нафақат сувдан кўпроқ фойда олиш, балки ундан тежаб-тергаб фойдаланишни ҳам назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.                

Кўрилганлар сони: 3050