Navoi.uz

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

…Баъзан мен қатори ёшларнинг гиёҳ­вандлик иллатига ёки турли қинғир йўлларга берилиб, ҳаёти изидан чиқиб кетганлигини кўраман. Ахир умр инсонга бир марта бериладиган имконият-ку. Уни бефойда ишларга совуришнинг нима кераги бор? Шундай ҳолларда ҳаётда танлаган йўлимнинг нечоғли тўғри ва истиқболли эканлигига амин бўламан. Ўз ўрнида, бундай нурли йўлга мени ота-онам ва энг аввало, камтарин устозларим бошлаганлигини эътироф этишим лозим...
Илк бор мактаб остонасига қадам қўйганимда мени очиқ чеҳра билан қарши олган биринчи ўқитувчим Мақсуда Очиловани тез-тез эслайман. У кишининг жажжи қўлларимдан тутиб, илк бор ёзишни ўргатганлари, ҳарф танитганлари ҳамон ёдимда. 9 йил Кармана туманидаги 15-умумтаълим мактабида таҳсил олган бўлсам, менга кўплаб ўқитувчилар билим беришган. Айниқса, устозларим Шуҳрат Зайнитдинов, Назира Абдуллаева, Лайло Нуроваларнинг ҳар бир дарсни қунт ва меҳр билан ўтганлари, кези келганда қаттиққўл бўлиб, кези келганда оддий ютуғимдан ҳам бир олам қувонганлари менга катта ҳаёт сабоғини берган экан. Уларнинг кўрсатган тўғри йўл-йўриқлари туфайли ўқувчилик кезларимдаёқ келажакда қайси касб эгаси бўлишимни билар эдим.
Мактабни тугаллаб, Кармана саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлганимда билим олишга энди жиддий қараш лозимлигини тушундим. Коллежда ҳаёт бутунлай бошқача. У ерда назарий билимлар билан амалиёт уйғунликда олиб борилади. Коллеждаги устозларим Олия Файзиева, Шавкат Абдураҳимовларнинг ёшларни ҳар томонлама малакали ва етук кадрлар қилиб тарбиялаш йўлида тинимсиз изланишлари самарасини мен каби тенгдошларим мисолида кўриш мумкин. Уларнинг меҳнатларини доимо қадрлайман. Юртимизда биз – ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар туфайли ҳали коллежни тугалламасимдан, “Навоий иссиқлик электр станцияси” ОАЖ билан уч томонлама шартнома асосида ўз иш ўрнимга эга бўлдим. Бундан мен жуда бахтиёр эдим. Чунки танлаган соҳам бўйича иш излаб, сарсон бўлишга энди ҳожат қолмаган эди.
Ва ниҳоят ўтган йилда Навоий ИЭСнинг 023-цехида электрослесар вазифасида иш бошладим. Шу кундан ҳаётда ўзимни яна бир поғона улғайгандек ҳис эта бошладим. Сабаби энди менинг ҳам оиламга, Ватанимга нафим тегаяпди.
Катта жамоада ишлашнинг ўзига яраша масъулияти бўлар экан. Менинг ишимда ҳар бир оддий детальга ҳам эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш, хатога йўл қўймаслик лозим. Аммо инженер Баҳодир Ҳасанов, Марина Мухиналарнинг ёрдами билан ҳаммасини аста-секин ўрганаяпман. Улар касбнинг ўзига хос сир-асрорлари, машаққатларини менга қунт билан ўргатмоқдалар. Баҳодир акага шогирд тушганимдан жуда қувонаман. Бугун шу нарсани аниқ тушуниб етдимки, ҳаётда нимага эришаётган бўлсам, барчасида менга ҳар дам йўлдош бўлган улуғ устозларимнинг тенгсиз ҳиссаси бор. 
“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деган экан Имом ал-Бухорий. Ҳа, камолотга етак­ловчи энг тўғри йўл илм олиш эканлигини ҳаётнинг ўзи ҳар лаҳзада исботламоқда. Бу йўлнинг чароғбонлари эса мўътабар муаллим, азиз мураббийлардир. Шу ўринда менга билим берган, мустақил ҳаёт сари дадил одимлашга ўргатган барча мураббий ва ўқитувчиларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уларни яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан чин қалбимдан табриклаб, шарафли меҳнатлари ҳар доим юксак қадр топишини, соғлик ва бахт-саодат ҳеч қачон тарк этмаслигини тилайман.

Миржалол ТУРДИЕВ, Навоий ИЭС ишчиси.

Кўрилганлар сони: 6657