Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Навоий шаҳридаги "Ёшлар" спорт мажмуасида мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб, "Гимнастика барча учун!" номли гимнастрада бўйича анъанавий вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақа соғлом оилани шакллантириш, хотин-қизлар, болалар ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда 200 нафарга яқин турли ёшдаги ишти­рокчи қатнашди. Мусобақа 16 ёшгача бўлган­лар, 16-21 ёшлилар ва 45 ёшдан юқори ёш тоифаларида бўлиб, жамоалар олти йўна­лишда ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ҳар бир чиқиш давомида динамика, артис­тизм, хореография, гимнастика, оригиналлик ва гармония, ҳамоҳангликни ёрқин кўрсатиб беролган жамоалар мух­лислар олқишига сазовор бўлишди.

Мусобақада Навбаҳор жамоасининг "Гўзаллик ва соғлик", Хатирчи туманининг "Жўжалар" номли композициялари, конимехликларнинг эса замонавий рақс билан уйғунлашган ҳаракатлари барчада катта таассурот қолдирди. Навоий шаҳридаги 4-БЎСМнинг 16 ёшгача бўлган шуғулланувчиларидан иборат "Ёқимтойлар" жамоасининг ажойиб чиқиши эса ҳа­камларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди. Шунингдек, оригинал сюжетларни ўзида жамлаган зарафшонликлар ҳамда Навоий шаҳри аёллар жамоаси композицияларини томошабинлар гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

— Гимнастикага эътибор юқо­рилигини бугунги мусобақалардан  ҳам билиб олиш қийин эмас, — дейди 4-БЎСМнинг бадиий гим­настика бўйича мураббийи Дилбар Ўткирова. — Жамоамиздаги қизлар гимнастикага астойдил меҳр қўйишган. Машғулотларда фаол иштирок этишади. Яқинда улардан бири — 8 ёшли Моҳиситора Ҳусенова Польшада ўтказилган бадиий гимнастика бўйича халқаро турнирда 1-ўрин соҳибаси бўл­ди. Бу, ютуқларнинг бошланиши. Гимнастикачи қизларимиз ўз устида мунтазам ишлаб, бундан ҳам каттароқ муваффақиятларни қўлга киритишларига ишонаман.

— Қизларимизнинг спортга меҳри бўлакча, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулхумор Жўраева. — Зулфия номидаги давлат мукофоти сов­риндорлари Моҳинур Қаҳрамонова ҳамда Зария Қосимоваларнинг спортчи экани фикримизни тасдиқлайди. Шаҳримизда гимнастикага қизиқувчилар анчагина. Мазкур мусобақада ҳам жамоа йигит-қизлари доим муваффақиятли иштирок этиб, республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.   

Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни Навоий шаҳри 4-БЎСМ қизларидан иборат жамоа эгаллади. 2-ўринни Зарафшон вакиллари, 3-ўринни эса Навоий шаҳри аёллар жамоаси қўлга киритди. Шунингдек, бошқа жамоалар ҳам турли номинациялар билан тақдирланишди. Fолиб жамоаларга кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Зулфия БОБОЕВА.

Сурат муаллифи Жумамурот МИРЗАЕВ.

Кўрилганлар сони: 6876